Пекиндан ҳадиксираётган Ғарб ва Шарқ давлатларининг қўли Хитой технологияларига етди

Таҳлил 12034
image

COVID-19 пандемияси авжига чиққан сари дунёнинг турли чеккаларида сиёсий ҳароратларни ҳам ошириб эски муросасиз адоватларни ҳам қўзғаб юбораётгандек. Хитойнинг ҳар қандай соҳадаги қудратига муқаддам муайян ҳадик ва хавотир билан қараб келган давлатлар томонидан унинг ахборот технологияларига қарши янада босиқроқ пешвоз қадамлар қўйилмоқда.

АҚШ

АҚШ йил бошидан бери тожсимон вируснинг тарқалишида расмий Пекинни масъулиятсизлик билан иш тутганликда айблаб келади. АҚШ ТiкТок`ни блоклаш тўғрисида ҳам Оқ уй соҳиби Дональд Трамп, ҳам давлат котиби Майк Помпео баёнот берди. Уларнинг фикрига кўра, TikTok маълумотларни “хитойлик коммунистларга” етказиб туради. 2019 йилнинг ноябрида АҚШ маъмурияти ТiкТок`нинг қароргоҳи Пекинда жойлашган ByteDance Technology Ltd. компанияси томонидан 2 йил муқаддам Американинг Musical.ly номли ижтимоий тармоқ иловасини 1 миллиард АҚШ долларига сотиб олган иши бўйича миллий хавфсизлик сўровини бошлаган эди.

Қўшма Штатларда таомил бўйича мамлакатга сармоя киритувчи ҳар бир чет эл компанияси АҚШ хорижий сармоя қўмитаси (CFIUS)нинг расмий изнини олиши лозим. Аммо ByteDance қўмитани четлаб ўтиб ушбу келишувга эришган. Қўмитани ўйга чўмдириб, аниқ идоралараро муросавий тўхтамга келтирмаётган уч жиҳат мавжуд. Булар:

•    зикр этилган видео алмашув платформаси фойдаланувчиси тўғрисидаги шахсга оид маълумотлар базасининг чет эл фирмасида тўпланиши ва ундан қай мақсадларда ишлатилиши;
•    америкаликлар томонидан томоша қилинаётган ёки юклатилган контент Хитой цензурасига дучор бўлиш-бўлмаслиги;
•    шунчаки оддий кўринган мобил ўйинчоқдан келгусидаги сиёсий таъсир ўтказиш кампанияларда фойдаланиш масалаларидир.

2020 йил июнь ойига келиб АҚШ хорижий сармоя қўмитасининг ўтган йили билдирган ташвишлари ўз тасдиғини топди. TikTok фойдаланувчилари Трамп сайловолди кампаниясининг Оклахома штати Талса шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган тадбирга кутилган 1 млн кишидан атиги 19 минг нафар киши келган. Бунга сабаб оммалашиб кетган “макарена” қўшиғи садоси остида рақсга тушаётган аксарияти америкалик ўсмирлар ролигида сохта фойдаланувчилар тадбирни бузиш учун ўз иштирокини тасдиқлаб, чипталарни брон қилганлар, лекин ўзлари ҳозир бўлмаганлар. TikTokнинг АҚШда 26,5 млн фаол фойдаланувчилари бўлиб, уларнинг 60 фоизи 16-24 ёшдаги ўсмир-ёшлардир.

Бундан аввалроқ 2018 йил май ойида Пентагон мамлакат ташқариси ва ичкарисидаги барча ҳарбий базалардаги шахсий таркиб тўғрисидаги ахборотлар сизиб чиқиб кетмаслигини олдини олиш мақсадида Хитойнинг Huawei ва ZTE мобил ускуналари харидига таъқиқ қўйганди. Сал ўтиб 2019 йил декабрдан бошлаб Пентагон ўз ҳарбийлари, шу жумладан ҳарбий денгиз кучларига алоқадор барча аскар ва зобитлардан ҳукумат оргтехникасида TikTok’дан фойдаланишни қатъий таъқиқлаб, мободо ўрнатилган тақдирда зудлик билан ўчириб ташлашни буюрганди.

