Туркияга арабча азонни қайтарган Бош вазирнинг осилганига 60 йил тўлди

Таҳлил 42682
image

Туркия тарихига назар ташласак кўплаб ҳарбий тўнтаришларни кўришимиз мумкин. 1960 йилнинг 27 май, 1971 йилнинг 12 март, 1980 йилнинг 12 сентябрь, 1997 йилнинг 28 февраль ва 2007 йилнинг 27 апрель куни ҳарбийлар томонидан мавжуд ҳокимиятга қарши амалга оширилган тўнтаришлар шулар жумласидан. 1960 йил 25 май куни Туркияда генерал Камал Гурсел бошчилигидаги ҳарбий тўнтариш натижасида ҳукумат раҳбари Аднан Мендерес ҳокимиятдан ағдарилади ва ҳибсга олинади. Туркия ҳарбий суди мамлакатни Ғарб давлатлари билан яқинлаштириб, иқтисодни ривожлантирган Мендересни ўлим жазосига ҳукм қилди. Аднан Мендерес суд ҳукми билан 1961 йил 17 сентябрь куни осиб ўлдирилади. Хўш, 60 йил олдин Туркияда бўлиб ўтган ҳарбий инқилоб вақтида Аднан Мендерес нима учун йўқ қилинган? Бугунги мақоламизда 1950-1960 йилларда Туркия Бош вазири лавозимида иш олиб борган Аднан Мендерес ҳақида маълумот берамиз.

Мендереснинг сиёсий фаолияти

Али Аднан Эртекин Мендерес 1899 йил Туркия ғарбидаги Айдин шаҳрида туғилган. Унинг ёшлиги ҳақида маълумотлар кам. У ўзининг сиёсий фаолиятини 1944 йилда бошлаган. Мендерес ўша йили мамлакатдаги Жалол Баяр бошчилигидаги мухолиф Туркия Демократик партиясига қўшилади. Аммо, Мендерес партия лидерлари билан келиша олмасдан 1944 йилнинг сентябрь ойида бу ҳаракат аъзолигидан чиқади. 1950 йилги Туркия Президентлик сайловида демократик партия раҳбари Жалол Баяр 63 фоиз овоз билан ғалаба қозонди. Янги Президент Жалол Баяр кутилмаганда Аднан Мендересни мамлакат Бош вазири этиб тайинлади. Кўпчилик бу вазифада бошқа инсонни кутган эди.

Аднан Мендерес Туркиянинг ўн тўққизинчи ҳукуматини тузди. Янги ҳукумат 1950 йил 22 май куни ўз фаолиятини бошлади. Мендерес 10 йил Бош вазирлиги даврида (1950-1960) Туркиянинг ички ва ташқи сиёсатида катта ўзгаришлар юз берди. Хусусан Мендерес ҳукуматининг биринчи ҳаракати, амалдаги президентнинг суратини тангаларга босиб чиқаришни бекор қилиб, унинг ўрнига Мустафо Камол Отатуркнинг расмларини чоп эттирди. Кейинчалик, Мендерес азонни турк тилида ўқилишини тўхтатиб, араб тилида ўқишга рухсат берди. 1950 йил 6 июнда бу ўзгаришларга қарши ҳарбий тўнтариш бўлиб ўтди. Аммо бу инқилоб амалга ошмади. Тўнтаришни режалаштирган 15 та генерал ва 150 та полковник қўлга олиниб, истеъфога чиқарилди.

