Трамп яна импичмент ёқасида. Бу қандай содир бўлади?

Таҳлил 5933
image

АҚШ Вакиллар палатасидаги Демократлар партиясининг етакчи сиёсатчилари амалдаги Президент Дональд Трампга импичмент эълон қилиш тўғрисидаги қарор лойиҳасини тақдим қилди. Республикачининг ваколати 20 январда, ноябрда бўлиб ўтган сайловларда ғалаба қозонган демократ Жо Байденнинг инаугурацияси куни тугайди, аммо Конгрессдаги сиёсатчилар Трампни ушбу муддатдан олдин лавозимидан олиб ташлашни лозим деб билади. Трампнинг мухолифларига кўра, унинг сайловдаги мағлубиятини тан олишдан бош тортиши ва тарафдорларининг даъвоси сабаб Конгресс биносига ҳужум уюштирилди. 

Трампни ҳокимиятдан четлатиш учун демократлардан икки ташаббус

Қарор Вакиллар Палатасига тақдим этилган. АҚШ Конституциясига киритилган 14-тузатишнинг 3-бўлими “қўзғолон ёки исёнда” иштирок этган шахснинг Қўшма Штатларда бирон бир лавозимни эгаллашини тақиқлайди, бу омил эълон қилинган қарорда импичмент учун асосдир.

Нэнси Пелоси

Шу билан бирга, Вакиллар палатаси спикери, демократ Ненси Пелосининг таъкидлашича, импичмент – энг сўнгги чора. Демократлар Трамп Конституцияга киритилган 25-тузатишга биноан, лавозимидан четлатилади, деб умид қилмоқда. Унинг сўзларига кўра, амалдаги Президент вице-президентнинг қарори ва маъмуриятдаги асосий лавозимларнинг аксарияти билан лавозимидан четлаштирилиши мумкин. Улар Трамп ўз вазифаларини бажаришда давом эта олмайди, деган қарорга келиши керак. Вазирлар Маҳкамаси таркибига давлат раҳбари ва вице-президент Майк Пенсдан ташқари яна 15 та ижро этувчи амалдор, жумладан, Давлат котиби Майк Помпео ва Молия вазири Стивен Мнучин киради. Пелосининг сўзларига кўра, у яқин келажакда Пенсни 25-моддага биноан, Президентни лавозимидан четлатишга чақирувчи резолюция киритмоқчи. Бироқ, Пенснинг ўзи Трампни олиб ташлаш масаласини кўтармоқчи эмас.

Агар Пенс Трампни лавозимидан четлаштириш учун Вазирлар маҳкамасини чақирмаса, демократлар кеча, 11 январь куни тақдим этилган импичмент тўғрисидаги резолюция асосида, Президентга импичмент эълон қилади.

Импичмент одатда қандай содир бўлади?

Импичмент жараёни Вакиллар палатаси ташаббуси билан амалга оширилади. Шу билан бирга, импичмент масаласи палатада овозга қўйилишидан олдин қандай тартибларга амал қилиниши кераклиги тўғрисида аниқ қоидалар мавжуд эмас. Ўрнатилган амалиётга кўра, биринчидан, қуйи палата аъзолари импичмент жараёнини бошлаш тўғрисида қарор қабул қилади. Кейинчалик, Оқ уй қўмитаси импичмент учун асосларни кўриб чиқиши керак. Одатда, юридик ишлар қўмитаси бундай текширувни олиб боради. Вакиллар палатасининг қўмитаси Президентга қўйилган айбловларни ўрганиб чиқиб, асослар етарли ёки йўқлигини ҳал қилади. Агар қўмита аъзоларининг аксарияти асосларни этарли деб ҳисобласа, унда Президентга қарши бир ёки бир нечта айбловлар Вакиллар Палатаси олдида кўриб чиқилади. 2019 йил декабрида Вакиллар Палатасининг Суд-ҳуқуқ қўмитаси президентга қўйилган иккита айблов бўйича – ваколатларини суиистеъмол қилиш ва Конгресснинг терговига тўсқинлик қилиш тўғрисида қарор қабул қилиш учун умумий палатада овоз беришга қарор қилди. Қўмитада 23 конгрессмен овоз берди (барча демократлар), қаршилар 17 нафар (барча республикачилар).

Ҳуқуқий қўмита томонидан тасдиқланганидан сўнг, импичмент тўғрисидаги қарор бутун Вакиллар Палатасининг овозига қўйилади. Кўпчилик қўллаб-қувватлаши керак. 2019 йил декабрь ойида 228 конгрессмен (барчаси демократлар ва битта мустақил) қуйи палатада импичмент учун овоз берди, 193 киши бунга қарши бўлган (битта демократ ва барча республикачилар).

Бу сафар демократлар айблов пунктлари тўғрисида қарор қабул қилди ва дарҳол палатанинг барча таркиби томонидан овоз беришга ўтишни ният қилди. Шундан сўнг, импичмент жараёни Сенатда давом этади.

Умиджон Нозимжонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 75
Рейтинг: 3.1
t
×