Нафақат Украина... Путин Хавфсизлик кенгашида янги хавфларни муҳокама қилди

Олам 19120
image

Аввал хабар берганимиздек, бугун, 13 май куни Россия Президенти Владимир Путин Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзолари учрашди. У йиғилишда Украинадаги вазият, Финляндия ва Швециянинг НАТОга кириши ортидан юзага келиши мумкин бўлган таҳдидлар ва бошқа масалаларни муҳокама қилди. Бу ҳақда Президент матбуот котиби Дмитрий Песков маълум қилди.

“Мудофаа вазири Шойгу долзарб масалалар билан бир қаторда йиғилиш иштирокчиларига махсус ҳарбий операциянинг бориши ҳақида маълумот берди”, дейди Кремль матбуот котиби.

Учрашувда, шунингдек келаси ҳафта бўлиб ўтадиган Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти саммити билан боғлиқ масалалар ҳам муҳокама қилинган.

Учрашувда Шойгудан ташқари Бош вазир Михаил Мишустин, Хавфсизлик кенгаши раҳбари ўринбосари Дмитрий Медведев, Кремль маъмурияти раҳбари Антон Вайно, Ички ишлар вазири Владимир Колоколцев, Федерал хавфсизлик хизмати директори Александр Бортников, Ташқи разведка хизмати раҳбари Сергей Наришкин ва Президентнинг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, экология ва транспорт бўйича махсус вакили Сергей Иванов иштирок этди.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 65
Рейтинг: 2.9
t
×