Келишилган ўйинлар, жиноий жавобгарлик ва наманганликларнинг эътирози ҳақида Равшан Эрматов билан суҳбат 

Интервью 20366
image

Келишилган ўйинлар, жиноий жавобгарлик ва наманганликларнинг эътирози ҳақида Равшан Эрматов билан суҳбат 

Жорий йилнинг 27 февраль куни Ўзбекистон суперлигасига старт берилди. Бу йилги чемпионатни Тошкентнинг “Пахтакор” ва Наманганнинг “Навбаҳор” жамоалари ўртасидаги учрашув бошлаб берди.

Турнинг марказий учрашуви бўлган “Пахтакор” - “Навбаҳор” (2:1) учрашувидан сўнг, “Навбаҳор” жамоаси мухлислари ўйинни бошқариб борган Илгиз Танташевдан норози эканликларини ижтимоий тармоқларда маълум қилишди. Бундан ташқари улар ЎФА ва ЎзПФЛ манзили томон мурожаатлар йўллашди. Ушбу ҳолат юзасидан QALAMPIR.UZ ФИФА рефериси ва ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов билан суҳбатлашди.

— Суперлига 1-туридан ўрин олган “Пахтакор” – “Навбаҳор” учрашуви кўплаб баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Наманганлик футбол мухлислари ижтимоий тармоқларда норозилик билдирди. Бунга қандай муносабатдасиз?

— Дунё футболида мухлислар ўзларининг севимли жамоаларини қўллаб-қувватлашади. Улар ҳар доим ўз жамоаси тарафини олади. Лекин, мутахассис ҳар қандай шароитда совуққонлик билан, эҳтиросга берилмасдан, холис фикрлаши керак. Кеча ЎФА мажлислар залида ҳакамлар учун семинар бўлиб ўтди. Унда ОАВ вакиллари ҳам иштирок этишди. Биз бундай йиғилишларни ёпиқ эшиклар ортида ўтказмаймиз. Энди ҳаммаси очиқчасига бўлади. Суперлиганинг ҳар бир туридан сўнг тахлилий ёндашиб, ўйинларда йўл қўйилган хатоларни таҳлил қилиб, кейинги тур учрашувларида мана шундай хатолар қайтарилмаслиги учун очиқ мулоқот қиляпмиз. 

Бундай йиғилишлар авваллари бўлмасди. Бўлган бўлса ҳам ёпиқ эшиклар ортида ўтарди. Авваллари ОАВ вакиллари ҳакамлар йиғилишига яқинлаштирилмаган. Ҳозир вазият умуман бошқача. Бизнинг ҳеч кимдан беркитадиган нарсамиз йўқ. Аввалам бор ОАВ вакилларига миннатдорлик билдираман. Сабаби, бундай йиғилишларга қизиқиш катта эканлигини ўз кўзим билан кўриб турибман ва ОАВ вакилларининг футбол қонун-қоидаларини билишга бўлган қизиқиши борлигидан ҳурсандман. 

Олдин ҳакамлар хато қилса ҳам тан олинмаган ёки йўл қўйилган хатоларга кўз юмилган. Энди ундай эмас. Ким хато қилган бўлса, очиқ-ойдин тан олиняпти. Хато-камчиликларни тўғрилаш учун ҳаракат қиляпмиз. ФИФА инструктори ҳакамларнинг йўл қўйган хатоларини кўрсатиб бермоқда. Бундай таҳлилий ёндашиш яқин келажакда ҳакамларнинг савияси ошиб боришига туртки беради.

Биз йиллар мобайнида ҳакамларнинг савиясини ва билимини ошириш учун жиддий эътибор қаратмадик. Энди эса, бу йўналишга жиддий қараймиз ва яқин орада ҳакамлар мактабини очамиз. Англия, Италия, Испания чемпионатларига ўхшаб бизда ҳам VAR (video assistant referee) тизими бўлишини истардик. Айни дамда ушбу тизимни йўлга қўйиш ҳаракатидамиз. Бунинг учун стадиондаги барча нарса талабга жавоб бериши керак. Тўғри, бизда бу борада кўплаб камчиликлар бор. Уларни бартараф этишга ҳаракат қиляпмиз. Иккинчи даврага қадар VAR тизимини офлайн режимида жорий қилишга ҳаракат қиламиз. Чунки, ФИФАнинг ўз талаблари бор. VAR тизимида ишлайдиган ёрдамчи ҳакамларнинг мажбурий ўқиш жараёни бор. Бунинг барчасига вақт керак. Ўйлайманки, 6 ой ичида биз ушбу тизимга тайёр бўламиз.  

— Айтиб ўтганингиздек, иккинчи даврадан VAR тизими офлайн режимда ишлайди. VAR тизими онлайн режимда қачондан ишлайди?

— Келаси мавсумдан VAR тизими онлайн режимда ишлайди. Бунинг учун бизда имконият бўлади. Бунинг учун бизга ФИФАнинг рухсати керак. Фифадан мутахассис Ўзбекистонга келиб, бу ердаги барча стадионлар талабга жавоб беришини маълум қилганидан сўнг, ушбу тизимдан онлайн тарзда фойдаланишга рухсат берилади.  

— Яна ўша саволга қайтаман: “Пахтакор” – “Навбаҳор” учрашувидан сўнг, наманганлик футбол мухлислари ижтимоий тармоқларда ўйинни бошқариб борган Илгиз Танташевдан норози эканликларини ва бу вазият учун ЎФА шаффофлик билан иш кўришини маълум қилган. Уларнинг мурожаатлари ўрганиб чиқилдими?

