ОКМК Фрайберг кончилик академияси билан ҳамкорлик ўрнатди

Бизнес 6320
image

Олмалиқ кон-металлургия комбинати малакали мутахассисларни тайёрлаш мақсадида бир неча йиллардан буён қатор хориж давлатларининг олийгоҳлари билан ҳамкорлик қилиб келади.

Шундай ҳамкорлик алоқалари доирасида Олмалиқ кон-металлургия комбинатига Германия давлатининг Фрайберг техника университети Кончилик академияси ректори К.Д. Барбкнехт ва Дрезден шаҳри хусусий университети президенти Х.Мюллер-Штайнхагенлар ташриф буюришди.

Ташриф давомида ОКМК раҳбарияти ва германиялик меҳмонлар ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқалари юзасидан музокаралар ўтказилди.

Шунингдек, меҳмонларга комбинатда трансформация жараёни, рақамлаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида маълумотлар берилди.

Делегация вакиллари Қалмоққир, "Ёшлик-1" конлари, янги барпо этилаётган 3-Мис бойитиш фабрикаси, Мис бойитиш фабрикаси, Мис эритиш заводи, Марказий таъмирлаш механика заводи, Нодир металлар ва қаттиқ қотишмалар илмий ишлаб чиқариш бирлашмаси фаолиятлари билан ҳам яқиндан танишишди.

Ташриф якунида ОКМК ва Фрайберг техника университети Кончилик академияси ўртасида комбинатга малакали мутахассислар тайёрлаш бўйича меморандум имзоланди.

Маълумот учун, Фрайберг кончилик академияси 1739 йилда ташкил топган бўлиб, Германиянинг энг нуфузли техник олийгоҳларидан бири ҳисобланади. 250 йиллик тарихга эга Олийгоҳ кончилик ва металлургия соҳасининг малакали мутахассисларини тайёрлаш бўйича етакчи саналади.

Минералогия, геология, металлургия, материалларни ўрганиш, энергетика ва экология каби йўналишларда бу ерда таҳсил олган талабалар томонидан саноат соҳасида ўнлаб кашфиётлар яратилган. Жумладан, индий ва германий кимевий элементлари ҳам айнан Фрайберг кончилик академияси томонидан кашф қилинган. Ҳозирда эса академияда ярим ўтказгичлар бўйича илмий тадқиқот ишлари самарали олиб борилмоқда. Муҳими, Фрайберг кончилик академияси ўзини замонавий, экотежамкор технологияларни татбиқ этиши билан ҳурмат қозонган.

Эътиборлиси, мазкур академияда ўқиш истагини билдирган комбинат ишчи ходимларига тавсияномалар берилмоқда. Дастлабки талабалар яқин кунларда Германиянинг бу нуфузли олийгоҳида таҳсил олишга жўнатилади.

"Олмалиқ кон-металлургия комбинати билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатилганидан беҳад хурсандмиз. Бугун комбинат фаолияти билан яқиндан танишиб, унинг захиралари бойлиги, истиқболли лойиҳалар амалга оширилаётганини, корхонанинг барқарор фаолият юритаётгани далили эканлигини кўрдик. Бизда таҳсил олган талабалар Германия саноат корхоналарида ва ОКМКда амалиёт ўтаб, саноат соҳасини ривожланишига янада катта ҳисса қўшишларига ишонамиз", дейди К.Д.Барбкнехт.

Ўзбекистон билан аввалроқ ҳамкорлик алоқаларини ўрнатмагинимизга афсусдамиз. Ўйлайманки ушбу ҳамкорлигимиз бардавомлик касб этади.

ОКМК Ахборот хизмати

Реклама ҳуқуқи асосида

Маркетинг
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 5
Рейтинг: 3.4
t
×