Хотинига 30 марта, қайнонасига 7 марта пичоқ уриб ўлдирган куёвга қандай жазо берилди?

Таҳлил 41818
image

2019 йилнинг 13 август куни Тошкентда рўй берган мудҳиш жиноятдан кўпчиликнинг хабари бор. Ўшанда 25 яшар куёв 26 яшар турмуш ўртоғига 30 марта, 48 яшар қайнонасига 7 марта пичоқ уриб, уларнинг ўлимига сабабчи бўлган. QALAMPIR.UZ ушбу жиноятнинг сўнгги тафсилотлари билан қизиқди ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси билан ҳамкорликда ушбу ҳолатни ўрганди.

Куёвнинг суддаги кўрсатмаси

2014 йил. 20 яшар Ш.Р. ўзи яшайдиган кўчада яшайдиган М.Ю.ни яхши кўриб қолади. Икки ёшнинг ўртасида илиқ муносабатлар пайдо бўлади ва улар гаплашиб туришади. Ўша вақтларда М.Ю.нинг оила аъзолари билан муносабатлари яхши бўлмаган. Шу боис у қариндош-уруғлари, таниш-билишлариникида яшаб юради. Ш.Р. М.Ю.нинг хулқи яхши эмаслиги, бокира бўлмаганини била туриб, уни яхши кўргани боис уйланмоқчи бўлади. Бироқ бунга йигитнинг онаси қарши чиқади. 

2018 йилнинг февраль ойида М.Ю.нинг ҳомиладорлиги маълум бўлади. Йигит буни ўз онасига келиб айтади. Шундан сўнг Ш.Р.нинг онаси қизнинг уйсиз, кўчаларда сарсон бўлиб юрганини ўйлаб, ўғлининг ўша қизга уйланишига рози бўлади. 2018 йилнинг 8 май куни қўни-қўшни, қариндош-уруғ иштирокида уйда кичик тўй ўтказилади. Йигит ва қиз шаръий никоҳдан ўтадилар. 

2018 йилнинг октябрь ойида Ш.Р. ва М.Ю. жажжи қизалоқли бўладилар. Орадан кўп ўтмай, М.Ю.нинг онаси Г.Ю. пайдо бўлади ва ёш келин-куёвнинг ҳаётига аралашишни бошлайди. М.Ю. ҳам онасининг ёнига серқатнов бўлиб қолади. 

2019 йил 29 июль куни Ш.Р. ишга навбатчиликка кетганида М.Ю. қайнонасини бохабар қилмай, қизини олиб, уйдан чиқиб кетади. Йигит уйга қайтгач, хотинининг уйда эмаслигини билади ва 31 июль куни уни олгани қайнонасиникига боради. Эшикни очган Г.Ю. қизи уйда эмаслигини айтади. Орадан бир неча кун ўтгач, куёв ўз онаси билан рафиқасининг опасиникига боради. М.Ю.нинг опаси ҳам синглисининг қаердалигини билмаслигини айтади ва синглисига ўз телефонидан қўнғироқ қилади. У синглиси М.Ю.га уйига қайтиши кераклигини уқтиради. Бироздан кейин М.Ю. бегона рақамдан эрига қўнғироқ қилиб, айни вақтда Қўқон шаҳрида экани ва уйга қайтмаслигини айтади. 

2019 йилнинг 13 август куни соат 09:00. Ш.Р. уйига келганида унга қайнонаси Г.Ю. қўнғироқ қилади ва куёвини ўз уйига чақиради. Ш.Р. қайнонасиникига борганида, турмуш ўртоғи М.Ю.ни ва қизи Ҳадичани кўради. У қизининг анча ҳомушлиги ва ўзини олдириб қўйганини пайқайди. Қайнона куёвига онаси ва синглиси набирасини кўргани келишларини тақиқлайди. Шундан кейин Р.Ш. ортига равона бўлади ва бўлиб ўтган воқеаларни онаси ва холасига айтиб беради. Йигитнинг онаси ва холаси унга рафиқаси М.Ю. ва қизини олиб келишини айтишади. Йигит унамайди. Ўғлининг норозлигини кўрган она келини ва набирасини олиб келиш учун уйдан чиқиб кетади. Орадан 5-10 дақиқа ўтгач, Ш.Р. ташқаридан онаси ва қайнонаси Г.Ю.нинг овозини эшитади. Йигит онасига бўлаётган қўпол муносабатдан жаҳл отига миниб, ошхона пичоғини олиб, кўчага отилади. Шу вақт йигитнинг онаси Д.Р. қудаси Г.Ю. билан гаплашаётган, рафиқаси М.Ю. эса улардан 5-6 метр нарида юриб кетаётган эди. 

Бўлиб ўтган воқеалардан қаттиқ ғазабланган Ш.Р. турмуш ўртоғи М.Ю.нинг ортидан югуриб, унга етиб олади ва қўлидаги пичоқни унга санчади. Шу вақт бунга гувоҳлик йилган қайнона югуриб келади ва куёвига ташланади. Куёв уни итариб юборади, ўткир тиғли пичоқдан қайнона ҳам жароҳатланади. Келин эса жонини асраб қолиш учун қочишга ҳаракат қилади. Йигитнинг онаси Д.Р. ўғлини тўхтатиб қолиш учун унинг оёқларига ёпишади. Йигит онасини ҳам силтаб, қўлидаги пичоқ билан хотини М.Ю.нинг ортидан қувади. М.Ю. кўча бошига борганида, ортидан Ш.Р. етиб келиб, унга 30 марта пичоқ уради. Бироқ, куёв суддаги кўрсатмасида неча марта пичоқ урганини эслолмаслигини айтади. Келин воқеа жойида жон беради.

