Сирдарёда 8 марта судланган ўта хавфли рецидивист яна жиноятга қўл урди

3-саҳифа 8479
image
-

Гулистон шаҳрида яшовчи, саккиз марта судланиб, 27 йил қамоқда ўтирган 67 ёшли отахон яна жиноят содир этган. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Гулистон шаҳрида яшовчи 67 ёшли С.Бобоев илгари саккиз маротаба судланиб, “ўта хавфли рецидивист” тамғасини олган. У ҳаётининг 27 йилдан ортиғини панжара ортида ўтказган. Лекин бундан тегишли хулоса чиқармасдан яна жиноятга қўл урди.

С.Бобоев ўта хавфли рецидивист бўла туриб, ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилиш мақсадида, ўтган йилнинг 19 август куни соат 21:30 ларда маст ҳолатда Гулистон шаҳридаги Б.Исаеванинг яшаш хонадони олдига келиб, дарвозада қулф осилганини кўриб, воқеа жойида бармоқ изларини қолдирмаслик мақсадида ўзи билан олиб келган тиббиёт қўлқопни кийиб олиб, сўнг ғайриқонуний равишда девордан ҳовлига ошиб ўтган. Уйнинг кириш эшигини осма қулфини бузиб, уйнинг ичкарисига кириб, ўзганинг 3 500 000 сўмлик бир дона “Artel” русумли телевизорини ўғирламоқчи бўлган вақтида, уй эгасининг фарзанди Р.Исаевни кўриб қолган, ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра, жиноятни охирига етказмасдан, воқеа жойидан яширинган.

Бундан ташқари, ўтган йилнинг 21 август куни соат 10:15 ларда Сирдарё вилояти ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган “Қорадори-2021” тадбири давомида Гулистон шаҳридаги С.Бобоевнинг яшаш хонадони холислар иштирокида кўздан кечирилганида, хонадонда экилган атиргуллар орасида уч туп яшил рангли, ўзига хос ўткир ҳидли наша гиёҳвандлик ўсимлигини қонунга хилоф равишда етиштириб келаётгани аниқланиб, ушбу уч туп гиёҳвандлик ўсимликлари ашёвий далил тариқасида олинган.

Олиб борилган тезкор қидирув ишлари натижасида С.Бобоев қўлга олинади, унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 25, 169-моддаси 4-қисми “а” ва 270-моддаси 2-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилади. Суд эса, уни айнан шу моддалар  билан айбдор деб топиб, яна Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаб, 5 йил 3 ой муддатга озодликдан маҳрум этган.

С.Бобоев бундан норози бўлиб, кекса ёшини ва бу ишларидан тавба қилганлигини айтиб, умрининг қолган вақтини озодликда ўтказишни сўраб, апелляция шикоятини берган.

Апелляция инстанцияси суди, биринчи босқич суди томонидан С.Бобоевга жазо тайинлашда қилмишнинг сабабини, унинг шахсини, муқаддам судланганлигини, жиноятни ғараз ниятда содир қилганлигини, муқаддам саккиз маротаба судланганлигини, бундан ўзига тегишли хулоса чиқармасдан, жазони ўташ вақтида янги жиноятни қасддан содир этганлигини, жиноятларнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражасини инобатга олиб, қонун санкцияси назарида тутилган энг кам озодликдан маҳрум қилиш жазосидан ҳам камроқ озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаб, қонуний ва асосли хулосага келганлигини эътироф этган.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 388
Рейтинг: 3
Теглар
t
×