Коронавирус Ўзбекистондан қачон даф бўлади? Сўз Алишер Шодмоновга

Интервью 70129

Бутун дунёда, жумладан Ўзбекистонда ҳам коронавирус билан боғлиқ жараён кескин тус олмоқда. Республика махсус комиссияси карантин чекловларини юмшатиши ортидан касаллик статистикаси юқориламоқда. Ўзбекистонда ушбу ҳолат қачонгача давом этади? Мамлакат вирусдан қачон буткул халос бўлади. Ушбу саволга жавоб олиш мақсадида QALAMPIR.UZ Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмоновга микрофон тутди. 

“Буни шу кунгача кўплаб олимлар башорат қилишга ҳаракат қилди. Лекин бирортасининг тахмини тўғри чиққани йўқ. Шунинг учун мен ҳам башорат қилмайман. Айтиш жуда қийин”, дейди вазир Алишер Шодмонов.

Ўзбекистонда коронавирусдан сақланишнинг муҳим воситаси тиббий ниқоб тақиш, озодаликка риоя қилиш ва ижтимоий масофа сақлаш экани айтиб келинмоқда. Алишер Шодмонов ҳам касалликнинг тўхташи одамларга боғлиқлигини таъкидлади. 

“Ҳаммаси сиз-у бизга, халқимизга боғлиқ. Аниқ қоидалар бор. Уларга риоя этилса, итоат қилинса, биз бу касаллик устидан ғолиб чиқа оламиз. Шундагина касалликдан 2-3 ойда қутилиб кетишимиз мумкин. Акс ҳолда бу вирус узоқ йиллар давомида организмимизда сақланиб қолиши мумкин”, дейди Шодмонов. 

Бундан бир неча кун аввал QALAMPIR.UZ Ўзбекистонда коронавирусга чалиниш “пик”ка чиқдими, деган савол билан Вирусология илмий-текшириш институти директори, профессор Эркин Мусабоевга юзланган эди. Худди шу савол билан Алишер Шодмоновга ҳам мурожаат қилдик. 

“Йўқ, ҳали “пик” ҳолатга чиққанимиз йўқ. Биз ўсишда давом этяпмиз”, дейди Соғлиқни сақлаш вазири. 

Маълумот ўрнида, Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар 10284 нафарни ташкил этмоқда. Беморларнинг 6584 нафари соғайди, 36 киши вафот этди. 

Эслатиб ўтамиз, Тошкент вилоятининг Зангиота туманида коронавирусга чалинган беморларни қабул қилишга мўлжалланган 2 минг кишилик янги шифохона қурилди. Бугун, 6 июль куни шифохонанинг 1000 ўринга мўлжалланган биринчи биноси фойдаланишга топширилади.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 2153
Рейтинг: 3
t
×