Мендерес юритган ташқи сиёсат

Мендерес Бош вазирлиги даврида (1950-1960) Туркия иқтисодиёти секин-аста оёққа тура бошлайди. У Ғарб давлатлари билан яхши алоқа ўрнатди. АҚШ ва Буюк Британиянинг ишбилармон доиралари билан яхши алоқада бўлган Аднан Мендерес ушбу мамлакатлар ёрдамида Туркия иқтисодиётига, айниқса, қишлоқ хўжалигига замонавий технологияларни олиб кирди. 1951 йил Мендерес ҳукумати Корея урушида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг қўшинлари сафига Туркиянинг қўшилиши тўғрисида қарор қабул қилди. Бу эса ўз навбатида “Совуқ уруш” даврида Туркияни Ғарб тарафида эканлигини англатар эди. 1947 йилда АҚШ ҳукумати “Трумен доктринаси”га мувофиқ ўрта масофадаги баллистик ракеталарини Туркия ҳудудига жойлаштирди. Маршалл режасига кўра, АҚШ Туркияга 2,5 миллиард доллар миқдорида қарз берди. Бу қарз Туркия иқтисодиётини гуллаб яшнаши учун замин яратди. 1952 йилда Туркия НАТОнинг тўлақонли аъзоси сифатида ҳарбий блокка қабул қилинди.

Туркиянинг ривожланиши

1950-1954 йилларда Туркия иқтисодиёти юксала бошлади. Бу даврга келиб, Туркиянинг бозор иқтисодиётига ўтиши тезлашди. Чет эл компанияларига мамлакатда нефть излаш ва қазиб чиқаришга рухсат берилди. Мендерес ҳукумати хорижий инвестицияларни рағбатлантириш тўғрисида қонун қабул қилади. Ташқи кредитлар асосан қишлоқ хўжалигини оёққа турғазиш учун сарфланди. 1954 йилда Туркия ялпи миллий маҳсулоти йилига ўртача 9 фоизга ўсди.

1954 йилги сайловда Туркия Демократик партияси ғалаба қозонди. Мендерес Бош вазир лавозимида қолди.

1958 йилги инқироз

1958 йилдан бошлаб, Мендерес ҳукумати ташқи олинган қарзларни қайтаришда қийинчиликларга дуч кела бошлади. Айни ўша йили мамлакат тарихидаги энг юқори девальвация (миллий пул бирлигини халқаро чет эл валютасига нисбатан пасайтирилиши) кузатилди. Бир доллар, икки лирадан, тўққиз лирага кўтарилди. 1958 йилда Туркия 600 миллион долларлик ташқи қарзини тўлай олмаслигини эълон қилди. Мендерес ташқи кучларга боғлиқ эканлиги учун кўп танқидга учради. Кўплаб завод фабрикалар ёпилди. Шундай шароитда Туркияда инқилоб учун қулай муҳит юзага кела бошлади.

Ҳарбий инқилоб

1960 йил 25 май куни генерал Камал Гурсел бошчилигидаги ҳарбий тўнтариш натижасида Бош вазир Мендерес ҳокимиятдан ағдарилди ва у билан биргаликда 453 нафар турли даражадаги амалдорлар ҳам ҳибсга олинди. 1960 йилнинг октябрь ойида Аднан Мендерес ва қўлга олинган 453 шахсга нисбатдан суд жараёни бошланади.

Тўққиз ой давом этган ҳарбий суд 14 кишини олий жазога, 31 кишини умрбод қамоқ жазосига, 418 маҳбусни 6 ойдан 20 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилди. Мендерес Туркия Жиноят кодексининг деярли барча бандлари билан айбланган. Ўша вақтда, Покистон Президенти Муҳаммад Аюб Хон, Эрон шоҳи Муҳаммад Ризо Паҳлавий, АҚШ Президенти Жон Кеннеди, Франция Президенти Шарл де Голл, Буюк Британия қироличаси Елизавета II, Германия канцлери Конрад Аденауэр Туркия ҳукуматига суд ҳукмини бекор қилиш учун мактублар ёзишган. Лекин, бу мурожаатларга қарамай Туркия ҳарбий суди 1961 йилнинг 17 сентябрида Мендересни ўлим жазосига ҳукм қилади. Аднан Мендерес суд ҳукми билан Имраль оролида тушдан сўнг, соат 13:21 да осиб ўлдирилади.

Сардор Али Нурматов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 1518
Рейтинг: 3
t
×