Маккага каъбапўш жўнатган темурий шаҳзода ёхуд Шоҳруҳ Мирзонинг ҳукмронлик даври

Таҳлил 14360
image_2021-08-13_17-45-03

Соҳибқирон Амир Темур Хитойга юриш вақтида қаттиқ шамоллаб, 1405 йил 18 февраль куни Ўтрор қалъасида вафот этди. Соҳибқироннинг кутилмаганда вафот этиши темурий шаҳзодалар ўртасида тожу-тахт учун кураш оловини аланга олдиради. Фақатгина 1409 йилнинг сўнгида Шоҳруҳ Мирзо Мовароуннаҳрни эгаллаб, темурий шаҳзодалар ўртасидаги тахт учун курашга чек қўяди. Галдаги тарихий мақоламизда Соҳибқирон Амир Темур давлатининг қайта тикланиши ҳамда Шоҳруҳ Мирзонинг ҳукмронлик даври ҳақида сўз юритамиз.

Шоҳруҳ Мирзо

Амир Темурнинг кенжа ўғли Шоҳруҳ Мирзо 1377 йил 20 август куни дунёга келган. Унинг онаси Тағой Туркон оғо туркий қорахитой уруғидан бўлиб, келиб чиқиши бўйича ўртаҳол хонадон вакиласи эди. 1383 йилда Шоҳруҳнинг онаси вафот этади. Кейинчалик, шаҳзоданинг тарбияси билан Сарой Мулк хоним шуғулланади. Шоҳруҳ Мирзонинг сиёсий фаолияти 1397 йилдан бошланади. Ўша йили Шоҳруҳ отаси томонидан Хуросон ҳокими этиб тайинланади.

Шоҳруҳ ёшлигидан илмга берилган шаҳзода бўлган. Қолаверса, унинг келиб чиқиши она томонидан асилзодалардан эмас эди. Шу омилни айрим тарихчилар Шоҳруҳнинг тахт вориси этиб тайинланмаганинг сабабларидан бири бўлган, деб таъкидлашади. Қолаверса, тахт вориси Пирмуҳаммад гарчи Темурнинг невараси бўлса-да, Шоҳруҳдан бир ёш катта бўлган. Шубҳасиз, юқоридаги фактлар Шоҳруҳни тахт вориси бўлишидан узоқлаштирган эди. 

Тарихчилар Низомиддин Шомий, Абдураззоқ Самарқандий ва Хондамир ўзларининг асарларида Шоҳруҳ  Мирозни “хоқони сайид”, “баҳодир”, дея таърифлашган. Шоҳруҳ Мирзога нисбатан тарихий манбаларда “кўрагон” унвони ишлатилмаган. Бу эса Шоҳруҳни чингизийлар хонадони билан қариндошлик ришталари йўқлигидан дарак беради. Ҳолбуки, “кўрагон” унвонини олиш ўша давр таомилига кўра катта обрў-эътибор ҳисобланган.

Амир Темур салтанатининг парчаланиши

Амир Темурнинг васиятига содиқ қолишга қасамёд қилган шаҳзодалар ҳали улуғ Амирнинг жасади сўвимасданоқ, берган ваъдаларидан юз ўгириб, тож-у тахт учун кураш бошлаб юбордилар. Саркардалар ва сарой амалдорлари эса гуруҳбозликни авжига чиқариб, амирзодаларни қўлладилар. Натижада не-не заҳматлар ила Амир Темур томонидан бунёд этилган улкан салтанат чок-чокидан сўкилиб, таназзул томон юз тута бошлади. Фосиҳ Ҳавофий Амир Темурдан сўнг, тирик қолган унинг ўғил ва набираларини санаб, жами уларнинг сони 36 тага етишини таъкидлаган.

Қобул ва шимолий Ҳинд мулкларнинг ҳокими бўлмиш Пирмуҳаммадни кўпчилик тахт эгаси сифатида кўришни хоҳламас эди. Бунинг устига у анча узоқда бўлиб, Самарқандга тезлик билан этиб келиши учун имкон ҳам йўқ эди. Амир Темур вафотидан сўнг, Мовароуннаҳр, Хуросон, Эрон, Озарбайжон, Ироқ ва бошқа ерларда нотинчлик бошланиб, ғалаёнли вазиятлар юзага кела бошлади.

