TOP-10: Трамп бузган президентлик меъёрлари 

Таҳлил 23536
image

АҚШ Президентлиги учун сайлов ўтказилганига бугун 12 кун бўлди. Аммо ғолиб ҳамон расман эълон қилингани йўқ. Овозларни санаш давом этаётганига қарамай, ҳозирги ҳолат Байденнинг ғалабасига ишора қиляпти. Бундан ташқари, кўплаб давлатлар, жумладан, ривожланган Ғарб мамлакатлари демократ Жо Байден ғалабасини тан олди.

Амалдаги Президент Дональд Трамп эса америкаликлар орасида сайлов натижасига шубҳа уйғотадиган бир қатор популистик чиқишлари ва Twitter'даги шов-шувли баёнотлари билан шовқин қўтариб, АҚШ Президентлари орасида шаклланган анъаналарни яққол бузди. Бу ягона ҳолат эмас. 

Қуйида Трамп бузган энг муҳим 10 та президентлик нормалари ҳақида маълумот берамиз!

1. Ўзининг манфаатини халқникидан устун қўйдими?

Тарихан Президентлар шахсий молиявий манфаатларидан келиб чиқиб қарор қабул қилмасликларига жамоатчиликни ишонтириш учун мулкларини фаол назорат қилишдан ёки активларга эгалик қилишдан ўзларини тийиб келишган.

Манфаатлар тўқнашуви юз берганда, фронтнинг ҳар иккала томонида ҳам ўзи туриб қолиб, қарор қабул қилишда холисликни йўқотмаслик учун Президент Трамп бизнесидан узоқлашиш кераклигини айтган эди. Ҳа, бу тўғри, бироқ Трамп ўз бизнес империясидаги ҳар кунлик ишларни ўғилларига топширса-да, мол-мулкини бошқариш ва унга эгалик қилишдан воз кечмади.

“The Washinton Post” газетасининг ёзишича, Трамп Президент бўлганидан бери бизнес-империясига 280 мартадан кўпроқ ташриф буюриши, унинг таркибидаги тадбиркорлик объектларининг обрўси ошишига ва бирор манфаат кўзлаб Трамп маъмуриятига ёқиш истагида бўлган хорижий ва сиёсий мижозларнинг жалб қилинишига олиб келган.

Махфий хизмат ва бошқа давлат идоралари 2,5 миллиондан ортиқ, Трамнинг сайловолди кампанияси ва маблағ йиғиш қўмитаси эса 5,6 миллион доллар миқдоридаги суммаларни тадбирлар ва меҳмонхона хизматлари учун Трампнинг империясига ўтказган. Ана сизга бизнес!

2. Солиқ декларациясини оммадан яшириш

АҚШнинг 37-Президенти Ричард Никсон давридан бери анъанага айланган солиқ декларациясини оммага намойиш этишни Дональд Трамп турли баҳоналар билан истамади.

Бироқ “The New York Times” Трампнинг солиқ декларациясини қўлга киритиб, уни таҳлил қилганида сиёсатчи 2016 ва 2017 йилларда 750 доллар федерал солиқ тўлагани маълум бўлди. Ваҳоланки, 2017 йилнинг ўзида биргина ҳамшира 10 000 доллар федерал солиқ тўлаган.

3. 40 йиллик анъанага чек қўйди

1980 йил, ўша даврдаги АҚШ раҳбари Жимми Картер ўзидан олдинги Президент Жеральд Фордни Оқ уйга таклиф қилди. Шарқий залда ўтказилган маросимда собиқ АҚШ Президенти Форднинг сурати намойиш қилинди ва Оқ уйдан абадий жой олди. Шу-шу бу маросим анъанага айланиб 40 йилдан бери давом этиб келади. Охирги марта Барак Обама кичик Жорж Бушни таклиф қилган эди. 

Навбат Трампга келганида бошқа анъаналар каби бу ерда ҳам занжир узилди. Энг қизиғи Барак Обамага яқин бўлган демократ Байден шунча ҳунар кўрсатган республикачи Трампга ҳам бу борада илтифот кўрсатмаса керак.

4. Назоратдан қочиш

Президент Трамп разведка ҳамжамияти, мудофаа, соғлиқни сақлаш ва аҳолига хизмат кўрсатиш вазирлиги, транспорт ва давлат департаментининг ички назоратчилари ҳисобланган бош инспекторларни ишдан бўшатди.

Баъзи ҳолларда, ишдан бўшатишлар Трамп ёки унинг иттифоқчиларини ғазаблантирган ҳаракатлар учун қасос каби кўринади. Масалан, Трампнинг импичментига олиб келган “Украина иши”нинг асосий фигуранти, махсус хизматларнинг бош инспектори Аткинсоннинг вазифасидан озод этилиши бунга мисол бўла олади. 

