Тошкент “сариқ“дан “қизил“га ўтадими? Шаҳар ҳокимлиги расмийси изоҳ берди

Жамият 20958
image

Ҳозирда ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳри “сариқ“ тоифадаги ҳудуддан “қизил“ тоифадаги ҳудудга ўтиши ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Шу муносабат билан QALAMPIR.UZ мухбири Тошкент шаҳар ҳокимлиги Матбуот хизмати раҳбари Фурқат Маҳмудхўжаев билан боғланди.

Қандайдир ўзгариш бўладиган бўлса бу ҳақда расмий равишда олдиндан ахборот берилади. Ваҳимага ўрин йўқ. Тошкент шаҳри шундай тузилганки, агар шаҳарнинг бир тумани “қизил“ тоифада бўлиб, иккичиси “яшил“ ёки “сариқ“ бўладиган тақдирда одамларда ҳаракатланиш борасида, ишга бориб-келиш борасида юзлаб саволлар пайдо бўлмоқда. Агар бу (“қизил“ тоифадаги карантин чекловлари) ҳаётга татбиқ этиладиган бўлса қийналиб қолинади. Карантин шароитида яшашни ўрганишимиз, иқтисодиётни ривожлантиришимиз керак. Энг яхшиси карантин қоидаларига қатъий амал қилиш.

Очиқ гапириш керак, ижтимоий тармоқларда бежиз гапирилаётгани йўқ. Сабаби, енгиллик берилгандан сўнг қоидаларга амал қилиш баъзи фуқароларимиз томонидан ташлаб қўйилди, десак хато қилмаган бўламиз. Ўзимиз ҳам кўряпмиз, масалан, кўчаларда юрганда илтимос қиламиз “Ниқобларингизни кийинг, ижтимоий масофани сақланг ва ҳоказо“ деб.

Яна бир бор айтаман, агар бу борада (карантин чекловлари кучайтирилиши билан боғлиқ) янгилик бўладиган бўлса расмий тарзда маълум қилинади. Лекин бугунги кунда бундай расмий хабар бўлмайди.

Бир нарсани айтиш жоиз, чекловлар юмшатилди дегани карантин тугади дегани эмас. Эшитдик, кўчада болалар ниқобсиз кетишаётган экан, “Нега ниқобсиз юрибсизлар“, деса “Карантин тугадику“, дейишипти. Карантин тугагани йўқ. Карантин шарт-шароити юмшатилдики, одамларга енгиллик бўлсин деб. Аммо, санитар нормалари ташлаб қўйилмайди, Аксинча, санитар нормаларига қатъий риоя этилиши талаб этилади.

Ҳамшаҳарлардан карантин қоидаларига қатъий риоя қилишни илтимос қиламиз. Ана шунда ҳар хил ваҳима гаплар бўлмайди“, дейди Фурқат Маҳмудхўжаев

Демак, ижтимоий тармоқдаги “Тошкент 1 июндан ёпилади яна кириш чиқиш тўхтатилади, машиналар қатнови чекланади“ деган гаплар ёлғон?

“Бундай гапларга асос йўқ. Лекин, барибир ҳеч нима бўлмас экан, деб бемалол бўлиб қолинса, санитар нормаларига бепарво қараладиган бўлса касаллик кўпайиши мумкин. Бунда эҳтиёт чораларини кўриш масалани кўтаришга мажбур бўлинади. Аммо, бугун, 27 майга келиб шаҳар“қизил“ тоифага кириши тўғрисида ҳеч қандай расмий хабар йўқ“, дейди Фурқат Маҳмудхўжаев.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент вилоятининг туман ва шаҳарлари эпидемиологик ҳолат сабаб қайта тоифаланган эди. Хусусан, Қибрай ва бошқа туманларга кириб-чиқиш чекланди.

 
Нуруллоҳ Шарипов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 606
Рейтинг: 3
t
×