Кўплаб сарой мулозимлари тахт эгалигига кўпроқ Шоҳруҳни маъқул кўриб, унинг инсоний сифатларига юқори баҳо беришган. Шоҳруҳ Мирзо тахт эгаси бўлишидан аввалроқ ҳам ўзининг оқиллик ва илмлилик, зукколик ва тақводорлик сифатлари билан ҳурмат қозонган эди. Шунингдек, бу вақтда Амир Темурнинг бошқа бир ўғли Мироншоҳ (1366-1408) ҳам ҳаёт бўлиб, у ҳам асосий тахт даъвогарларидан бири ҳисобланарди.

Ўзаро тахт талашиш оқибатида валиаҳд Пирмуҳаммад 1407 йилда вафот этади. 1408 йил 22 апрель куни эса Ғарбий Эрон, Озарбайжон, Ироқ ва Арманистон ерларининг ҳукмдори тахт учун бошқа бир даъвогар Мироншоҳ ҳам жанг вақтида ўлдирилади. Фақатгина, Амир Темурнинг кенжа ўғли Шоҳруҳ Мирзо ҳаёт бўлиб, у ўз олдига отаси қурган улкан салтанатни қайта оёққа турғазишни мақсад қилган эди.

Шоҳруҳ  Мирзонинг Самарқанд тахтига ўтириши

1409 йилнинг бошида Мовароуннаҳрда сиёсий вазият янада кескинлашди. Амир Худойдод шу вақтда Ҳалил Султонни Самарқанд ёнидаги Шероз қишлоғида мағлубиятга учратиб, унинг ўзини асирликка олади. Бундай вазиятда Шоҳруҳ Мирзо 1409 йил 25 апрель куни Амударёдан ўтиб, Самарқанд томон лашкар тортади. Амир Худойдод қўшинларини Шоҳруҳ  юборган ҳарбий қисм тор-мор этиб, Ҳалил Султонни асирликдан озод қилади. Олижаноб инсонийлик сифатларига эга бўлган темурий Шоҳруҳ Мирзо ўзаро гина-қудратларни унутиб, Ҳалил Султонни яхши кутиб олади. Ҳалил Султон билан Шоҳруҳ Мирзо ўртасида шайх Нуриддин воситачилигида ўзаро битим имзоланади. Битимга кўра, Ҳалил Султон Мовароуннаҳр тахтига даъвогарликдан воз кечади ва Рай вилоятининг ҳокими этиб тайинланади. Кейинчалик, Ҳалил Султон 1411 йил 4 ноябрь куни хасталаниб, вафот этади. Баъзи манбаларда тарихчилар уни заҳарлаб ўлдирилган, дея таъкидлашади. 

Шоҳруҳ Мирзо Самарқанд тахтини қўлга киритгач, Мовароуннаҳрга 15 ёшлик ўғли Мирзо Улуғбекни ноиб этиб белгилайди. Шоҳруҳ ўғли Улуғбекни ҳали ёш эканлигини инобатга олиб, ўғлига оталиқ этиб таниқли амир Шохмаликни тайинлайди. Ўша вақтда сиёсий бошқарув ишлари амалда оталиқнинг қўлида бўлган. Шундан сўнг, Шоҳруҳ  Мирзо Ҳиротга қайтиб кетади.

Шоҳруҳ Мирзо Амир Темур давлати ўзагини сақлаб қолишга муваффақ бўлади. У мамлакат бошқарувида темурийзода ва нуфузли амалдорлардан аксариятини ўзи учун ишончсиз, деб ҳисоблайди. Уларнинг ўрнига деярли барча вилоятларга ўз ўғиллари, набиралари ва ўзига яқин тутган қон-қариндошларини ноиб этиб тайинлайди. Жумладан, Балх ва Бадахшон Иброҳим Султонга, Шероз Суюрғатмишга, Қобул ва Қандаҳор Қайду Мирзога, Хуросоннинг бир қисми Бойсунқур Мирзога, Ғарбий Эрон ҳамда Ажам (Ироқ)нинг бир қисми Султон Муҳаммадга, Форс вилояти Абдулло Мирзога суюрғол (мулк) тарзида бўлиб берилади. Шу йўл билан Шоҳруҳ  бошқарув тизими қулай ва ихчам бўлади, деб ўйлаган эди. Лекин, кейинчалик ишончли қондошлар ичидан ҳам исёнкор ноиблар чиқа бошлайди.

