“Россия КХДР позициясини тушунади”. Жанубий Корея вакили Москвадан ёрдам сўради

Олам 6530
image

Россия Корея яриморолининг ядровий муаммоси бўйича мулоқотни тиклашда муҳим ёрдам бериши мумкин. Бу ҳақда Корея Республикасининг тинчлик ва хавфсизлик бўйича махсус вакили Но Гю Док Москвага учишдан олдин маълум қилди.  

“Ҳозирда Корея яриморолидаги тинчлик жараёни тўхтатилган. Мулоқотни тезлик билан қайта бошлаш керак, бунда Россиянинг ўрни ниҳоятда муҳим”, деб таъкидлаган дипломат. 

Унинг фикрича, Россия — Шимолий Корея позициясини яхши тушунадиган мамлакат. 

“Кореялараро муносабатларни яхшилаш ҳамда АҚШ ва Шимол ўртасидаги музокараларни қайта бошлаш учун биз Москвадан аввалгидек конструктив роль ўйнашда давом этишини сўраймиз”, деган Но Гю Док. 

Таъкидланишича, махсус вакил Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазири ўринбосари Игор Моргулов билан биргаликда КХДР билан мулоқотни қайта тиклаш йўлларини муҳокама қилади. Кутилишича, Москвадаги учрашувда бошқа масалалар, хусусан, Жанубий Корея Президенти Мун Чжэ Иннинг 1950-53 йиллардаги Корея уруши тугаганини ҳужжатлаштириш ташаббуси ҳам муҳокама қилинади. 

Бу жорий йилда Но Гю Док ва Моргуловнинг иккинчи шахсий учрашуви бўлади. Россия вазири ўринбосари шу йилнинг август ойида Сеулга ташриф буюрган. Сафар чоғида у АҚШнинг КХДР бўйича махсус вакили Сонг Ким билан музокара ўтказган, суҳбат давомида томонлар Корея яримороли атрофидаги вазиятни ҳал қилиш истиқболларини муҳокама қилган.

Рушана Султонова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 223
Рейтинг: 2.9
Теглар
t
×