Монополияга қарши курашиш қўмитасининг ваколатлари кенгайтирилади

Жамият 3617
image

Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ўз ваколатларини барча давлат органлари ва ташкилотлари, уларнинг мансабдор шахсларидан мустақил равишда амалга оширади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан мутасаддилик қиладиган давлат органлари рўйхатидан чиқарилади. Бу Ўзбекистон Президентининг “Рақобатни таъминлаш ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида давлат сиёсатини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони лойиҳасида белгиланган.

Фармонда белгиланишича:

•    Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ўз ваколатларини барча давлат органлари ва ташкилотлари, уларнинг мансабдор шахсларидан мустақил равишда амалга оширади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан мутасаддилик қиладиган давлат органлари рўйхатидан чиқарилади;

•    Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари бўйича Омбудсман ролини бажаради;

•    Қўмитанинг раиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимномасига биноан Олий Мажлиси Сенати томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади, мақоми, тиббий ва транспорт хизмат кўрсатиш шароитлари бўйича тегишли равишда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг ўринбосарига тенглаштирилади;

•    Қўмита раисининг биринчи ўринбосари, ўринбосарлари ва Агентликнинг директори Қўмита раисининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади, мақоми, тиббий ва транспорт хизмат кўрсатиш шароитлари бўйича тегишли равишда вазирнинг биринчи ўринбосарига тенглаштирилади.

Белгиланишича:

а) Қўмитанинг асосий вазифалари:

•    рақобатни ҳимоя қилиш борасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш ва ўзлари масъул бўлган тармоқларда рақобатни ривожлантириш бўйича давлат органларининг фаолиятини мувофиқлаштириш;
•    тадбиркорлик субъектларининг товар ва рақамли бозорларга эркин киришидаги тўсқинликларни бартараф этишда кўмаклашиш, шунингдек товар ва хизматларнинг эркин ҳаракатланишини таъминлаш;
•    хўжалик юритувчи субъектларнинг устун мавқени суиистеъмол қилиши, «картель» келишувлари ва тил бириктириш, ноҳалол рақобатга чек қўйиш, шунингдек, давлат органларининг рақобатни чекловчи қарорлар қабул қилишига ва шундай ҳаракатларни амалга оширишига йўл қўймаслик;
•    давлат активларини сотишда, шунингдек, давлат харидлари ва стратегик аҳамиятига эга бўлган хўжалик жамиятлар ва корхоналарининг харидлари давомида рақобатни ҳимоялаш;
•    бозор иштирокчиларига монопол ва юқори ликвидли товарларни (ишлар, хизматларни) харид қилишда, давлат хизматларидан, шунингдек устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъектлар ва табиий монополияларнинг инфратузилмасидан фойдаланишда тенг шарт-шароитларни таъминлаш;
•    қонун ҳужжатларининг рақобатга таъсирини баҳолаш ва имтиёзлар ҳамда преференциялар кўринишидаги давлат кўмагининг кўрсатилишини назорат қилиш ва унинг самарадорлигини баҳолаш;
•    тартибга солинадиган нархлари қўлланилишини, иқтисодий концентрация ва биржа савдоларини назорат қилиш;
•    рақамли иқтисодиётни монополияга қарши тартибга солиш, шу жумладан трансчегаравий характерга эга бўлган рақобат тўғрисидаги қонунчилик бузилишларининг олдини олиш мақсадида;
•    монополияга қарши комплаенсни, шунингдек хулқ-атвор иқтисодиёти (behavioral economics) тамойилларига асосланган монополияга қарши тартибга солишнинг мослашувчан воситаларини жорий этиш;
•    рақобатни тарғиб қилиш бўйича кенг кўламли ишларни ўтказиш ва жамиятда рақобатни чеклашнинг ҳар қандай кўринишига нисбатан муросасизликни шакллантириш;

б) Агентликнинг қўшимча вазифалари:

