Мирзиёев декабрда яна сафарга чиқади

Олам 13807
image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг декабрь ойида Қирғизистонга ташриф буюради. Бу ҳақда бугун, 24 ноябрь куни Президент Матбуот хизмати томонидан тарқатилган хабарда сўз борган. 

Гап шундаки, давлат раҳбари бугун Қирғиз Республикасининг Ўзбекистонга янги тайинланган элчиси Муса Жаманбаевдан Ишонч ёрлиғини қабул қилиб олди. 

“Ўзбекистон Президентининг келгуси ойда Қирғизистонга бўлажак ташрифи икки томонлама алоқаларни янада мустаҳкамлашига ишонч билдирилди”, дейилади Президент Матбуот хизмати хабарида. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров ўртасидаги сўнгги учрашув жорий йилнинг 10-11 ноябрь кунлари Самарқандда бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилоти саммити доирасида бўлиб ўтган эди. Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаровнинг ўтган йили 11-12 март кунлари Ўзбекистонга давлат ташрифини амалга оширган эди.

“Барча долзарб масалалар ўз вақтида, ҳар икки томон манфаатларини ҳисобга олган ҳолда қардош халқларимизнинг фаровонлиги йўлида ҳал этилмоқда. Айниқса, эришилган келишувлар асосида чегара масалалари ҳал қилингани мисли кўрилмаган умумий ютуғимиз бўлди”, дейди Мирзиёев.

Маълумотларга кўра, жорий йил бошидан буён мамлакатлар ўртасидаги товар айирбошлаш кўрсаткичи 30 фоизга ошиб, 1 миллиард долларга етган. Минтақавий инфратузилма лойиҳалари, жумладан, Қамбар-ота гидроэлектр станцияси ҳамда Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой темир йўли қурилиши бошланган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 17 ноябрь куни Қирғизистон парламенти, 18 ноябрь куни эса Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати “Ўзбекистон Республикаси билан Қирғизистон Республикаси ўртасида ўзбек-қирғиз Давлат чегарасининг алоҳида участкалари тўғрисидаги Шартномани (Бишкек, 2022 йил 3 ноябрь) ратификация қилиш ҳақида”ги ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Қирғизистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ўртасида Андижон (Кампиробод) сув омборининг сув ресурсларини биргаликда бошқариш тўғрисидаги Битимни (Бишкек, 2022 йил 3 ноябрь) ратификация қилиш ҳақида”ги ҳужжатларни ратификация қилди. 

Унга кўра, ўзбек-қирғиз чегарасининг қолган қисмини делимитация қилинади, Андижон (Кампиробод) сув омбори Ўзбекистонга ўтади

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 139
Рейтинг: 3.1
t
×