Мактаблардаги эскириб қолган ўқув парталари икки йил ичида тўлиқ янгиланади

Жамият 1671
image

Ўзбекистонда умумтаълим мактабларини жиҳозлаш учун ажратиладиган маблағлар икки бараварга кўпайтирилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Президентининг  “Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурларини шакллантиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида маълум қилинди.

Унинг ҳисобига хизмат муддати 10 йилдан ошган ўқув парталари 2021–2022 йилларда тўлиқ янгиланади. 

Қарорга кўра, 2021-2023 йилларда Ўзбекистоннинг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурини шакллантириш ва амалга ошириш доирасида, жумладан:

– туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари ва бирламчи тиббий-санитария муассасаларининг моддий-техник базаси ривожлантирилади, шунингдек тармоқда давлат-хусусий шериклик лойиҳалари кенгайтирилади;

– мактабгача таълим ташкилотлари, биринчи навбатда, аҳолиси нисбатан зич жойлашган ва қамров даражаси паст бўлган аҳоли яшаш пунктларида ҳамда янги барпо этилаётган массивларда қурилади;

– ОТМларни қуриш-таъмирлаш ва жиҳозлаш ишларига вазирлик ва идораларнинг бюджетдан ташқари маблағлари кенг жалб қилинади ҳамда тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган маблағларнинг бир қисми йўналтирилади;

– ичимлик суви таннархини пасайтириш ва сув йўқотишларини камайтириш мақсадида, соҳага ажратиладиган маблағларнинг 10 фоизи энергия тежамкор ускуна-жиҳозларни ўрнатиш ва махсус техникаларни харид қилишга йўналтирилади;

– халқаро аҳамиятдаги автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш ишларига халқаро молия институтлари ҳамда хусусий шерикларнинг маблағлари кенг жалб қилинади.

Рушана Султонова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 30
Рейтинг: 3.1
Теглар
t
×