Симли интернет тезлиги бўйича Ўзбекистон Туркия, Қозоғистон ва Озарбайжонни ортда қолдирди

Бизнес 10518
image

Speedtest.net – Ookla компанияси (АҚШ) томонидан 2006 йилда ташкил этилган бўлиб, интернет тезлигини ўлчаш тестлари натижаларини умумлаштириб, ўртача статистик кўрсаткичлар асосида давлатларнинг ойлик/йиллик рейтинги шакллантирилади.

Speedtest Global Index (www.speedtest.net)  рейтингининг жорий йил апрель ойининг якунига кўра, Ўзбекистон симли Интернет ресурсларининг юкланиш тезлиги бўйича – 39,76 Мбит/сек тезлик билан 181 та давлат ичида 6 поғона кўтарилиб 84-ўринни эгаллади. 

Мазкур рейтингда Арманистон – 90, Қозоғистон – 92 (аксарият интернет каналлари шу давлат орқали бизга келади), Туркия – 101, Озарбайжон – 118-ўринда.

Интернет нархи бўйича аввал хабар берилганидек БМТ Халқаро электр алоқа иттифоқининг 2021 йилги ҳисоботига кўра, Ўзбекистон кенг полосали мобиль интернет нархлари бўйича БМТнинг 2 фоизлик кўрсаткичини бажарган 4 давлат қаторидан жой олди.

Британиянинг Cable.co.uk портали маълумотларига кўра, дунё рейтингида Ўзбекистон мобиль интернет хизматларининг арзонлиги бўйича 21-ўринни, кенг полосали симли интернет хизматларининг арзонлиги бўйича 19-ўринни эгаллади. 

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан жорий йилнинг апрель ойида ўтказилган сўровнома натижасига кўра, алоқа ва интернет хизматлари аҳоли томонидан нархларнинг ўсиши энг кам сезилган хизматлар (товарлар) сифатида эътироф этилган. 

Рақамли инфратузилмани янада ривожлантириш борасида амалга оширилган ишлар натижасида жорий йил бошидан:

• интернет тармоғига уланиш тезлигини янада ошириш мақсадида Халқаро пакетли коммутация марказининг ўтказувчанлик имкониятлари 1,8 Тбит/сек.дан 3,2 Тбит/сек.га етказилиб, 1,8 баробарга оширилди;

• транспорт телекоммуникация тармоғини ўтказувчанлик қобилиятини вилоят марказигача 600 Гбит/сек ёки 3 баробарга, туман марказларигача 60 Гбит/сек га ёки 3 баробарга кенгайтирилди;

• ҳозирги кунга қадар республика миқёсида 19 минг километрдан ортиқ оптик толали алоқа линиялари қурилди. 

Мазкур ишларни тизимли давом эттирган ҳолда 2022 йил якунига қадар қуйидаги устувор вазифалар белгилаб олинди:

 биринчидан, мобиль алоқа операторлари тармоқларида 4 минг та янги таянч станцияларини ўрнатиш (бу Speedtest Global Index’да мобиль интернет тезлиги бўйича мамлакат рейтингини ошишига ёрдам беради); 

иккинчидан, транспорт телекоммуникация тармоғини ўтказувчанлик қобилиятини вилоят марказигача 700 Гбит/секгача ва туман марказларигача 80 Гбит/секгача етказиш;

учинчидан, республика миқёсида 620 минг портга тенг кенг полосали тармоқ қурилмаларини ўрнатиш ҳамда 50 минг километрдан ортиқ оптик толали алоқа линияларини қуриш.

Мазкур лойиҳалар амалга оширилиши натижасида йил якунига қадар мамлакатимиз аҳолисини юқори тезликдаги интернет хизматларидан фойдаланиш имкониятлари кенгайтирилади, мобиль алоқа хизматлари сифати яхшиланади ҳамда Халқаро рейтингда Ўзбекистоннинг ўрни янада оширилиши таъминланади. 

Реклама ҳуқуқи асосида

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 110
Рейтинг: 3.1
t
×