Тошкентда 56 яшар аёл тўйга бориб, коронавирус юқтириб олди

Жамият 72733
image

Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олгани аниқланган биринчи бемор билан мулоқотда бўлган бошқа шахс ҳам коронавирус юқтириб олгани айтилмоқда. Қайд этилишича, у коронавирус юқтирган биринчи бемор билан тўйда қатнашган. Бу ҳақда Бош прокуратура хабар бермоқда. 

Кеча, 22 март куни аёл 1964 йилда туғилган М.Т. Республика вирусология илмий текширув институтига ўзида коронавирус (Covid-19) касаллиги мавжудлигини текшириш мақсадида қон таҳлилларини топширган. 

Бироқ, у таҳлил натижасини кутмасдан, карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ёки тарқалишининг олдини олиш мақсадида белгиланган қоидаларни бузиб, Қибрай тумани Роҳатбахш кўчасидаги хонадонга келиб, фуқаролар билан мулоқотда бўлган.

Таассуфки, таҳлиллари натижасига кўра, М.Т.да коронавирус (Covid-19) аломатлари аниқланган ва у тиббиёт муассасасига жойлаштирилган.

Аниқланишича, фуқаро М.Т. жорий йилнинг 12 март куни юқорида кўрсатилган манзилда ўтказилаётган тўй маросимида коронавирус (Covid-19) аниқланган биринчи бемор билан учрашиб, мулоқотда бўлгани сабаб, вирус мавжудлигини текшириш зарурати пайдо бўлган.

Бош прокуратура матбуот хизмати хабарига кўра, мазкур ҳолат юзасидан 22 мартда фуқаро М.Т.га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 54-моддаси (Эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш) билан маъмурий ҳуқуқбузарликка оид иш қўзғатилган.

Ҳодиса жойига Қибрай тумани карантин гуруҳи чиқиб, ҳуқуқбузар мулоқотда бўлган шахсларнинг яшаш жойлари дезинфекция қилиниб, барчаси Чирчиқ шаҳар юқумли касалликлар шифохонасига карантинга ётқизилган.

Маълумот ўрнида, Ўзбекистон Республикасига кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясининг қарорига биноан 23 мартдан эътиборан тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросим сингари оммавий тадбирлар ўтказилиши бекор қилинган эди. 

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Айни вақтда ушбу вирусни юқтириб олганлар 45 нафарга етди.

Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг, #UydaHayotBor

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 2424
Рейтинг: 2.9
t
×