Коронавирусга қарши кураш даврида ходимнинг иш ҳақи, таътили ва бошқа ҳуқуқлари қандай?

Таҳлил 11896
image

Жорий йилнинг 20 март куни Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги  фармони қабул қилинди. Президент иқтисодиёт тармоқларга коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг салбий таъсирларини камайтириш бўйича чора-тадбирларни белгилади. Фармоннинг тўртинчи қисмида аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш вазифалари кўрсатилди.

Коронавирус вақтида ходим нималарни билиши керак?

Вирусга қарши курашиш тадбирлари вақтида коронавирус инфекцияси билан зарарланиши ёки зарарланган деб гумон қилиниши муносабати билан карантинга жойлаштирилган ота-оналар (улар ўрнини босувчи шахслар, васийлар, ҳомийлар), шунингдек, уларнинг 14 ёшгача бўлган боласини парвариш қилаётган шахсларга ўртача ойлик иш ҳақининг 100%и миқдорида вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси тўланади. 

Коронавирус инфекцияси билан зарарланган ёки карантинга жойлаштирилган, шунингдек, 14 ёшга тўлмаган боланинг ота-онаси (унинг ўрнини босувчи шахслар, васийлар, ҳомийлар) бўлган ходимлар билан меҳнат шартномаларини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш тақиқланади.

Вирусга қарши курашиш тадбирлари вақтида тиббиёт, санитария-эпидемиологик ва бошқа ходимлар коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш тадбирларига жалб қилинадиган даврда уларнинг ойлик лавозим маошига 6% миқдорида ҳар кунлик қўшимча тўловлар жорий қилинади.

Давлат бюджетидан молиялаштириладиган ва ўз фаолиятини тўхтатган мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус ва олий таълим муассасалари, спорт ва маданият муассасалари ходимларининг иш ҳақларини ўз вақтида тўлаб берилиши таъминланади. Аҳолига вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик тўғрисидаги ҳужжатларни тақдим этишнинг соддалаштирилган тизими жорий этилади.

Вирусга қарши курашиш тадбирлари вақтида мактабгача таълим ташкилотлари ва умумтаълим мактабларнинг фаолияти тўхтатилган даврда мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари ва умумтаълим мактаблари бошланғич синфлари ўқувчиларининг ота-оналарига (улар ўрнини босувчи шахсларга, васийларга, ҳомийларга) йиллик таътилдан фойдаланиш графигидан қатъи назар (шу жумладан, 6 ойдан кам ишлаганларга) йиллик таътил тақдим этилади.

Иш берувчилар ходимларни, айниқса, ҳомиладор аёллар, кексалар, имконияти чекланган ҳамда сурункали касалликка чалинган шахсларни, уларнинг розилиги билан, масофадан туриб ишлаш усулига, қулай иш графигига ёки уйдан туриб ишлашга ўтказишлари мумкин.

Бундан ташқари, ходимлар қонунларда белгиланган қуйидаги ҳуқуқлари билан ҳам танишиб олса мақсадга мувофиқ бўларди. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва бошқа қонунларига мувофиқ ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитида ишлаш, “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланганидек ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эга ҳисобланади. Қуйида бу ҳақда батафсил маълумот беришга ҳаракат қилганмиз.

Ходимларнинг асосий меҳнат ҳуқуқлари нималардан иборат?

Ҳар бир ходим меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдоридан кам бўлмаган миқдорда иш ҳақи олиш ҳуқуқига эга. Бу ҳозирда 67 9330 сўмни ёҳуд тахминан ҳозирги курсдаги (24.03.2020) 70 доллар-у 21 центни ташкил қилмоқда. Муддатлари чегараси белгиланган иш вақтини ўрнатиш, бир қатор касблар ва ишлар учун иш кунини қисқартириш, ҳар ҳафталик дам олиш кунлари, байрам кунлари, шунингдек ҳақ тўланадиган йиллик таътиллар бериш орқали таъминланадиган дам олиш ҳуқуқига эга.

Барча ташкилотларда хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган шароит бўлиши керак. Бундай шароитларни яратиб бериш иш берувчининг мажбурияти ҳисобланади. Иш ўрни қонун талабларига жавоб берадиган бўлиши керак. Ходим иш берувчидан меҳнат шароитлари тўғрисида, шу жумладан касб касалликлари ва бошқа касалликларга чалиниш эҳтимоли мавжудлиги, шу муносабат билан ўзига берилиши лозим бўлган имтиёзлар ва компенсациялар, шунингдек шахсий ҳимоя воситалари ва жамоавий ҳимоя воситалари ҳақида ахборот олиш ҳуқуқига эга.

Ходим ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат томонидан мажбурий ижтимоий суғурта қилиниш мумкин. Меҳнатни муҳофаза қилишга оид талаблар бузилганлиги оқибатида ўз ҳаёти ва соғлиғи учун хавф юзага келган тақдирда, ишларни бажаришни бундай хавф бартараф этилгунига қадар рад этиш ҳуқуқига эга.  Ўз иш ўрнидаги меҳнат шароитлари ҳамда меҳнатни муҳофаза қилишга оид талабларга риоя этилиши устидан давлат назорати ва текширувини амалга оширувчи органга текширишдан ўтказилиши учун сўровнома берса бўлади.

Ходим иш вақтида майиб бўлиб қолса зарарни ким тўлайди?

Шунингдек, ходим қонунларда берилиши назарда тутилган компенсация ва имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқига эга. Ўз меҳнат вазифаларини бажариши билан боғлиқ ҳолда меҳнатда майиб бўлиши, касб касаллигига чалиниши ёки соғлиғига бошқача тарзда шикаст етиши муносабати билан ҳаётига ёки соғлиғига етказилган зарарнинг ўрнини иш берувчидан ундириши мумкин. Бунда албатта керакли ҳужжатларни тайёрлаб, тегишли ташкилотлар ёки фуқаролик судига мурожаат қилиши керак бўлади.

Ўз иш ўрнида меҳнат қилиш учун хавфсиз шароитлар таъминланиши билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилаётганда ва ўзи билан содир бўлган бахтсиз ҳодиса ёки унинг касб касаллиги текширилаётганда шахсан ўзи иштирок этиш ёки ўз вакиллари орқали иштирок этиши мумкин. Тиббий тавсияларга мувофиқ навбатдан ташқари тиббий кўрикдан ўтиш, ушбу тиббий кўрикдан ўтиш вақтида унинг иш жойи (лавозими) ва иш ҳақи сақланиши лозим. Ходимлар касаба уюшмаларига ҳамда ходимлар ва меҳнат жамоаларининг манфаатларини ифода этувчи бошқа ташкилотларга бирлашиш, қариганда, меҳнат қобилиятини йўқотганда, боқувчисидан маҳрум бўлганда ва қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда ижтимоий таъминот олиш ҳуқуқига эга ҳисобланади.

Зафарбек Солижонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 145
Рейтинг: 3
Теглар
t
×