Онангни отангга бепардоз кўрсатма ёхуд ОАВдаги рекламалар кимга халал беряпти? 

Таҳлил 7240
image

Сўнгги кунларда янги таҳрирдаги “Реклама тўғрисида”ги қонун лойиҳасида оммавий ахборот воситаларининг молиявий ҳолатига салбий таъсир қилувчи бир қанча чекловлар мавжудлиги ва депутатлар томонидан ушбу қонун лойиҳаси биринчи ўқишда 98,4 фоиз овоз билан маъқуллангани медиа маконнинг хусусий субъектларининг эътирозларига сабаб бўлмоқда.

1998 йилдан буён бугунги кунгача амалда бўлган “Реклама тўғрисида”ги қонунга 23 йил ичида 14 маротаба ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган. Энди эса қонун медиа соҳасининг фаолиятига жиддий таъсир қилувчи нормалар билан янги таҳрирда қубул қилиниш арафасида.

Бугунги кунда ОАВ халққа беминнат хизмат қилиб, Ўзбекистон ҳамда халқаро майдонда бўлаётган воқеа ва ҳодисаларни аҳолига тезкор етказиш, мамлакатда мавжуд бўлган муаммоларни ечишда фаол иштирок этиш, давлат сиёсатини фуқароларга аниқ, тўғри етказиш, шунингдек аҳоли ва давлат ўртасидаги мулоқотни боғлашда асосий кўприк вазифасини бажариб келмоқда.

Нодавлат ОАВ ҳар доим ўзини ўзи молиялаштириб келган. Бунинг ягона манбаи – реклама. ОАВнинг мақсади ҳалққа холис хизмат қилишдан иборат, лекин иқтисодчиларнинг машҳур иборасида “харажатсиз ҳаракат нолга тенг” дейилгани бежиз эмас. ОАВ ўз фаолиятини тўлақонли юритишда, уни ривожлантиришда, албатта, молиявий жиҳатдан барқарор бўлиши лозим. Ушбу қонун лойиҳасининг келгусида қабул қилиниши давлат томонидан молиялаштирилмайдиган ОАВнинг жиддий хавотирига сабаб бўлмоқда. Негаки, Ўзбекистонда ҳозиргача хусусий матбуот учун бюджетдан ҳеч қандай молиявий ёрдам ёки субсидия ажратиш белгиланмаган. Бунга ўтган йилги пандемия даврида кўплаб соҳаларга субсидия ажратилиб, ОАВ четга қолгани яққол мисол бўла олади.

Чунки тадбиркорлик субъектлари ва ОАВ бир-бири билан чамбарчас боғлиқ. Шунингдек, хусусий ОАВ асосий даромад манбаи – реклама. ОАВ реклама орқали ўзини молиялаштиради ва ушбу даромад орқали давлат бюджетига солиқ тўлайди. Бундан ташқари, тадбиркор медиа маконда турли йўллар билан ўз маҳсулотини реклама қилиб, харидорларни жалб қилиши – бизнеснинг “олтин қоидаси”. Қолаверса, бу замон талаби ҳамдир.

Амалдаги “Реклама тўғрисида”ги қонунда аслида қандай? 

1998 йилда қабул қилинган ва ҳозирда амалда бўлган “Реклама тўғрисида”ги қонунинг 22-моддасида кўра, дори воситалари рекламасида қуйидагилар бўлиши шарт:
•    дори воситасининг тўлиқ номи (шу жумладан халқаро фармакологик номи) ва ишлаб чиқарувчисининг номи;
•    дори воситасидан фойдаланиш ёки уни қўллаш ҳақидаги ахборот бўлиши лозимлиги таъкидланган. 

Янги таҳрирдаги қонунда ушбу нормалар олиб ташланмоқда ва ушбу нормалардан фойдаланганлик учун санкиция жорий қилинмоқда. 

