Одамлар нега Ўзгидрометнинг об-ҳаво маълумотига ишонмайди?

Интервью 8337

Ўзбекистонда ёз ойларида кўпинча кўчалардаги термометрлар 50-60 даражани кўрсатаётгани акс этган суратлар тарқалиб, аҳоли орасида ваҳимага сабаб бўлди. Бу ўз навбатида об-ҳаво ҳақида ахборот берувчи синоптикларга ишончсизликни шакллантиради.

Аммо ҳаво ҳароратини ўлчашнинг ҳам ўз йўл йўриқлари бор ва бу термометрни офтобга олиб чиқиб қўйиш билан чекланмайди.

QALAMPIR.UZ жорий йилда ёзда кутилаётган об-ҳаво юзасидан Гидрометеорология хизмати маркази мутахассиси Улуғбек Шермуҳамедов билан суҳбат уюштирганди. Суҳбат давомида мутахассис одамларнинг об-ҳаво маълумотига ишончсиз қараши масаласида фикр билдириб ўтганди.

Феруза Нажмиддинова, журналист.: — Нима учун “Ўзгидромет”нинг об-ҳаво маълумотларига ишончсизлик бор?

Улуғбек Шермуҳамедов, синоптик: — Нафақат Ўзбекистонда, балки бутун дунёда синоптикларнинг прогнозларига шубҳа билан қараш кўп кузатилади. Синоптиклар ва об ҳавони прогноз қилувчилар ҳақида аскиялар, латифалар бор. Бу бутун дунёда тарқалган нарса, фақат Ўзбекистонда эмас. Буни сабаблари билан қизиқадиган бўлсак, бунга учта сабаб бор:

Биринчидан, ҳамма жойда ҳар хил лекин, бизда кўпроқ. Одамлар прогноз нималигини нотўғри тушунади. Масалан, эртага ёғингарчилик кутилмайди дейилса, бўлди ёмғир ёғмас экан дегани эмас. Биз барча бор маълумотларни анализ қиламиз, барча методлардан фойдаланиб эртанги кун учун умумий хулосалар чиқарамиз. Бу хулосалар натижасида қайси ҳудудда қандай ҳарорат, қандай ёғингарчилик бўлиши ёки бўлмаслигини айтамиз. Масалан ҳаво оқимларини йўналиши. Харитадан қараса бир фоиз ўзгариш ҳам катта роль ўйнайди. Масалан, Тошкентда ёғингарчилик бўлишини шу ҳал қилади. Ҳаво оқимининг бошқа йўналишга кетиши 70 фоиз, бу йўналишга кетиши 30 фоиз. Биз мана шу 70 фоизга таяниб туриб айтамизки, бизда ёғингарчилик бўлади ёки бўлмайди.

Прогнозни тўғри тушуниш керак. Бошқа мамлакатларда бу борада жуда кўп тушунтириш ишлари олиб борилади. Масалан, Россияда прогноз олувчиларга тушунтирилади: “Бизнинг прогнозлар мана шундай маълумотларга асосланган, ҳарорат 36-38 бўлиши мумкин бўлса айнан 36 ёки 38 бўлади дегани эмас. Ҳарорат шу икки рақам орасида бўлади” деб тушунтирилади. Башорат қилинаётган кун қанчалик яқин бўлса, аниқлиги юқори бўлади. Лекин жараён қийин. Айниқса баҳор пайтларида тез кечадиган жараён бўлиши мумкин. Шунинг учун, жараёни қийинлиги ва интенсивлигига қараб прогнозлар аниқроқ ёки эҳтимоллиги пастроқ бўлиши мумкин. Прогнозларни оддий одамлар тушунадиган терминлар асосида тушунтиришга ҳаракат қилинади.

Ф.Н.: — Кўп ҳолларда телевидение ва радио орқали об-ҳаво айтилади. Тошкент шаҳрида 38-40 даража иссиқ бўлади дейилди. Лекин, ижтимоий тармоқларда ҳарорат 51 даражагача кўтарилганини кўрдик. Ўша куни максимум 45 даража дейилган эди. Бу ҳолатни қанақа баҳолаш мумкин.

