Мирзиёев 5 мамлакат элчисидан Ишонч ёрлиқларини қабул қилиб олди

Олам 3585
image

Бугун, 24 ноябрь куни хорижий давлатларнинг Ўзбекистонга янги тайинланган элчилари томонидан Президент Шавкат Мирзиёевга ишонч ёрлиқларини топшириш тантанали маросими бўлиб ўтди. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Корея Республикаси элчиси Ким Хи Санг, Қирғиз Республикаси элчиси Муса Жаманбаев, Жазоир Халқ Демократик Республикаси элчиси Бумедиен Геннад, Қозоғистон Республикаси элчиси Бейбут Атамкулов, Америка Қўшма Штатлари элчиси Жонатан Хэникдан ишонч ёрлиқларини қабул қилиб олди.

Президент янги тайинланган элчиларни самимий қутлаб, Ўзбекистонда дипломатик миссиясини бошлагани билан табриклади.

Тадбирда жаҳонда кечаётган мураккаб геосиёсий вазиятда Ўзбекистон ўзаро ишонч ва ҳурмат, манфаатли ҳамкорликка асосланган вазмин ташқи сиёсат юритиб, барча давлатлар билан икки ва кўп томонлама шерикликни мустаҳкамлаб келаётгани, Марказий ва Жанубий Осиё, Европа ва Америка давлатлари, араб-мусулмон мамлакатлари билан алоқалар янги босқичга чиққани айтилган.

“Биз келгуси 10 йилда мамлакатимиз ялпи ички маҳсулоти ҳажмини икки баробарга оширишни мақсад қилиб қўйганмиз. Бунинг учун бизда хоҳиш-ирода ҳам, интилиш ва имкониятлар ҳам етарли. Бундай улуғвор марраларга эришиш учун сармоялар ҳажмини келгуси 5 йилда 120 миллиард долларга етказиш, жумладан, камида 70 миллиард доллар хорижий инвестициялар жалб этишни ҳисоб-китоб қилганмиз. Мамлакатимиз эшиклари жаҳон учун, дунё бозорлари эса юртимиз учун очиқ бўлиши керак”, дейди Президент Мирзиёев.

Давлат раҳбари янги элчилар вакиллари бўлган давлатлар билан ҳар томонлама ва узоқ муддатли ҳамкорликнинг истиқболларига алоҳида тўхталиб ўтган.

Маросим якунида Ўзбекистон Президенти элчиларнинг масъулиятли ва шарафли фаолиятига катта муваффақиятлар тилаган. Ўзбекистон билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ҳали ишга солинмаган салоҳиятни рўёбга чиқариш, янги “ўсиш нуқталари”ни топиш борасида фаол ва ташаббускор бўлишга чақирган. 

Элчилар самимий қабул ва самарали фаолиятига яратилган шароитлар учун миннатдорлик билдириб, икки томонлама алоқаларни янада ривожлантиришга бор билим ва куч-ғайратини йўналтиришини қайд этган. 

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 16
Рейтинг: 3.3
t
×