Янги таҳрирдаги қонун лойиҳасида баъзи қулайликлар ҳам мавжуд. Масалан, амалдаги “Реклама тўғрисида”ги қонунининг 17-моддасида 45 минутдан ортиқ давом этадиган концерт-томоша ва спорт дастурлари, кино- ва телефильмлар реклама учун тўлиқ 45 минутлик вақт оралиғида кўпи билан бир марта узиб қўйилиши мумкин деб белгиланган бўлса, янги таҳрирдаги қонун лойиҳасида эса 30 дақиқагача давом этадиган концерт-томоша ва спорт дастурлари, кино- ва телефильмлар реклама учун тўлиқ 30 дақиқалик вақт оралиғида кўпи билан бир марта узиб қўйилиши мумкин. 30 дақиқадан ортиқ давом этадиган концерт-томоша ва спорт дастурлари, кино- ва телефильмлар бошлангандан сўнг реклама жойлаштириш учун фақат ҳар 15 дақиқада узиб қўйилишига йўл қўйилади дейилган. Бундан кўриниб турибдики, қонуннинг янги таҳририга кўра, 30 минутдан ортиқ, масалан 45 минут давом этадиган концерт-томоша ва спорт дастурлари, кино- ва телефильмларни реклама учун уч маратоба узиб қўйиш мумкин бўлади.  

Шунингдек, амалдаги “Реклама тўғрисида”ги қонунда болалар даврасига (ўн тўрт ёшгача бўлганларга) мўлжалланган кўрсатувларда (эшиттиришларда) реклама тақиқланади. Ушбу норма болалар даврасига (ўн тўрт ёшгача бўлганларга) мўлжалланган кўрсатувларда  ҳар қандай маҳсулотни, ҳатто болалар учун фойдали бўлиши мумкин бўлган маҳсулотларни реклама қилишни чеклайди.  Янги таҳрирдаги қонун лойиҳасида эса болалар телевизион дастурларида вояга етмаганлар сотиб олиши ёки истеъмол қилиши тақиқланган маҳсулотлар рекламасини тарқатиш тақиқланган. 

Ушбу нормани таҳлил қиладиган бўлсак, болалар учун рухсат этилган, фойдали бўлган маҳсулотларни реклама қилиш мумкин бўлади. Демак, фақат ушбу реклама қилинаётган маҳсулотлар вояга етмаганлар сотиб олиши ёки истеъмол қилиши тақиқланган маҳсулотлар бўлмаслиги кифоя. Бу эса мамлакатдаги мавжуд телеканаллар ва радиоларда яна болаларга оид кўрсатувлар, эшиттиришлар, мультфильм ва қизиқарли дастурлар сони ортишига хизмат қилиши кутилмоқда. 

Янги таҳрирдаги “Реклама тўғрисида”ги қонун лойиҳасида нималар ўзгармоқда?

Янги таҳрирдаги “Реклама тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг 18-моддасида шундай бандлар борки, унга кўра, қуйидагиларни тайёрлашда ҳомийлик ва ҳамкорликка йўл қўйилмайди:

•    янгиликлар тўғрисидаги ахборот-таҳлилий кўрсатувларда;
•    реклама роликлари ва блокларида;
•    телерадиодастурларнинг анонслари ва блокларида.

Ушбу норма нафақат ОАВнинг, балки тадбиркорларнинг фаолиятига ҳам жиддий зарар етказиши мумкин. Чунки реклама маҳсулотини ОАВда эълон қилишда ҳар иккала томон ҳам бир хилда манфаатдордир. Президент томонидан товар ва молия бозорларида рақобатни ривожлантириш, тадбиркорлик субъектлари фаолияти учун тенг шароитларни яратиш, ошкораликни таъминлашни амалга оширишга оид давлат дастури қабул қилинган бир вақтда янги таҳрирдаги “Реклама тўғрисида”ги қонун лойиҳасидаги мантиқсиз нормаларни киритиш қанчалик тўғри?! 

Бундан ташқари, қонуннинг 29-моддасида дори воситалари рекламасида қуйидагилар тақиқланмоқда:

•    реклама қилинаётган дори воситасининг нархи ёки нарх сиёсати тўғрисида бирор-бир эслатмадан фойдаланиш ёки ушбу дори воситасининг қулай нархда эканлиги тўғрисида таассурот қолдириш;
•    таниқли шахслар, тиббиёт ходимлари ёки ташқи кўриниши шифокорларнинг ташқи қиёфасига ўхшаш шахслар иштирокидан фойдаланиш;
•    жамоатчиликнинг дори воситасининг таъсири ҳақидаги миннатдорлик, тавсиялар ва эътирофларидан фойдаланиш;
•    касаллик (жароҳат) ва (ёки) дори воситаларининг инсон танасига таъсирида юз берадиган ўзгаришлар тўғрисидаги видеотасма, тасвирлар ва визуал намойишлардан фойдаланиш;
•    улардан фойдаланиш ёки истеъмол қилиш жараёнларини тасвирлаш.

