Катта лотерея. Коронавирусга қарши биринчи вакцинани ким топади?

Таҳлил 13803
image

Коронавируснинг тарқалиши бутун дунёга одатий ҳисобланган турмуш тарзини ўзгартирди. Мутахассислар пандемия тарқалишининг қачон камайишини ва ҳатто қачон тугашини аниқ айта олмаяпти. Ягона умид коронавирусга қарши вакцина кашф этилиши бўлиб турибди.

Янгиликларга кўра, Американинг “Moderna” биотехнология фирмаси бу борада катта ютуқларга эришмоқда. АҚШ миллий соғлиқни сақлаш институти билан биргаликда у mRNA-1273 деб номланган вакцинанинг прототипини ишлаб чиқди. Вакцинанинг одамларда қўллаш бўйича синовлар Вашингтон штати, Сиетл шаҳридаги "Kaiser Permanente Washington Health Research" институтида бошланди. Бундан ташқари, AP (Associated press) нашрининг маълумотига кўра, "Inovio Pharmaceuticals" компанияси ҳозирда янги вирусга қарши ўз дори воситасини ишлаб чиқмоқда. Унинг синов жараёни апрель ойида АҚШ, Хитой ва Жанубий Кореяда бошланиши кутилмоқда.

Вакцина учун кураш

Юқорида америкалик экспертларнинг муваффақиятга эришаётгани ҳақида айтиб ўтдик. Лекин ушбу ютуқларига қарамай, "Die Welt" нашрининг ёзишича, шу ҳафта бошида АҚШ Президенти Дональд Трамп маъмурияти Германиянинг “CureVac” компаниясига вакцина синовлари жараёнини сотиб олиш мақсадида катта пул таклиф қилди.

Ўтган ҳафта “CureVac” бош директори Даниэл Меникелла бошқа фармацевтика компаниялари раҳбарлари билан Оқ уйда бўлиб қайтди. Учрашув иштирокчилари Трамп ва вице-президент Майкл Пенс билан коронавирус вакцинасини муҳокама қилишди. Компаниянинг таъкидлашича, Меникелла АҚШ расмийларига экспериментал дорилар ёзнинг бошида тайёр бўлишини айтди.

“Die Welt”га кўра, расмий Вашингтон “CureVac”ни ўз тадқиқотларини АҚШга ўтказишга ва вакцинани фақатгина АҚШда ишлаб чиқишга ундаган. Америка расмийларининг компанияни ўзига оғдиришга урингани ҳақидаги маълумот Германия Соғлиқни сақлаш вазирлигида тасдиқланди.

Бу янгилик немис сиёсатчиларининг ғазабини қўзғатди, улар расмий Берлиндан АҚШ режаларига халақит бериш учун барча имкониятларни ишга солишни талаб қилдилар. Ўз навбатида Американинг Германиядаги элчиси Ричард Гренелл Twitter`да “Die Welt” мақоласи “нотўғри” эканлигини ёзди АҚШнинг яна бир расмий вакили AFP (Agence France-Presse) нашрига, маълумот “жуда бўртириб юборилганлигини” айтди. “CureVac” компаниясининг ўзи ҳам уларни “сотиб олиш” ҳақидаги ҳар қандай “миш-мишларни” рад этди.

“Барча ҳаракатлар бутун дунё бўйлаб одамлар ва беморларга ёрдам бериш ва ҳимоя қилиш учун коронавирусга қарши вакцинани ишлаб чиқишга қаратилган”, дейилади компания баёнотида. Кейинчалик Европа Комиссияси “CureVac” фаолиятини молиялаштиришни маълум қилди.

Дунё бўйлаб ҳаракатлар

Хитойлик мутахассислар вируснинг генетик кодини аниқлашга муваффақ бўлгандан сўнг, дунё мамлакатлари вакцина устида ишлай бошлади. Европа Иттифоқи, АҚШ, Австралия, Исроил, Хитой, Япония ва Россиядан келган тадқиқотчилар COVID-19 га қарши кураш усулларини топишга ҳаракат қилмоқдалар. 35 тага яқин компания ва илмий-тадқиқот муассасалари дори-дармонларни яратиш устида ишламоқда. Улардан тўрттаси аллақачон ҳайвонларда синовлар ўтказишди. Яқинда Хитойда клиник синовларга рухсат берилди. Аввалроқ бу мамлакатда янги турдаги коронавирус учун саккизта вакцина ишлаб чиқарилгани ва уларнинг баъзилари трансген сичқонлар ва макакаларда муваффақиятли синовдан ўтганлиги ҳақида хабар берилди.

Вакцинани яратиш ўзи мураккаб ва секин жараён. Вакцинани яратиш бир хил тарзда амалга оширилади. Биринчи навбатда, олимлар вирусга ўхшаш патоген (микроорганизм) яратишга ҳаракат қиладилар. Улар яратган патоген коронавирусга жуда ўхшаш, лекин организмга хавфсизроқ бўлади. Кейин у эмлаш орқали одам иммунитетига таъсир қилади. Нормал ҳолда, организм патогенни эслаб қолади. Шундан сўнг, вирус инсон организмига тушса, иммунитет инфекциянинг тарқалиши бошлангунча унга қарши реакцияни бошлайди.

