Россия қандай фикрда? Сергей Шойгу Афғонистондаги вазиятга баҳо берди

Олам 32786
image
-

Афғонистондаги вазиятни ечиш учун тезкор чоралар кўриш ва халқаро ҳамжамиятни жалб қилиш талаб қилинади. Россия Федерацияси Мудофаа вазири Сергей Шойгу минтақада юзага келган кескинликка шундай муносабат билдирди.

“Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти доирасида, шунингдек янги шароитларда ташкилот аъзоларининг мудофаа қобилиятини ошириш бўйича зарур чоралар кўрилади”, деган Шойгу Халқаро хавфсизлик бўйича Москва конференциясида.

Шойгу мавжуд кескинликни бартараф қилиш учун Афғонистон билан чегарадош барча давлатлар, шу жумладан Покистон ва Эрон вакиллари Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг имкониятларидан фойдаланиш зарурлигини таъкидлади.

“Исломобод ва Теҳрон билан ўзаро алоқасиз “афғон низоси”ни ечиб бўлмайди”, деган РФ Мудофаа вазири.

Шойгу нутқи давомида НАТО 20 йил давомида Афғонистонда натижага эриша олмаганини таъкидлаб, альянс кетиши ортидан эса мамлакатда фуқаролик уруши бошланиши мумкинлигини айтиб ўтган.

“Афғонистондаги воқеалар ривожи қўшни давлатларнинг ҳам, халқаро ташкилотларнинг ҳам жиддий диққат-эътиборини талаб қилади. Шуни тан олиш керакки, 20 йил давомида мамлакатда Ғарб альянсининг муҳим ҳарбий қисми бўлганига қарамай, барқарорлаштириш ва давлат бошқарувчининг мустаҳкам тузилмаларини шакллантиришга эришилмади”, деган Шойгу.

РФ Мудофаа вазири НАТО кучлари Афғонистонни тарк этиши билан фуқаролик уруши қайта бошланиши ва мудҳиш оқибатларга олиб келиши мумкинлигидан хавотирда. Хусусан, ҳозирги кескинлик келгусида ҳаётнинг янада оғирлашишига, оммавий миграция ва энг ёмони экстремизмнинг қўшни давлатларга ҳам тарқалишига олиб келиши мумкин.

Фаоллашиб қолган “Толибон”

Тасдиқланган маълумотларга кўра, сўнгги ўн кун ичида Афғонистоннинг Тожикистон билан чегарадош тўрт вилоятида ҳукумат кучлари ва “Толибон” ўртасида тўқнашувлар бўлган.

Натижада Таҳор вилоятининг Чаҳеб, Янги Калъа, Даркад, Дашти Қалъа, Хожағор туманлари, Қундуз вилоятининг Дашти Арчи, Имом Соҳиб ва Қалъаи Зол туманлари, шунингдек Шерхон-Бандар ва Кокул назорат пунктлари “Толибон” назорати остига ўтди. Постни қўриқлаган афғон аскарлари Тожикистонга қочиб ўтган.

Маълумот ўрнида, Шерхон-Бандар божхона пости — Тожикистон ва Афғонистон ўртасидаги муҳим савдо ва қайта юклаш пункти, у орқали Тожикистоннинг Жанубий ва Жануби-Шарқий Осиёдан, шу жумладан Покистон ҳамда Эрондан келадиган юклари ўтади.

Жорий йилнинг 1 июнь ҳолатига кўра, Афғонистоннинг 50 фоизини (34 та провинциянинг 17 таси) “Толибон” ҳаракати назорат қилмоқда.

Сўнгги бир ой ичида у “Толибон” кучлари билан тўғридан-тўғри Фарёб, Жузжон ва Сари-Пул ҳудудларида кураш олиб борганди.

Қайд этиш керакки, АҚШ ўз қўшинларини Афғонистондан олиб чиқишни бошлагандан бери “Толибон” кескин ҳаракат қилмоқда. Хусусан, жорий йилнинг июнь ойида “Толибон” ҳаракати Афғонистон шимолидаги Фарёб провинциясининг Давлат Обод, Қайсар ва Гҳор провинциясининг Шаҳрек ҳамда Урузган провинциясининг Гизоб туманларини қўлга киритган эди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг май ойида АҚШ Афғонистондан ўз қўшинларини олиб чиқиш ишларини бошлаб юборди. Шу вақтгача Америка ўз ҳарбий контингентининг учдан бир қисмини бу мамлакатдан олиб чиқиб кетди.  

Маълумот ўрнида, 2020 йил февраль ойи охирида АҚШ ва “Толибон” тинчлик шартномасини имзолади. Келишувга кўра, Америка қўшинлари шартнома тузилганидан 14 ой ўтгач, аниқроғи 2021 йилнинг майигача Афғонистонни тарк этиши керак эди. Бироқ бу жараённинг “старт” олиши бироз кечикди.

Жорий йилнинг 14 апрель куни Президент Жо Байден АҚШнинг Афғонистондаги миссияси якунланганини ва 1 майдан бошлаб ушбу мамлакатдан қўшинларини олиб чиқишни бошлашини эълон қилди. Унга кўра, қўшинларни олиб чиқиб кетиш 11 сентябргача якунланиши керак.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 759
Рейтинг: 3
t
×