•    қонун ҳужжатлари ва уларнинг лойиҳаларини истеъмолчиларнинг ҳуқуқларига ва қонуний манфаатларига таъсирини комплекс баҳолаш;
•    электрон тижоратни амалга оширишда, шу жумладан трансчегаравий хусусиятига эга бўлган, шунингдек электрон тўлов хизматлари юзасидан истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирларини мувофиқлаштириш ва амалга ошириш;
•    товарларнинг онгли равишда сифатли танлови ва оқилона истеъмол қилиш моделларини кенг тарғиботи бўйича ташаббусларни илгари суриш;
•    истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ низоларни судгача ҳал қилиш механизмларини жорий этиш;
•    истеъмол маҳсулотларнинг хавфсизлигини таъминлаш бўйича ягона механизмларни ишлаб чиқиш ва маҳсулот билан боғлиқ хатарлардан истеъмолчиларни хабардор қилиш;
•    Агентликни жамиятда “халқ тузилмаси” сифатида ижобий тасаввурини шакллантириш бўйича изчил чора-тадбирларни амалга ошириш ҳисобланади.

Қуйидаги қўшимча ҳуқуқлар берилади:

а) Қўмита ва унинг ҳудудий органларига:

•    мулкчилик шаклларидан қатъи назар барча ташкилотларда Қўмита ваколатига кирадиган масалалар бўйича текширувларни тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини текширишларни мувофиқлаштириш бўйича ваколатли органни хабардор қилган ҳолда ҳамда текширувларни электрон шаклда рўйхатга олиш ягона тизимида мажбурий равишда рўйхатдан ўтказиш орқали амалга ошириш;
•    ўз ваколатлари доирасида давлат органлари ва ташкилотларга, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, шунингдек хўжалик юритувчи субъектларига рақобат тўғрисидаги қонунчилик талаблари бузилишини бартараф этиш юзасидан ижро этилиши мажбурий бўлган ёзма огоҳлантиришлар ва кўрсатмалар бериш;
•    рақобатни ҳимоя қилиш масалалари, табиий монополия субъектлари фаолиятини назорат қилишда амалга оширилаётган тадбирларга иқтисодий, молиявий, солиқ, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва бошқа органлари ходимларини жалб этиш;
•    биржа савдоларида нархларнинг асоссиз ўсишига йўл қўймаслик мақсадида бир харидор томонидан биржа савдоларида харид қилинадиган юқори ликвидли ва монопол маҳсулотларнинг максимал ҳажмини белгилаш;
•    монополист-корхоналарга ва давлат улуши устун бўлган ташкилотларга маҳсулотларни савдо сессияларига қўйиш тўғрисида кўрсатма бериш;
•    инсофсиз рақобат тўғрисида ишларни кўриб чиқишда интеллектуал мулк объектнинг ўхшашлиги экспертизасини ўтказиш;
•    давлат хизматлари учун белгиланган тўлов миқдорларининг асосланганлигини назорат қилиш ва зарурият бўлган тақдирда уларни камайтириш юзасидан ижро этилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар бериш;
•    рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этмаслик ҳолатларини, шу жумладан келишувларни (келишилган ҳаракатларни) аниқлаш ва уларга чек қўйиш, устун (монопол) мавқе ва юқори музокара устунлигини суиистеъмол қилиш, савдолар жараёнида рақобатни чеклаш бўйича ҳаракатлар, аукцион (биржа) савдоларида нархларни манипуляция қилиш, инсофсиз рақобат ва рақобатга қарши ҳаракатларни аниқлаш ва олдини олиш мақсадида монополияга қарши тергов ўтказиш, бунда қуйидаги ҳаракатларни амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлади:
•    тарафнинг жойлашган жойидаги ва тараф ёки учинчи шахс ўз фаолиятини амалга ошираётган бошқа ерлардаги жойлар, транспорт воситалари, ер ва бошқа объектларга кириш ва уларни кўздан кечириш;
•    ҳужжатларни улар қандай сақланаётганлигидан қатьи назар текшириш;
•    тегишли ҳужжатларни олиб қўйиш, улардан нусха олиш ёки сканер қилиш, ва агар техник сабабларга кўра буни амалга ошириш мумкин бўлмаса, монополияга қарши органнинг ваколатли шахси ҳужжатларни олиб қўйиши ва мазкур ҳужжатлардан нусха олиш учун талаб қилинадиган бутун вақт мобайнида уларни сақлаб туриши мумкин;
•    текширув давомида барча хизмат жойлари ва ҳужжатларга банд қўйиш;
•    тараф вакили ёки унинг ходимларидан оғзаки ва ёзма тушунтиришлар, шунингдек тергов предмети бўлган фактлар ҳақидаги ҳужжатларни олиш ва агар ёзма тушунтириш зарур бўлса, монополияга қарши курашиш органининг ваколатли шахси тушунтириш тақдим этилиши шарт бўлган муддатни белгилаш;
•    келишувларни (келишилган ҳаракатларни) аниқлаш ва уларга чек қўйиш мақсадида тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувларни мувофиқлаштириш бўйича ваколатли органни хабардор қилмасдан тўсатдан текширишларни амалга ошириш (dawn raid);