Аслини олганда, ишлаб чиқилган дори воситаларини реклама қилишдан мақсад препаратнинг фойдали томонлари, ҳамёнбоплиги, ундан қандай фойдаланилиши ёки истеъмол қилиниши ҳақида аҳолига етарлича маълумот беришдан иборат. Дори воситасини харид қилиш ёки истеъмол қилиш эса истеъмолчининг танловидир. Қонуннинг 29-моддасидаги чекловчи нормалар шу ҳолатида қабул қилиниши тадбиркорлик субъектлари ўртасида рақобатнинг мувозанати бузулишига олиб келади. Чунки қабул қилинаётган янги қонун лойиҳаси тасдиқлангунга қадар реклама қилинган товарлар ёки дори маҳсулотлари, аллақачон бозор муносабатида ўзининг ўрнини эгаллаб улгурган. Бизни қизиқтираётган томони қонун лойиҳаси тасдиқлангандан сўнг тадбиркорлар ўртасидаги тенглик принципи ва рақобат масалалари нима бўлишидир.

Халқаро тажриба қандай? 

Дунё давлатларининг реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларини оладиган бўлсак, масалан АҚШда реклама эркинлиги шахсий сўз эркинлиги сифатида тан олинган. Дарҳақиқат, тадбиркорнинг ишлаб чиқарган товарини реклама қилиши унинг сўзи ҳисобланади. Демак, ушбу норманинг қабул қилиниши тадбиркорнинг рекламага бўлган “сўз эркинлиги”ни бўғишдир.

Тўғри, давлат томонидан ёлғон ёки чалғитувчи реклама, ноқонуний товарлар ва хизматларнинг тарғиботини, шунингдек ишончли рекламани тарқатишни тартибга солиш борасида чекловлар ўринли. Лекин, қонунда тақиқланмаган маҳсулотларни реклама қилишни мантиқсиз нормалар билан мураккаблаштириш ўринлими?!

Маълумот учун, бугунги кунда Ўзбекистонда жами 1893 та ОАВ давлат рўйхатидан ўтган бўлиб, булар орасида 642 та газета, 482 та журнал, 17 та бюллетень-ахборотнома, 5 та ахборот агентлиги, 72 та телеканал, 37 та радиоканал, 638 та веб-сайт бор. Мамлакатдаги 2 мингга яқин ОАВнинг 1175 таси хусусий субъектлар бўлиб, уларнинг 304 таси газета, 276 таси журнал, 6 таси ахборотнома-бюллетень, 36 таси телеканал, 33 таси радиоканал, 2 таси ахборот агентлиги, 518 таси веб-сайт кўринишида фаолият юритади.

Энди эса ўйлаб кўрайлик: депутатлар томонидан биринчи ўқишда 98,4 фоиз овоз билан маъқулланган ўзгартириш ва қўшимчалар берсанг ейман, урсанг ўламан, деб ўтирмай, ўз аравасини ўзи тортаётган, минглаб одамларни иш билан таъминлаб, давлат ва халқ манфаатларига хизмат қилаётган 1175 та хусусий ОАВга қанчалик фойда келтиради? Қонунларда бунда якдиллик билан қабул қилишдан олдин дўппини бир четга қўйиб ўйлаб кўриш вақти келмадими? Қолаверса, халқда онангни отангга бепардоз кўрсатма, деган нақл бор. Тадбиркорларнинг қўлидан ўзи ишлаб чиқараётган маҳсулотни реклама қилиш имконияти олиб қўйилса, уларнинг қўлида яна нима қолади? Масаланинг нозик жиҳати шундаки, Ўзбекистонда фармацестика соҳаси у қадар ривожланган эмас. Ҳамон энг оддий дориларни ҳам хориждан харид қиламиз. Шундай вазиятда дори рекламаларининг тақиқлаб қўйилиши фармацевтика соҳасининг ривожига қанчалик хизмат қиларкин? 
 

Шоҳрух Олимжонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 37
Рейтинг: 3
t
×