Бироқ, баъзи мутахассислар вакцинани тезда қўллаш бу мувозанатни бузиш хавфини келтириб чиқаришидан хавотирда. Уларнинг фикрича, бу касалликнинг кучайишига олиб келади. “Reuters” хабарига кўра, тадқиқотлар шуни кўрсатдики, коронавирусга қарши дорилар “инфекциянинг антижисмга боғлиқ синдроми” деб аталадиган хавфни туғдиради. Бу эса, агар эмлашдан кейин касаллик “чекинмаса”, унинг янада кучайиш жараёнига ишора қилади.

Вирусга қарши вакцина ҳақида гапиришга ҳали жуда эрта эканлиги айтилмоқда. Вирус бир неча ой ичида пайдо бўлиши ва йўқ бўлиб кетиши, шунингдек, тезда ўзгариши – мутацияга учраши мумкин. Шунинг учун, турли мамлакатларнинг бир вақтнинг ўзида вакцинани топишга уринишларини кузатиб туриб, бу жараённи пойгага эмас, балки лотереяга қиёслаш тўғри бўлади. Ҳар бир жамоанинг ўзига хос чиптаси бор ва уларнинг ғалаба қозониши нафақат тезлик ёки маҳоратга, балки вазиятнинг муваффақиятли комбинациясига боғлиқ.

Вакцинани ишлаб чиқиш тадбиркорлик нуқтаи назаридан хавфли бизнесдир. Охир-оқибат, вакцина ишлаб чиқарувчиларнинг фақат бир нечтаси клиник синовларгача етиб бориши мумкин.

Вакцина қачон пайдо бўлади?

Агар вакцина ҳозирда пайдо бўлса ҳам, у оддий истеъмолчиларга тақдим этилишидан олдин камида 1-1,5 йил синовдан ўтади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) вакцина яратиш учун камида 18 ой талаб қилишини айтиб ўтди. Вакцина самарали деб топилсагина, оммавий ишлаб чиқариш керак бўлади.

Эпидемик профилактика учун инновациялар бўйича глобал коалиция, СEPI (Coalition for Epidemic Preparedness Innovations - Эпидемияга тайёргарлик инновациялари бўйича коалиция) вакцина ишлаб чиқарувчи компанияларни қўллаб-қувватламоқчи. Ушбу халқаро ташкилот вакциналарни ривожлантиришга маблағ сарфлашга ва бир вақтнинг ўзида ишлаб чиқаришни молиялаштиришга тайёр. Яқинда у вирусга қарши вакцина ишлаб чиқаришга қаратилган саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш учун 2 миллиард доллар кераклигини айтди. СEPI ижрочи директори Ричард Хетчетнинг сўзларига кўра, вакциналарни ишлаб чиқиш дастури пулсиз амалга ошириб бўлмайди.

Бироқ, вакцина ишлаб чиқаришга бўлган тўсиқлар шу ерда тугамайди. Бошқа бир муаммо бу – вакцинани барча муҳтожларга етказишдир. Қоидага кўра, пандемия, биринчи навбатда энг камбағал мамлакатларга таъсир қилади. Сабаб – самарали соғлиқни сақлаш тизимларини шакллантириш учун уларда пул йўқ. Бу, шунингдек, вакциналарни сотиб олиш имкониятларига таъсир қилади. Масалан, 2009 йилда чўчқа гриппи пандемияси (H1N1) даврида, энг бой мамлакатлар асосий дори-дармонларни сотиб олиб, камбағал давлатларни ушбу воситалардан маҳрум қилишди.

Бошқа вариант ҳам бор. Масалан, ривожланаётган мамлакатлар учун асосий вакциналарни етказиб берувчиси бўлган Ҳиндистон, ишлаб чиқариш воситаларини биринчи навбатда 1,3 миллиард аҳолисини ҳимоя қилиш учун ишлатишга қарор қилади ва шундан кейингина дори-дармонларни экспорт қилади. Ушбу сценарий АҚШ расмийларининг вакцинани биринчи бўлиб ҳар қандай йўл билан бўлса ҳам сотиб олиш истагини тўлиқ очиб беради. Чунки 1,3 миллиард аҳолини эмлашни кутиш жуда катта вақтни талаб қилади.

Шу маънода, ЖССТ ҳукуматлар, хайрия жамғармалар ва вакцина ишлаб чиқарувчиларни глобал тарқатиш бўйича адолатли стратегияни келишиб олиш учун бирлаштириши мумкин. Аммо пандемия бошқа мавзу ва бу ҳолатда ҳеч қандай мамлакат бирон бир халқаро талабларга риоя қилишга ўзини мажбур деб ҳисобламайди.

Кўриб турганингиздек, вакцина яқин вақт ичида яратилмайди. Аммо вакцина пайдо бўлишидан олдин касалликни иложи борича жиловлаб туриш керак. Шунинг учун, олимлар лабораторияларда ишлаётганда, қолганлар уйда қолиб, қўлларини янада кўп марта ювиши яхшироқдир.

Бизнинг таҳририят ҳам коронавирусга қарши вакцина ишлаб чиқарилгунга қадар айнан шу маслаҳатни беради: Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг, #UydaHayotBor

Нуруллоҳ Шарипов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 242
Рейтинг: 3
t
×