б) Агентлик ва унинг ҳудудий органларига:

•    истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда давлат органлари, хўжалик юритувчи субъектлари билан муносабатларда, шунингдек судларда уларнинг номидан иштирок этади;

•    истеъмолчилар ҳуқуқ ва манфаатларини амалга ошириш юзасидан суддан ташқари тергов ўтказиш;

•    давлат органлари ва ташкилотларининг истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, истеъмол товарлари ва хизматлари сифати ва хавфсизлигини таъминлаш, реклама бозорини тартибга солиш соҳасидаги, шу жумладан истеъмолчиларнинг муаммоларини кўриб чиқиш ва ҳал қилиш тизимини самарали фаолият юритиш фаолиятини мувофиқлаштириш;

•    истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш нуқтаи назаридан савдо қоидаларига риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш;

•    Агентликнинг ахборот тизимини истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ва қонуний манфаатларини амалга ошириш фаолияти билан боғлиқ бўлган давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот тизимлари билан интеграциялаш;

•    истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этилишини ўрганишни текширувларни электрон шаклда рўйхатга олиш ягона тизимидан рўйхатдан ўтмаган ҳолда ушбу жараённи ва ҳуқуқбузарлик фактларни қайд этиш ҳамда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома расмийлаштириш мақсадида шахсий камера-видеорегистраторлардан фойдаланиш шарти билан амалга ошириш;

•    чакана савдо нуқталарида товар ва хизматларнинг назорат харидини амалга ошириш ва ишлаб чиқарувчилардан ҳамда улгуржи етказиб берувчилардан товар, буюм, хомашё, материаллар ва ярим тайёр маҳсулотлари намуналарини, шунингдек, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қонунчилик талабларига мувофиқлигини таҳлиллар, тадқиқотлар ва экспертизалар ўтказиш учун ҳужжатларни олиб қўйиш;

•    истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик, Агентликка ахборот бермаслик ёки била туриб нотўғри ахборот бериш, унинг кўрсатмаларини бажармаслик, шунингдек унинг фаолиятига аралашганлик ҳамда унинг ходимларига юклатилган вазифа ва функцияларни қонуний бажаришларига тўсқинлик қилиш мақсадида ҳар қандай шаклда таъсир ўтказганлик учун давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, шунингдек хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан жарималар қўллаш;

•    Ўзбекистон Республикасининг ҳар бир тармоғи ва ҳудуди бўйича истеъмолчиларни ҳимояланганлиги даражаси юзасидан рейтинглар тузиш;

•    зарурият бўлган тақдирда истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида тадбирларни ўтказишда жамоат тартибини таъминлаш учун ички ишлар органларнинг ходимларини жалб қилиш.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 23
Рейтинг: 2.9
t
×