Президент Тошкент шаҳридаги қурилишлар билан танишмоқда

Жамият 6537
image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев айни вақтларда Тошкент шаҳридаги бунёдкорлик ишлари билан танишмоқда.

Биринчи объект Мирзо Улуғбек туманидаги Геология фанлари университети бўлди. Давлат раҳбари жорий йил 31 январь куни ушбу янги олий ўқув юрти қурилишига тамал тоши қўйган эди. Бугунга келиб бинолар анча қад кўтариб қолди.

Лойиҳа доирасида 6 та кўп қаватли иморат барпо этилиши ва 4 таси реконструкция қилиниши кўзда тутилган. Ҳозирги биринчи босқичда ўқув корпуси, Нефть ва газ конлари геологияси ҳамда қидируви институти, Минерал ресурслар институти, Геология ва геофизика институти, Геология музейи бинолари, кутубхона, ётоқхона бунёд этилмоқда.

Президент бу ерга яна келиб, қурилиш ишлари ва режалар билан шахсан танишгани бежиз эмас.

“Илм бизнинг қонимизда, генимизда бор. Бу марказ ҳам учинчи Ренессанс пойдеворларидан бири”, дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари жорий йил 24 январда Олий Мажлисга Мурожаатномасида ҳамда 31 январь куни илм-фан вакиллари билан учрашувда геология соҳасини ривожлантиришга доир долзарб вазифаларни белгилаб берган эди. Шу асосда мамлакатда янги геология тизими яратилмоқда. Президентнинг бу соҳага оид 4 та қарори қабул қилинган.

Президент Матбуот хизматининг қайд этишича, геология фанлари университети соҳадаги илмий муассасаларни жамлаган яхлит мажмуа бўлади. Унинг таркибига 4 та илмий-тадқиқот институти кирган. Илгари улар тарқоқ жойлашган эди. Шунингдек, бу ерга Геология музейи кўчириб келинади. Соҳадаги муассасалар бир жойда бўлиши мутахассисларнинг яқин ҳамкорликда ишлаши, талабаларнинг илмий лабораторияларда амалиёт ўташини таъминлайди. Бу эса биноларга хизмат кўрсатиш учун ҳам қулай ва тежамкор.

Давлат раҳбари шу ерда илмий-тадқиқот институтлари раҳбарлари билан суҳбатлашди.

“Илм-фан барча соҳаларни фундаментал ривожлантириш учун асос. Аввалдан эътибор берганимизда, геологиянинг ҳамма йўналишлари бўйича 15-20 фоиз аҳолини иш билан таъминлашимиз мумкин эди. Мана энди олимларга шароит яратишга ҳаракат қиляпмиз, интеллектуал мулкни асраб, қўллаб-қувватлаяпмиз. Интеллектуал мулк унинг эгасига ҳам, давлатга ҳам манфаат келтиради”, дейди Президент.

Шавкат Мирзиёев ушбу даргоҳда яратиладиган шароитлар билан қизиқиб, қурилиш сифатли, лабораториялар юқори технологияли бўлиши кераклигини таъкидлади.

“Замин мустаҳкам бўлиши керак. Биз бу университетни келажак учун қуряпмиз”, деди давлат раҳбари.

Шу ерда лойиҳанинг иккинчи босқичи тақдимот қилинди. Бу босқичда Давлат геология қўмитаси биноси, Геология ахборот маркази, Геоинновацион технологиялар маркази, автотураргоҳ барпо этилиши режалаштирилган.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 113
Рейтинг: 3.2
t
×