У.Ш.: — Демак, 40-45 деб прогноз беришимиз... Бу термометрда ўлчанадиган нарсани прогноз қилишимиз керак. Бизни термометр сояда турибди. Буни ўзини сабаблари бор. Термометр ҳаво ҳароратини ўлчаши керак, ўзининг ҳароратини эмас. Қуёш тагида турадиган бўлса ўзининг тагидаги темир колбаси қизийди ва у ўзининг ҳароратини ўлчайди. У нарса қизиқ эмаску. Машинани ҳарорати бошқа, унинг атрофидаги ҳарорат бошқа. Бизда “бутка”си бор. Буткани ҳаво кириб турадиган махсус жойлари бор. Унинг ичидаги ҳаво атрофдаги ҳаво билан бир хил. Сояда тургани сабаби мана шу ҳаво ҳароратини объектив ўлчаш учун.

Агар қуёшни тагида бўлса, ўзини ҳароратини ўлчаб ётаверади. Ўлчаш ишлари мана шундай махсус стандартлар бўйича амалга оширилади. Бутун дунёда ишлар мана шундай кўринишда олиб борилади. Нима учун? Ҳарорат бизда ўлчанадими, Англияда ўлчанадими ёки Америкада ўлчанадими фарқи йўқ, ҳамма жойда бир хил стандарт бир хил метод орқали ўлчанса, ана шунда бутун дунёдаги маълумот ассимиляция қилиниб прогноз учун ишлатилади.

Агар ҳамма жойда бир хил стандарт билан ўлчанса, эртага компьютерга киритилаётганда ҳам унинг устида ортиқча ноаниқлик деган нарса бўлмайди. Шунинг учун ҳамма жойда бир хил стандартда ўлчанади.

Яна бир сабаби, бу прогнозни ўзига тегишли. Бугунги кунда илм-фаннинг тараққиёти жуда ҳам олдинга чиқиб кетди. Лекин, шунга қарамасдан, табиат шундай мураккабки, биз уни тўлиқ ёрита бера оладиган модель ишлаб чиқолмаймиз. Унақа модель йўқ. Бизни табиат ҳақидаги билимларимиз етарли эмас. Шунинг учун, ҳар доим қандайдир ноаниқлик бўлади. Ҳар қандай биз киритаётган прогноз математикасида, физикасида қандайдир камчилик бўлади. Биз билмаймиз. Мана шуни ҳисобига бошида кўзимизга озгина бўлиб кўринган ноаниқлик икки соатдан сўнг 5 фоиз хатолик беради, 4 соатдан сўнг 10 фоиз хатолик беради. Вақт ўтиши билан мана шу хатолик ошиб бораверади. Масалан, 7 кундан кейин бераётган прогнозимиз 50/50 бўлиши мумкин.

Буни сабаби, у ёки бу одамнинг ёмонлигида эмас. Бунинг сабаби билимларимиз етарли бўлмаганида. Методларимиз мукаммал эмас. Шунинг учун прогнозларимиз камчиликларга эга.

Шунингдек, агар статистикани кўрадиган бўлсак, ёмғир ёғади, ёғмайди, ҳарорат бундай бўлади ёки ундай бўлади деб прогноз берилади. Биринчи, иккинчи ва учинчи кунларни назарда тутяпман, 90 фоиз ҳолларда прогнозимиз тўғри чиқади. Лекин, одамларни эсида айнан ўхшамаган, тўғри келмаган ҳолатлар қолади. Эски китобларда кўрган эдим. Унда бундай ёзилган эди: “Ҳар бир синоптик билиши керак, ҳар қанча яхши бўлишингдан қатъий назар одамлар қилган битта хатонгни узоқ вақт эслаб юради”. Мана ҳозиргача бу нарса актуал.

Кейин, яна бир нарсани ҳисобга олиш керак. Тошкент катта жой. Биз ёмғир прогнозини берамиз, Юнусободда ёғади, Чилонзорда ёғмайди. Чилонзорда турган одам нима дейди, “алдади” дейди. Юнусободдаги, “ҳа, майли тўғри чиқибди” дейди. Юнусободдагини эсидан чиқади, Чилонзордагини эсида қолади. Шунинг учун, бу ерда кўп факторлар бор. Мен сизга асосий сабабини кўрсатиб ўтдим.

Ушбу видеоинтервьюни юқоридаги видеоплеерда ёки YouTube’даги саҳифамизда томоша қилишингиз мумкин. 

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 57
Рейтинг: 3
Теглар
t
×