Россияда 15 июлдан кинотеатрлар фаолияти тикланади

Олам 1917
image

Россияда коронавирус пандемиясига қарши карантин чоралари сабаб ёпилган кинотеатрлар жорий йилнинг 15 июлидан фаолиятини қайта тиклайди. Бу ҳақда мамлакат Бош вазири ўринбосари Дмитрий Чернишенко Бош вазир Михаил Мишустин билан суҳбатда маълум қилди. 

Россияда кинотеатрлар жорий йилнинг март ойи охирида коронавирус пандемияси авж олгани сабаб Бош вазир ўринбосари Татьяна Голикованинг ташаббуси билан ёпилган эди. Чернишенко эса жорий ой бошида ўтган брифингда кинотеатрлар июль ойи ўрталарида очилишини ваъда қилганди. 

Ҳукумат раиси ўринбосарининг қайд этишича, мамлакатдаги маданият ва туризм ташкилотлари фаолиятини қайта тиклаб, нормал ҳаётга қайтмоқда. 

“Биз барча кўнгилочар марказлар ва ҳордиқ чиқариш масканлари фаолиятини тиклаётгани, қайта туғилиш даврини бошидан кечираётганини кўриб турибмиз. Туризм, спорт ва маданият соҳаси вакилларининг иштиёқини ҳис қиляпмиз. Одамлар ҳақиқатан ҳам ишларини соғиниб, нормал ҳаётга қайтмоқда”, дейди Бош вазир ўринбосари.

Шунингдек, у ҳудудлардаги маданий ҳаёт музейлар фаолияти тикланишидан бошланганини айтади. 

Маълумот ўрнида, Россия коронавирусга чалиниши ҳолатлари кўплиги бўйича дунёда учинчи ўринни эгалламоқда. Федерацияда 640 246 киши коронавирусга чалинган бўлиб, 402 778 нафари соғайган. 9152 киши коронавирус сабаб вафот этган. 

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 33
Рейтинг: 3
t
×