Россия Канададан аламини олди

Олам 41940
image

Россия жавоб чораси сифатида Канаданинг 87 фуқароси, жумладан ушбу мамлакатнинг бир қанча вилоятлари раҳбарлари, миллий мудофаа вазирлари ўринбосарлари ва Киевга қурол етказиб берувчи компаниялар раҳбарияти учун мамлакатга киришини тақиқлади. Бу ҳақда Россия Ташқи ишлар вазирлигининг бугун, 22 сентябрь куни тарқатган баёнотида айтилади. 

“Канадада ҳукмрон (Бош вазир) Жастин Трюдо режими томонидан вақти-вақти билан жорий этилган Россияга қарши санкцияларга жавобан, бу санкциялар барча даражадаги ҳукумат амалдорларига, жумладан, минтақавий, журналистлар, маданият арбоблари ва расмий Оттавага мос келмайдиган оддий русларга таъсир кўрсатганидан келиб чиқиб, Россия Федерациясига кириш 87 Канада фуқароси учун ёпилади”, дейилади хабарда. 

Дипломатик ваколатхона веб-сайтида эълон қилинган баёнот матнида санкциялар рўйхатига киритилган шахсларнинг исм-шарифи ҳам келтирилган. 

“Канада санкциялари рўйхати кенгайишини ҳисобга олсак, Россия томонидан Канада фуқароларини "рўйхатга олиш" тўғрисида янги эълонлар келади. Биз ўзаро тамойилдан келиб чиқамиз”, дейилади Россия дипломатик департаменти ҳужжатида.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг июль ойида Канада ҳукумати Россия Федерациясининг 29 нафар жисмоний ва 15 нафар юридик шахсига нисбатан санкциялар жорий қилганди. 

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. 

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 205
Рейтинг: 3
t
×