Америка Қўшма Штатларининг расмий Пекинга эътирозлари бугун ё кеча туғилмаган. Аллақачон Барака Обама маъмурияти даврида 2012 йил октябрдаги АҚШ Конгресси Вакиллар палатасининг разведка қўмитаси чиқарган 60 бетлик ҳисоботда Huawei`нинг Хитой ҳукумати ёхуд коммунистик партияси билан муносабати, корпоратив тузилиши, қарор қабул қилиш жараёнининг нақадар ҳеч кимга тобе эмаслиги, ҳарбийлар билан эҳтимолий алоқаси, АҚШдаги мавжуд юридик мақомдаги субъектларнинг интеллектуал мулк ҳуқуқларига нисбатан менсимаслик намуналарига эга бўлгани, Ғарб консультатив фирмалари билан эришган муваффақияти Хитой ҳукумати мададисиз бўлгани, Эрондаги амалиётлари ва Эрон ҳукумати билан амалга оширган бизнеси АҚШ ва халқаро санкциялари талабларига мутаносиб келиши тўғрисидаги тушунтиришларини ишончга яроқсиз деб топган. Хуллас, АҚШ қонунлариги риоя этмаслик ва тўлиқ ҳамкорлик қилмаётгани билан боғлиқ хавотирларни санаб ўтиб, ҳисобот сўнггида хорижий давлат таъсиридан ҳоли бўлмагани боис Huawei ва ZTE компанияларига ишониб бўлмаслиги, Хитой телекоммуникация саноатининг мамлакатдаги ҳар қандай турдош компанияни харид қилиши ё ўзига қўшиб юбориш масаласи доим CFIUS нигоҳида бўлиши лозимлиги, АҚШ ва унинг иттифоқдошлари тизимларига хавфсизлик нуқтаи назардан таҳдид солиши маълум қилинган.

Буюк Британия

14 июнь куни Буюк Британия ҳукумати ўзининг Миллий киберхавфсизлик маркази чоп этган тавсияларига кўра, қанчалик қимматга тушиб ё ижро муддати пайсалга солинмасин, Huawei ва ZTE компанияларини мамлакатнинг стратегик муҳим объектлари фаолиятига йўлатмаслик, уларнинг ускуналарини 2021 йил бошидан харид қилмаслик, то 2027 йилга қадар эса Британия барча 5G тармоғидан узиб, ундан тамомила воз кечиш бўйича давлат ва хусусий соҳа ташкилот ва вакилларига кўрсатма бериб, қонуний чораларни эслатди.

“Телекомуникация тармоқларимизнинг хавфсизлиги ва бардошлилик даражаси биз учун ниҳоятда муҳим аҳамият касб этади. Биз иқтисодий фаровонликка эришамиз, деб хавфсизлигимизни таҳлика остига қўймаганмиз ва келгусида қўймаймиз ҳам. Қўшма Штатлар Huawei’га нисбатан қўшимча санкцияларни жорий этгани бор гап. Фактлар ўзгарар экан, бизнинг ёндашувимиз ҳам ўзгарди”, деган британиялик расмий.

Афтидан мазкур воқеалар Хитойнинг Гонконгда хавфсизлик чораларини оширганига жавоб сифатида содир бўлмоқда. Ҳатто шу йил апрелда Буюк Британиянинг Генри Жексон жамияти “коронавирус бўйича маълумотларни яширган” Хитойдан 3,2 триллион фунт стерлинг товон пулини тўлаши лозимлигини ёқлаб чиққанди. Таҳликалар ошар экан, куни кеча “New York Times” газетасининг Гонконгдаги Осиё бюроси Жанубий Корея пойтахти Сеулга кўчиб ўтишини маълум қилди. Бунга жавобан Huawei’нинг Буюк Британиядаги вакили “афсуски, бизнинг Буюк Британиядаги истиқболимизга сиёсий тус берилди, аслида бу АҚШ савдо сиёсати, асло хавфсизлик эмас”, деб баёнот берган.

Ҳиндистон

Яқинда Ҳиндистон ҳам TikTok билан биргаликда Хитойнинг яна 58 та мобил иловаларидан юклаб олиш ва фойдаланишни ман қилди. Ҳиндистон Ахборот технологиялари вазирлиги 29 июндан бошлаб ўз виртуал ҳудудида нафақат TikTok, балки Likee, SHAREIt, WeChat, Weibo каби ўнлаб Хитой мобил иловаларини таъқиқлашини маълум қилган. Чоп этилган расмий баёнотда Хитой сўзини бирон маротаба тилга олмай, аммо келиб чиқиши Хитойга бориб тақалувчи 59 та мобил илова “Ҳиндистоннинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлиги, мудофааси, давлат ва жамоат хавфсизлигига нисбатан ғаним даражасидаги зиён келтирувчи” экани билдирилган. Ушбу чекловлардан сал аввалроқ май ойида Хитой-Ҳиндистон давлат чегарасида можаро бўлиб ўтиб, бу ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари орасида кўплаб даҳанаки жангларга сабаб бўлгани кузатилган.

Ишга туширилганига атиги 4 йил бўлган TikTok GooglePlay ва AppStore орқали 2 миллиард маротаба юклаб олинган оммабоп мобил илова ҳисобланиб, уларнинг 30 фоизи Ҳиндистон фойдаланувчиларига тўғри келади. Хитой Ҳиндистонда кўп миллиардлик инвестициявий лойиҳаларга қўл урган, аммо ушбу истиқболли режалар расмий Деҳлининг Пекинга нисбатан кескин чораларни кўришга тўсқинлик қилмаган. Маълумотларга кўра, Деҳли тақиқидан сўнг TikTok ҳозирда кунига ярим миллион долларгача даромаддан мосуво қолмоқда.

