Товар ва хизматлар нархини тўлов шаклига қараб ўзгартиришга жавобгарлик белгиланди

Жамият 3698
image

Ўзбекистон Президенти жорий йилнинг 11 март куни “Солиқ маъмуриятчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунни имзолади.

Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга қўшимчалар киритилди.

Унга кўра, солиқ ҳисоботини ўз вақтида тақдим этмаслик ҳамда солиқ ва йиғимларни тўлаш учун тўлов топшириқномасини хизмат кўрсатаётган банкка тақдим этмаслик ёки ўз вақтида тақдим этмаслик Солиқ органларининг Ягона автоматлаштирилган ахборот тизими орқали қайд этилган ҳолда юридик шахснинг раҳбари ва якка тартибдаги тадбиркорнинг маъмурий жавобгарликка тортилишига асос бўлади.

Шунингдек, товарлар ва кўрсатилаётган хизматлар учун нақд пул маблағлари билан ёки пластик карточкалар бўйича ҳисоб-китоб шаклига қараб, уларнинг нархларини сунъий равишда ошириш ёки пасайтириш БҲМнинг 30 баравари (8 млн 100 минг сўм) миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Қонун билан Солиқ кодексига солиқ назоратини амалга оширишга доир ҳаракатларнинг холислигини таъминлашга қаратилган ўзгартиришлар киритилди.

Унга кўра, Солиқ назоратини амалга оширишга доир ҳаракатларнинг холислиги видеотасвирга олиш қурилмаларидан фойдаланиш воситасида, бундай имконият мавжуд бўлмаганда эса холислар иштирокида амалга оширилади.

Видеотасвирни ёзиб олиш тўхтовсиз ва изчил равишда олиб борилади. Видеотасвир материалларининг кўчирма нусхаси солиқ тўловчига ёки унинг вакилига солиқ назоратига оид тадбир тугагач тақдим этилади.

Қонунчиликда видеоёзув тақиқланган ҳолларда ёки холислар солиқ назоратини амалга ошириш билан боғлиқ ҳаракатларга мажбурий тартибда жалб этилади.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 123
Рейтинг: 3
Теглар
t
×