— Биз ҳар бир мурожаатни ўрганиб чиқдик. Мухлисларнинг ҳар бир мурожаатини ҳурмат қиламиз. Нима бўлганда ҳам эҳтирос билан эмас, балки таҳлил билан ёндашишимизни ФИФА ҳам ОФК ҳам талаб қилади. Агарда биз ҳам эҳтиросга бериладиган бўлсак, хато кетидан хато қилиб қўйишимиз мумкин. Шунинг учун ҳам бундай мурожаатларга кеча бўлиб ўтган семинарлардан жавоб олиш мумкин. ЎФАнинг ҳеч кимдан беркитадиган жойи йўқ. 

— Шу йилнинг 27 февраль куни “Пахтакор” – “Навбаҳор” ўртасидаги учрашувдан сўнг, ижтимоий тармоқларда наманганлик мухлислар сизнинг қўл телефонингизга қўнғироқ қилишганини, сиз эса қўнғироқларга жавоб бермай, уларнинг рақамларини қора рўйхатга қўшиб қўйганингизни таъкидлашган видеоси тарқалди. Чиндан ҳам улар сизга қўнғироқ қилишдими?

— Сўнги пайтларда қўл телефонимдан фойдаланишга вақтим бўлмаяпти. Шу кунларда иш билан жуда бандман. Қўнғироқларга жавоб беришга доим ҳам вақт бўлавермайди. Кеча бир гуруҳ наманганлик футбол мухлисларини қабул қилдик. Улар билан 1 соатдан ошиқ вақт мобайнида суҳбатлашдик. Эшигимиз барча учун очиқ. Кимнинг қандай саволи бўлса, марҳамат, келиб ўзини қизиқтирган саволига жавоб олиб кетиши мумкин. 

Футболда ҳамма нарса бўлиши мумкин. Ҳамма хато қилади. Вазиятни тўғри баҳолай олмасдан, учрашувни бошқариб бораётган ҳакам адашиб хато қилиши мумкин. Иш бор жойда – камчилик бўлади. Ҳеч ким хато қилишдан кафолатланмаган. Футбол хатолар ўйини. Энг муҳими ҳеч ким атайлаб хато қилмаслиги керак. 

Душанбе мэри Рустам Имомали билан

— Мухлисларни стадионга қайтариш борасида қандай чоралар кўрилмоқда?

— Мухлисларни стадионга қайтариш учун клубларга халқаро стандардлардан келиб чиқиб, уларга турли хил талабларни қўйяпмиз. Стадионда барча қулайликлар яратилиб, футбол учрашувлари чиройли бўлса, мухлислар стадионга ташриф буюришади. Кимдир оиласи, яна кимдир рафиқаси билан стадионга келади. Мухлисларни футбол учрашувларига жалб қилиш учун аввал уларга стадионларда шароит қилиб бериш керак. Мухлисларнинг эҳтиёжини қондирадиган бундай талаблар бир кунда бўлиб қолмайди. Шунча йилдан бери қўйилган талаблар амалга ошмади. 30 йилда амалга ошмаган талаб 4-5 ойда қанақа қилиб амалга ошиши мумкин? Биринчи навбатда футболнинг сифати юқори бўлиши керак. Шундагина мухлислар стадионга оқиб келишади. 

— Келишилган ўйинлар-чи? Улар билан қандай курашяпсиз? 

— Келишилган ўйинларга қарши махсус инспекция ва тегишли орган ходимлари билан иш олиб борилмоқда. Агар кимдир келишилган ўйинларда иштирок этаётган бўлса ёки бундай ишларни ташкил қилса, буни тезлик билан аниқлашади ва умрбод футболдан четлатилади. Футболда фаолият юритаман деса, шаффофлик билан, адолат билан ва албатта, ҳалоллик билан ёндашиш керак. Ҳеч қачон ғурурни сотиб олиб бўлмайди. Агарда футболни ичидаги барча футболчилар, мутахассислар, ҳакамлар ва мураббийлар виждонан иш қилса, футболимиз фақат ўсишга эришади. 

— Келишилган ўйинларга қарши махсус инспекция ишлаётганини таъкидлаб ўтдингиз. Улар кимлар?

— Бу ёпиқ маълумот. Ушбу инспекцияда кимлар иш олиб бораётганини айта олмаймиз. Барча клублар ва футболда фаолият олиб бораётган мутахассислар келишилган ўйинларга қарши декларацияга қўл қўйишди. Келишилган ўйинларда иштирок этган шахсларни жиноий жавобгарликка тортиш борасида таклиф бердик. Ўзини, оиласини шаънини ўйламаса ҳам қонундан қўрқсин. Бу қилишимиз керак бўлган асосий ишларимиздан бири. Ишимиз жуда ҳам кўп. Ҳалоллик бўлмаса, футбол ривожланмайди. 

МОҚ собиқ президенти Умид Аҳмаджонов билан

— Келишилган ўйинларга қарши курашиш инспекциясида клублар мураббийлари ҳам борми?

— Албатта, мураббийлар ва мутахассислар бор. Улар орасида гуруҳ тузилган. Юқорида таъкидлаганимдек, барчамиз бир бўлиб бундай иллатга қарши кураш олиб боряпмиз. 

Маълумот ўрнида, Равшан Эрматов 3 та жаҳон чемпионатида иштирок этган ва жами 11 та ўйинда ҳакамлик қилган. У турли халқаро мусобақаларда 300 дан ортиқ ўйинларни бошқарган. Эрматов 2008 йилдан 2011 йилга қадар Осиёнинг энг яхши ҳаками номига сазовор бўлган.

Жаҳонгир Сотволдиев

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 510
Рейтинг: 2.9
t
×