Трамп тарафдорлари митингларни Telegram орқали режалаштирмоқда

Олам 3460
image

АҚШнинг амалдаги Президенти Дональд Трамп тарафдорлари сайланган Президент Жо Байденнинг инаугурацияси куни намойиш ўтказишни режалаштириш учун махфий Telegram каналлардан фойдаланмоқда. Бу ҳақда АҚШнинг NBC News нашри хабар берди.

Маълум қилинишича, Трамп тарафдорлари Telegram каналлари орқали 20 январь куни бўлиб ўтадиган Байденнинг инаугурация маросимида Ҳукумат амалдорларига қарши зўравонлик қилишга чақирмоқда. Зўравонлик фаоллари каналларда қўлбола қурол ва бомбаларни ясаш, яшириш ва улардан фойдаланиш тўғрисида кўрсатмалар билан ҳам бўлишмоқда. 

Ҳабарга кўра, АҚШ Федерал қидирув бюроси, аллақачон, 50 та штат пойтахтида содир бўлиши мумкин бўлган қуролли норозилик намойишлари тўғрисида ҳуқуқ-тартибот ва хавфсизликни таъминловчи органларга огоҳлантирувчи хабарлар юборган.

Маълумот учун, айни пайтда оммавий ахборот воситаларида Apple App store’дан Telegram мессенжерини ўчириб юбориши мумкинлиги тўғрисида хабарлар пайдо бўлган.

Ўз навбатида, АҚШнинг амалдаги Президенти Дональд Трамп мамлакатда кечаётган вазиятга баҳо бериб, сайланган Жозеф Байденнинг инаугурацияси олдидан хавфсизликни таъминлаш мақсадида фавқулодда ҳолат эълон қилган ва Вашингтонга федерал ёрдам юборган.

Маълумот ўрнида, 6 январь куни Трамп тарафдорлари АҚШ Конгресси биносига бостириб кириб, 3 ноябрь куни мамлакатда бўлиб ўтган президентлик сайлов натижалари тасдиқланишига тўсқинлик қилмоқчи бўлди. Тез орада полиция ва махсус кучлар Капитолий тепалигидаги Конгресс биносидан Трампни қўллаб-қувватловчи намойишчиларни чиқарди. Конгрессменлар Байденни сайланган Президент сифатида тасдиқлаш жараёнини муваффақиятли якунлади. Сўнгги маълумотларга кўра, тартибсизликлар оқибатида беш киши ҳалок бўлган ва 70 га яқин киши ҳибсга олинган.

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 81
Рейтинг: 3
Теглар
t
×