Путин бир шарт билан глобал озиқ-овқат инқирозини ҳал қилишини айтди

Олам 52065
image

Россия мамлакатга сиёсий сабабларга кўра киритилган санкциялар бекор қилинса, озиқ-овқат инқирозини енгиб ўтишга ҳисса қўшишга тайёр. Бу ҳақда Россия Президенти Владимир Путин Италия Бош вазири Марио Драги билан телефон орқали қилган мулоқотида маълум қилди.

Путиннинг сўзларига кўра, дунёдаги озиқ-овқат инқирози Россияга қарши санкциялар, шунингдек, COVID-19 пандемиясининг оқибатлари туфайли ёмонлашган. 

Суҳбат чоғида Путин Россияни жаҳон бозорларига қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш билан боғлиқ муаммоларда асоссиз айбланаётганини ҳам таъкидлаган. 

Унинг сўзларига кўра, юзага келган қийинчиликлар, жумладан, ишлаб чиқариш ва логистика занжирлари фаолиятидаги носозликлар пандемия даврида Ғарб давлатларининг молиявий сиёсати билан боғлиқ. 

“АҚШ ва Европа Иттифоқи томонидан Россияга қарши санкциялар жорий этилиши муносабати билан вазият ёмонлашди”, дея қўшимча қилган Президент.

Бироқ, агар Ғарб Россиядан “сиёсий сабабларга кўра чекловлар”ни олиб ташласа, мамлакат “ғалла ва ўғит экспорти орқали озиқ-овқат инқирозини енгиб чиқишга катта ҳисса қўшишга тайёр”, деган у. 

Бундан ташқари, Италия Бош вазири ва Россия Президенти энергия хавфсизлиги масалаларини муҳокама қилган. Путиннинг таъкидлашича, Москва Италияга “шартномаларда белгиланган нархларда” узлуксиз табиий газ етказиб беришни таъминлашга тайёр.

Германия Иқтисодиёт вазири Роберт Хабек ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти вакили Девид Набарро аввалроқ Украинада содир бўлаётган воқеалар туфайли глобал озиқ-овқат ҳалокати хавфи ҳақида огоҳлантириб, 94 давлатга кучли очарчилик таҳдид солаётганини қўшимча қилганди. 

“Bloomberg”га кўра, Россия ва Украина жаҳонда ғалла экинларининг асосий экспортчилари бўлиб, бу давлатлар ўртасидаги зиддият халқаро майдонда буғдой таъминоти барқарорлигига таҳдид солмоқда.

Глобал экспортнинг 30 фоизи шу икки давлат ҳиссасига тўғри келади. Азов ва Қора денгиздаги Россия босиб олган украин портлари украин ва рус буғдойини халқаро бозорга элтадиган асосий экспорт маршрутидир.

Россия ва Украина биргаликда йилига 112 миллион тоннага яқин буғдой ишлаб чиқаради. Бу АҚШ ва Канада бозорларининг умумий ҳажмидан уч баробар кўп. Жаҳон буғдой савдосининг чорак қисмидан кўпроғи, маккажўхори савдосининг 20 фоизи ва кунгабоқар ёғи савдосининг 80 фоизи мазкур икки давлат ҳиссасига тўғри келади.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 411
Рейтинг: 3
t
×