Туркияга кетаётган ўзбекистонликлар учун муҳим тавсиялар берилди

Жамият 6479
image

Туркияда бўлиб турган ёки у ерга кетаётган Ўзбекистон фуқароларига коронавирусга чалиниш эҳтимолини инобатга олиб, тиббий суғурта полисини сотиб олиш тавсия этилди. бу ҳақда Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси огоҳлантириш билан чиқди.

Қайд этилишича, жорий йилнинг сентябрь ойида “Тошкент-Истанбул-Тошкент” йўналиши бўйича мунтазам рейслар тиклангандан сўнг, фуқароларнинг турли хил мақсадларда (бизнес, даволаниш, ўқиш, туризм ва ҳ.к.) Туркияга келиши сезиларли даражада ошган.

Ўзбекистонга қайтаётганда эса 72 соатдан кўп бўлмаган муддатда топширилган ПЗР-тест таҳлили талаб этилади ва баъзи фуқароларда ушбу тестларнинг натижаси ижобий чиқаётгани аниқланмоқда.

Туркиядаги тегишли вазирлик ва ташкилотларнинг баёнотига мувофиқ “COVID-19” суғуртасига эга чет эл фуқаролари касалланиб қолганда давлат ташкилотларида бепул даволанишлари мумкин. Шунингдек, касалликни енгил ўтказаётган туристларнинг 10-14 кунлик карантин муддатини меҳмонхона махсус хонасида ўтказишлари ва бунинг учун кетган харажатлар ҳам суғурта ҳисобидан қопланиши белгиланган.

Шу билан бирга, коронавирус ташувчилари билан бевосита мулоқотда бўлган фуқароларимизнинг ҳам меҳмонхоналарда мажбурий карантинда қолишлари мажбурий бўлган ҳолатлар кузатилмоқда. Аммо бу вазиятда фуқаро бевосита “COVID -19” билан касалланмагани сабабли суғурта полислари меҳмонхонада қолиш харажатларини қоплашни назарда тутмаган.

Шу муносабат билан Туркияга турли мақсадларда келишни режалаштираётган фуқароларга қуйидагилар тавсия қилинди:

•    “COVID -19” билан эҳтимолий касалланиш хавфини инобатга олиб, тиббий суғурта полисини сотиб олиш;

•    суғурта шартномасига “ПЗР тестининг натижаси салбий бўлишига қарамай, суғурталанувчи “COVID -19” ташувчиси билан мулоқотда бўлганлик сабабли мажбурий карантинда қолишига тўғри келса, тегишли харажатларни қоплаш” тўғрисидаги бандни киритиш;

•    суғурта агентлигидан коронавирус инфекциясини юқтириш ҳолатида амалга ошириладиган зарур ҳаракатлар алгоритмини билиб олиш.

Бундан ташқари, “COVID -19” билан касалланишнинг олдини олиш мақсадида, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари томонидан карантин чоралари кучайтирилгани муносабати билан вирусга қарши гигиена қоидалари ва ижтимоий масофага қатъий амал қилиш сўралган.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 122
Рейтинг: 3
t
×