Шоҳруҳ Мирзонинг юритган дипломатик сиёсати

Шоҳруҳ Мирзонинг ҳукмронлик даврида Хитой, Ҳиндистон, Миср, Усмонийлар империяси билан дипломатик алоқалар мустаҳкамланади. Шоҳруҳ 1419 йилда Амир Шодихўжа бошчилигида 500 нафар элчилик карвонини Хитойга жўнатади. Абдураззоқ Самарқандий ўз асарида ёзишича, 1412 йилдан 1430 йилга қадар, Хитой билан жами беш маротаба элчилик алмашинуви бўлган экан.  

Абдураззоқ Самарқандий ўзининг “Матали съдайин” асарида шундай ёзган:

“Шу орада Хитой вилоятидан, у мамлакатнинг Чину Мочин ва бошқа ерларнинг подшоҳи Дой-Минг хон томонидан элчилар етиб келди. Хоқони Саид (яъни Шоҳруҳ  Мирзо) “шаҳар ва бозорларга зийнат берилсин, ҳар бир санъат эгаси ўз ҳунарини тўла зоҳир қилиб, дўконини безатсин”, деган ҳумойин фармон берди”.

Шунингдек, Шоҳруҳ даврида Миср ва Сурияда ҳукмронлик қилаётган мамлуклар давлати, Олд Осиёдаги Усмонийлар империяси билан ҳам ўзаро дўстона муносабатлар йўлга қўйилган. Тарихчи Ҳофизи Абрў ўзининг “Зубдат ат-таворих” асарида Шоҳруҳнинг Миср подшосига элчи юбориб, 1444-1445 йилларда Шайх Нуриддин Муршидий бошчилигида Маккага Каъба устига ёпинғич – каъбапўш жўнатганлигини қайд этган. 

Шоҳруҳ Мирзо Усмонийлар султони Муҳаммад Чалабийга (1402-1421) мактуб йўллайди. Бу номада Шоҳруҳ, агар Қора Юсуфни Усмонийлар мамлакатида кўргудек бўлса, уни темурийлар саройига жўнатиб юборишини сўрайди. Бу мактубга жавобан Усмонийлар султони Қора Юсуфни, албатта, темурийлар саройига юборишини айтади.

Ўтмишда ўтган тарихчилар Шоҳруҳ Мирзони табиатан олийжаноб ҳукмдор, илм-фанга мойил маърифатпарвар давлат арбоби, деб тарифлашган. У ҳокимият тепасига келгач, Эронда ҳам, Туронда ҳам бир неча ўн йиллик давомида тинчлик ва осойишталик ҳукм суради. Унинг даврида темурийлар салтанатининг пойтахти Ҳиротга кўчирилади. Ҳирот шаҳри Шарқнинг энг кўркам ва маданий ривож топган шаҳарларидан бирига айланади. Шоҳруҳ  Мирзонинг ҳукмронлик даврида Темурийлар салтанатида Уйғониш даври давом этиб, мамлакатда санъат ва фан гуллаб-яшнайди.

Шоҳруҳ Мирзо инсон сифатида юмшоқ табиатли бўлганлиги туфайли хотини Гавҳаршод бегим салтанат бошқарувига аралашиб турган. Шу сабабдан бўлса керак, Шоҳруҳ Мирзо умрининг охирига қадар ўз ўрнига валиаҳд тайинлаш масаласида бир қарорга кела олмаган. 

Шоҳруҳнинг кексайиши билан тожу-тахт учун яна темурий шаҳзодалар ўртасида зимдан кураш пайдо бўла бошлайди. Улуғбекнинг онаси Гавҳаршод бегим сиёсий ишларга фаол аралашиб, у асосан невараси Алоуддавлани тахт вориси сифатида кўришни истар эди. Тахт учун бошланган кураш, айниқса, 1444 йил Шоҳруҳ  Мирзо хаста бўлиб қолганида авж олади. Шоҳруҳнинг бетоблигидан фойдаланган Форс ва Ироқ ноиби Султон Муҳаммад бобосига қарши қўзғолон кўтаради. Шоҳруҳ Мирзо бу исённи бостириб, ортга қайтаётганда 1447 йил 12 март куни Эроннинг шимолидаги Рай вилоятида вафот этади. 

Шоҳруҳнинг ўлими Хуросон ва Мовароуннаҳрда ўзаро темурий шаҳзодалар ўртасида тахт учун курашнинг бошланишига сабаб бўлади. Мамлакат яна саросима, таҳлика, беқарорлик домига тортилади.

Сардор Али Нурматов 
 

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 232
Рейтинг: 2.9
t
×