Россия депутатларини ҳам урушга юбориши мумкин

Олам 9927
image

Россия Давлат Думаси спикери Вячеслав Володин парламент қуйи палатаси аппаратининг зарур ҳарбий мутахассислик ва кўникмаларга эга бўлган депутатлари ва ходимларини Украинадаги урушга сафарбар этишни таклиф қилди. Бу ҳақда у парламент йиғилишида айтиб ўтган.

"Бизнинг ёрдамчиларимиз бор, катта аппаратимиз бор. Келинг, тажрибага эга, биз билан ишлайдиган ва "махсус операция"да қатнашишни хоҳловчиларни йиғайлик. Улар кўнгилли бўлиши мумкин, бизни фақат қўллаб-қувватланг. Бу ерда биз ўз позициямизга эга бўлишимиз керак, сиз ҳам, мен ҳам буни амалга оширишимиз керак. Чунки мен ҳамкасбларимизни биламан, улар шу ерда, "махсус операция"да иштирок этиш тўғрисида баёнот ёзган”, дейди спикер.

Шунингдек, у чечен кўнгиллиларига раҳбарлик қилаётган депутат Адам Делимханов, Дмитрий Саблин, Виктор Водолацкий, Ахмед Догаев ва бошқа парламент аъзоларини Донбассдаги ҳарбий операцияда қатнашаётганини эслатган.

“Ҳеч қандай зирҳ йўқ (яъни армияда хизмат қилмаслик ҳуқуқи – таҳр.) – келинг шундан келиб чиқайлик”, дейди Володин.

Маълумот ўрнида, май ойида Володин Думада Россия Федерациясининг "махсус ҳарбий операцияси"да иштирок этишни сўраган депутатлар борлиги ҳақида хабар берган эди.

Эслатиб ўтамиз, 21 сентябрь куни Владимир Путин Россияда қисман сафарбарлик тўғрисидаги фармонни имзолади, унга кўра биринчи босқичда 300 минг Россия фуқароси фронтга боради. Сафарбарлик ҳақидаги қарордан кейин Россия бўйлаб норозилик намойишлари авж олди. Ҳозиргача 1000 дан ортиқ одам ҳибсга олинган.

Фарангиз Салимова

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 142
Рейтинг: 3.1
t
×