Рафиқасини жиддий жароҳатлаган йигит бу билан чекланмайди. Энди у яна ортига қайтиб, қайнонаси билан чала қолган ишини битирмоқчи бўлади. Ўша вақтда қайнонаси Г.Ю. ерда ётарди ва ётган жойида куёвини ҳақорат қилади. Бундан жаҳли чиққан куёв қайнонасига ҳам 7 марта пичоқ санчади. Бу орада йигитнинг укаси И.Р. ва қўшниси келиб, унинг қўлидан пичоқни олиб қўйишади. Г.Ю. шифохонага олиб кетилади. Кўрсатилган муолажаларга қарамай у ҳам вафот этади.  

Айбланувчи суддаги кўрсатмасида, қайнонасига неча маротаба пичоқ урганини эслай олмаслиги, уни ўлдириш нияти ҳам бўлмагани, ўзи нима қилиб қўйганини ҳам англаб етмагани, кейин ички ишлар органи ходимларига ўзини ихтиёрий равишда топширгани, қилмишидан пушаймон экани ҳақида кўрсатма бериб, суддан енгиллик беришини сўрайди. 

Аслида куёв Ш.Р. бундан олдин ҳам судланган эди. У муқаддам жиноят ишлари бўйича Миробод туман судининг 2017 йил 3 майдаги ҳукмига кўра, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 277-моддаси 2-қисми “б” банди билан айбли деб топилиб, 1 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланган. 2018 йил 17 июль куни жазони тўлиқ ўтаб бўлган.

Сўз келиннинг бувисига 

Судда келиннинг бувиси марҳума Г.Ю.нинг онаси Х.Х. ҳам кўрсатма беради. У суд мажлисида судланувчи ҳам, унинг онаси ҳам туҳмат қилаётгани, қизини ҳам, набирасини ҳам хулқи яхши бўлгани, набирасини ўзи тарбия қилганини айтади. У ўз кўрсатмаларида набира куёвининг айтганларига қарши чиқади. Қизи ва набирасининг доғини кўрган буви М.Ю. уйдан чиқиб кетганида, Қўқон шаҳрида эмас, балки унинг Юқоричирчиқ туманидаги уйида яшаганини айтади. 

У қизи ва набирасининг қотили Ш.Р.га энг оғир жазо беришларини сўрайди.

Қайнона қайнадими ё келин айнади?

Суд мажлисида йигитнинг онаси Д.Р. ҳам кўрсатма берди. У ўғли Ш.Р. М.Ю.ни яхши кўриб қолгани, ўша вақтларда қизнинг хулқи яхши бўлмагани учун уларнинг тўйига рухсат бермагани, кейинроқ, қиз ўғлидан ҳомиладор бўлиб қолганини билгач, уларнинг оила қуришига рухсат берганини айтади. 

Қайнонанинг таъкидлашича, тўйга келинининг оила аъзоларидан ҳеч ким келмаган. 2018 йилнинг 22 октябрь куни ўғли Ш.Р. қиз фарзандли бўлади. Бунгача уларнинг турмуши яхши кечади, бироқ орадан кўп ўтмай, маҳаллада келинининг онаси пайдо бўлгач, оилавий муносабатларга дарз кетишни бошлайди. У келинининг феъли ўзгариб қолгани, ўғлини ҳам ҳурмат қилмай қўйганини айтади. 

2019 йил июль ойи охирларида Д.Р. дала ҳовлидан келганида уй эшиги очиқ, калит эса эшик зулфида қолганди. Келин М.Ю. эса уйда бўлмаган. Бу орада Ш.Р. келади ва бундан жаҳли чиқади. Қайнонанинг таъкидлашича, ўғли Ш.Р. хотинини қайтариш учун уйдан чиқиб кетади. Унинг иддао қилишича, бу вақтда келини М.Ю. биринчи эри билан бирга Қўқон шаҳрига яшаш учун кетган бўлган. 

2019 йилнинг 13 август куни соат 08:30 ларда Ш.Р. ишдан келади. Шу вақтда уни қайнонаси Г.Ю. чақиради ва унинг ёнига чиқиб кетган Ш.Р. кўп ўтмай, уйига қайтади ва онасини қучоқлаб йиғлайди. У ўша вақт онасига қизининг аҳволи яхши эмаслигини айтади. 

Жиноят учун жазо муқаррар

2019 йилнинг 20 декабрь куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида суд мажлиси бўлиб ўтди. Судда аниқланган ҳолатларга кўра, судланувчи Ш.Р. турмуш ўртоғи М.Ю. уни ташлаб кетиб, фарзандини унга бермагани, қайнонаси Г.Ю. эса унга қўпол муносабатда бўлиб, оиласиниг бузилишига сабабчи бўлгани учун, улардан ўч олиш мақсадида  олдиндан ҳар иккисини ҳам ўлдиришга ҳаракат қилган. 

Суд мажлисида Ш.Р. Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 97-моддаси 2-қисми “а, ж” бандларида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди. Унга Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 97-моддаси 2-қисми “а, ж” бандлари билан 21 (йигирма бир) йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жазони умумий тартибли колонияда ўташи, жазони ўташ муддати 13.08.2019 йилдан ҳисобланиши белгиланди. 

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 1232
Рейтинг: 2.9
Теглар
t
×