“Муштум” қайтди. Партия очиш билан боғлиқ муаммолар нишонга олинди

Жамият 9665
image
-

Қарийб 100 йиллик тарихга эга бўлган “Муштум” журнали фаолияти қайта тикланди. “Цензура” ва иқтисодий инқироз сабаб бир неча йиллар давомида чоп этилмай келган журнал яна матбуот дўконларига қайтди. Фақат бор-йўғи 3000 ададда, холос. 

Миллий матбуотнинг ривожланишига катта ҳисса қўшган “Муштум” журнали сўз ва матбуот эркинлигининг ҳақиқий намунаси сифатида бундан 98 йил аввал майдонга кириб келган эди. 1923 йилда Абдулла Қодирий ва унинг сафдошлари томонидан асос солинган журнал жамиятдаги оғриқли муаммолар, илмсизлик, коррупция, давлат бошқарувидаги хато ва камчиликлар, сиёсий тузум устидан мушт уриши, халқнинг ўй-хаёллари, дарду ташвишларини қоғозга қоралаши билан жуда тез тилга тушган, қўлма қўл бўлиб ўқилган эди. 

Асосан ҳажв, танқид, очерк, фельетон жанрларига ихтисослашган журнал кейинги йилларда “цензура” ва унинг ортидан келган иқтисодий инқироз оқибатида аввалги эътиборини йўқотди. Журнал саҳифаларини танқидий материаллар ва карикатуралар ўрнига қарсакбозлик йўғрилган мақолалар ва қўрқа-писа қораланган нимарсалар эгаллади. Оқибатда журнал матбуот дўконларида чанг босиб қолаверди.  

“Муштум”нинг узоқ танаффусдан кейинги илк сони, албатта, уни машҳур қилган сонларига ўхшамаса-да, ҳақиқий “Муштум”ни тиклашга бўлган интилишларни пайқаш қийин эмас. Албатта, матбуот ва сўз эркинлигига соя тушиб тургудек бўлса, “Муштум”нинг зарби шапалоқданда таъсирсиз бўлиб қолаверади. 

Журналнинг илк сони 3-бетида эълон қилинган “Янги партия” номли ҳажв унинг ўз эътиборини яна тиклашига ҳали умид борлигидан дарак бераётгандек. Унда муаллиф мамлакатда янги партия тузиш билан боғлиқ рўй берган шов-шувли воқеаларни қалам орқали кулгуга олган. Мана, ўша ҳажвия: 

Афандидан бир одам, “Янги партия очмоқчиман, ишни нимадан бошласам экан?” деб маслаҳат сўрабди. 

— Об-бо оғримаган бошини оғритмоқчи бўлган бўтам-ей! — дебди Афанди, — Бунинг камида учта шарти бор.

— Хўш-хўш?

— Биринчидан, эшакдек келадиган қопағон ит боқишинг керак. Иккинчидан, ота-онанг ўлган бўлиши керак. Учинчидан, чет элда каталакдек бўлса ҳам битта уйинг бўлиши шарт. 

Ҳалиги одам Афанди ҳазиллашяпти, деса, қиёфаси жиддий. Шартларига изоҳ сўрабди. 

— Биринчидан, — дебди Афанди, — Ниятингни халққа ошкор қилишинг биланоқ умрингда башарасини кўрмаган шаллақи эркагу аёллар ёқангдан бўғиб, сени итдай талай бошлайди. Қопағон итинг сени ўша “ит”лардан ҳимоя қилиш учун керак. 

Иккинчидан ота-онанг ҳаёт бўлса, “Бу йўлингдан қайт, болам. Қайтмасанг, норозимиз!”, деб ҳар куни интернетга чиқавериб, жонингдан тўйдиришади. 

Учинчидан, партия оча олмасанг, олахуржунингни елкангга ташлаб, шартта чет элдаги уйингга кўчиб кетаверасан-да, бўтам!..

Журналнинг узоқ танаффусдан кейинги илк сони тақдимот маросимида қайд этилишича, ҳозирча “Муштум” ойда бир марта чоп этилиши белгиланган. 

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 414
Рейтинг: 3
Теглар
t
×