Австралия

Халқаро воқеаларни диққат билан кузатиб борувчи Австралия қонун чиқарувчи вакиллари мамлакатда TikTok’ни блоклаш бўйича таклиф ва мулоҳазаларни ҳозирда ўрганмоқдалар.

TikTok

2020 йилнинг биринчи чорагида ByteDance компаниясига 5,6 миллиард доллар фойда келтирган TikTok жаҳон ёшларининг ижтимоий-сиёсий, эркин сўз майдонига айланиб бормоқда. Юқоридаги айбловларга жавобан TikTok’нинг Деҳли ва Калифорниядаги бўлимлари платформа серверлари Хитойдан ташқарида жойлашгани ҳамда у ўз фаолиятида шахсга дохил маълумотларни сақлашда мезбон ҳукуматлар чиқарган қонун-қоидалар доирасида риоя этишини билдириб, раддия билан чиқди. Мобил илованинг ўзининг зарари йўқ, аммо бошқа ижтимоий тармоқлар каби ундан вояга етмаганларнинг фойдаланиши, интернет тобеликни шаклланиш эҳтимоли юқорилиги, троллар туфайли руҳий зўриқиш, бетамиз ва жамоат тартибига зид роликларнинг урчиши каби салбий томонлари йўқ эмас.

Шунингдек, TikTok ўзининг 2019 йилнинг иккинчи ярим йиллик ҳисоботида Ҳиндистон, АҚШ, Буюк Британия, Россия, Туркия каби ўнлаб давлатларнинг талабига биноан ўз платформасидаги хавфли шахс ва ташкилотлар, ноқонуний фаолият ва санкция қўйилган маҳсулотларни сотиш, зўравонлик, суиқасд, адоват нутқлари, бетамизлик ва плагиатга оид 49 млн видеороликни ўчириб ташлаганини маълум қилган. Цивилизацион дунёнинг шаффоф ғалвирдан ўтказиш чиғириқларига дош бериш мақсадида ҳозирда TikTok ўз қароргоҳини Хитойдан бошқа давлатга кўчириш имкониятларини ҳам ўрганмоқда.

Ўзбекистон

Ўзбекистонда ҳозирда бешинчи авлод тармоғи, деб номланувчи интернет технологияси 5G мавжуд эмас, абонентларнинг 41 фоизи 2G, 46 фоизи 3G ва атиги 13 фоизи 4G мобил технологияларидан фойдаланади. Spot.uz тадқиқотига кўра, июль ойида TikTok Ўзбекистонда юклаб олиниши бўйича Zoom, Telegram, Instagram ва Imo’ни орттда қолдириб, оммабоплиги бўйича биринчи ўринга чиққан.

5G

5G технологияси гўё COVID-19 касалланишини келтириб чиқариши тўғрисидаги фитна назариялари шу қадар урчиб кетди ва унга маҳаллий ҳамда минтақа “мутахассислари” шу қадар киришиб шарҳлар беришни бошлашдики, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ўзининг сохта хабарларга жавоблар рукнидаи коронавирус радио тўлқин ва мобил тармоқларда учиб юрмаслиги ҳамда Covid 5G мавжуд бўлмаган мамлакатларда ҳам тарқалаётгани ҳақида мулоҳазаларини билдирган. Халқаро телекоммуникация уюшмаси бу масала бўйича ўзаро илмий асос ва боғлиқлик йўқ, деб баёнот берди. Пандемия боис ҳаётимиз виртуал оламга кўпроқ кўчган, у ерда тарқалаётган дезинформациялар ҳукумат қабул қилажак қарорларига ва жамият аъзоларига таъсир этмоқда.

Ҳарбий стратегия ва тактика таълимотининг оталаридан бири Карл фон Клаузефиц (1780-1831)нинг “уруш сиёсатни бошқа воситалар орқали давом эттирилишидир” деб айтган эди. Шундай экан, 100 миллион ва миллиардлаб интернет фойдаланувчиларига эга йирик бозорлар тобора беқарорлашиб бораётган жамоат тартибини сақлаш ва ўзлари истаган тартибга келтиришда ўз кибермаконларини имкон қадар турли йўллар билан бўлсада виртуал ҳимоя қилишни мақсадга мувофиқ, деб ҳисобламоқдалар.

Иқтисодий жиҳатдан имконияти чекланган ривожланаётган мамлакатларни эса ушбу даҳанаки жанглар четлаб ўтиши эҳтимоли баланд, чунки уларни ривожланишлари учун муқобил вариантнинг ўзи деярли мавжуд эмас.

Забиҳулла Саипов

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 126
Рейтинг: 3
t
×