Яна бир мисол: Соғлиқни сақлаш ва аҳолига хизмат кўрсатиш бош инспектори вазифасини бажарувчи Кристи Гримм ниқоб каби ҳимоя воситаларининг ҳамда СOVID-19 ни аниқлаш тестининг “жиддий танқислиги” тўғрисида ҳисобот тайёрлаганидан бир ой ўтар-ўтмас вазифасидан озод этилган. Президентлик меъёрларига зид бўлган “менга қаршимисан, демак ишдан кетасан” қабилида юритилган сиёсат АҚШнинг бир қатор экспертларининг норозилиги ва хавотирларига сабаб бўлди. 

5. Дипломатиядаги шахсий манфаат

Миллий хавфсизлик бўйича Трампнинг собиқ маслаҳатчиси Жон Болтоннинг мемуарига кўра, 2019 йил июнь ойида Трамп Хитой раҳбари Си Цзиньпиндан кўпроқ соя ёғи ва буғдой сотиб олиш эвазига қайта сайланиш истиқболларига ёрдам беришини илтимос қилган экан.

6. Энг кўп ёлғон ва чалғитувчи баёнотлар берган Президент

“The Washinton Post” газетасининг ёзишича, жорий йилнинг август ойига қадар Трамп 22 247 марта ёлғон баёнот берган. Қуйида улардан бир нечтасини келтирамиз:
–  Қисқа уч йил ичида биз дунё тарихидаги энг кучли иқтисодиётни қурдик;
–  Россиянинг сохта жодугарларини ов қилиш ишимни мураккаблаштирди;
–  Отам Германиядан келган (аслида унинг отаси Нью-Йоркда туғилган—таҳр.);
–  Сиз Facebook'да биринчи рақамли эканлигимни биласизми?

7. Мағлубнинг нутқи

Қўшма Штатлардаги президентлик сайлов тизимининг муҳим босқичларидан бири бу – ҳокимиятни топшириш вақтида мағлуб бўлган номзоднинг ғолибни табрикловчи нутқи. Ушбу анъана 1896 йилда Демократлар партиясидан номзод Вилям Женкинс Браян ўзининг республикачи рақибига телеграмма юборганида бошланган. 

Шу-шу мағлубнинг табрик сўзи фуқаролик бурчига айланди. Бу жараён рамзий маънони билдирсада, ҳокимят – халқнинг иродаси эканлигини кўрсатиб турадиган характерга эга.

Трампнинг мағлубияти аниқ бўлиб улгурди. Вашингтондан келаётган хабарларга кўра, Трампнинг нутқ сўзлаши даргумон. Ўзини сиёсатчи деб билмайдиган Президент учун АҚШ анъаналарининг ҳам аҳамияти йўқ экан.

8. Ирқчиликка даъват қилган Президент 

Эсингизда бўлса, Трамп 2018 йилда АҚШ Конгресси аъзолари билан ёпиқ учрашувда “қора” қитъа давлатлари номига қўпол сўзлар айтган эди. 2019 йилда эса ўзининг Twitter саҳифасида демократлардан бўлган тўрт нафар аёл конгрессменларга нисбатан ирқий сўзлардан фойдаланган

Бу ҳали ҳаммаси эмас, охирги кунларнинг мувафаққиятсиз қаҳрамони бўлиб турган Трамп, бир пайтлар Барак Обамага нисбатан ишлатган ирқий сўзларини шу кунларда вице-президент бўлишга яқин турган Камола Харрисга ҳам айтишга улгурди. “Black Lives Matter”га эса нафратнинг рамзи деб таъриф берган ҳам айнан жаноб Трамп эди.

9. Олимлар билан ҳеч ҳам маслаҳатлашмайди

Олимлар ва маълум бир соҳа экспертлари билан маслаҳатлашиш, уларнинг тавсияларини инобатга олиш қарорларнинг етарли даражада муваффақиятли бўлишини таъминлайди ва бу АҚШ Президентлари учун меъёрий чора-тадбирга айланган. Трампнинг ушбу одатлардан воз кечиши ҳамда қарорларни ўзбошимчалик билан қабул қилиши коронавирус пандемияси пайтида яққол намоён бўлди. Хусусан, ниқоб тақиш, оломон тўпланишининг олдини олиш, шу жумладан Президентнинг ўзи ўтказадиган митингларни қистқартириш бўйича Коронавирус Ишчи гуруҳи этакчи олимларининг кўрсатмаларига қарши чиқди. 

Охир-оқибат Трампнинг “ахмоқона” карорлари ўз сўзини айтди ва АҚШ  касалланиш ҳолатлари бўйича дунёда биринчи ўринга чиқиб олди. 

10. Сайлов тизимига нисбатан халқда ишончсизлик уйғотган Президент

Америка тарихидаги ҳар бир амалдаги Президент ҳокимиятни тинч йўл билан топшириш истиқболларини қабул қилган. АҚШ замонавий тарихида эса бирон бир амалдаги Президент сайловларда фирибгарликлар ва ноқонуний натижаларни башорат қилиб, сайлов тизими обрўсига Трамп қадар путур етказмаган.

Овоз бериш жараёнлари тугаб, Байденга имкониятни бой берганлиги тобора аниқ бўлгани сари, Трампнинг сайлов ҳақидаги баёнотлари янада вазиятни чигаллаштирмоқда.

Фаррухжон Муродқулов

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 398
Рейтинг: 3
t
×