Украина ҳам сафарбарлик эълон қиладими?

Олам 10599
image

Украина Россия Федерациясидаги қисман сафарбарликка жавобан аналогик чораларга эҳтиёж сезмаяпти. Бу ҳақда Украина Президентининг Олий Рададаги вакили Федор Вениславский брифингда маълум қилди, деб хабар берди УНИАН.

Унинг таъкидлашича, Украина Қуролли Кучлари ҳамда бошқа хавфсизлик ва мудофаа соҳаси органларининг шахсий таркиби сони Олий Бош қўмондон Владимир Зеленский ва Қуролли Кучлар Бош қўмондони Валерий Залужний томонидан қўйилган вазифаларни муваффақиятли бажариш учун мутлақо етарли.

“Украина-Россия фронтида сценарийнинг салбий ривожланишини тахмин қилиш учун мен ҳеч қандай хавф-хатарни кўрмаяпман”, дейди Вениславский.

Унинг эслатишича, 24 февраль куни Украинада тўлиқ сафарбарлик эълон қилинган ва 700 мингга яқин одам армияга олинган. Улар ҳозирда Украина Қуролли Кучлари ва бошқа ҳарбий тузилмалар таркибида вазифаларни бажаряпти.

“Бугунги кунда бу рақам ҳар қандай таҳдидларга, жумладан, Украина ҳудудидаги Россия Федерацияси қуролли кучлари сонининг кўпайишини ҳисобга олган ҳолда, адекват жавоб бериш учун мутлақо етарли. Шунинг учун биз ҳозир ўз томонимиздан ҳеч қандай аналогик ва симметрик ҳаракатларга эҳтиёж сезмаяпмиз”, дея таъкидлади Вениславский.

Шунингдек, у Россия Федерациясида қисман сафарбарлик дарҳол ҳеч қандай натижага олиб келмаслигини қўшимча қилди. Хусусан, унинг сўзларига кўра, сафарбарлик жараёни анча узоқ – бир неча ҳафта давом этади.

Эслатиб ўтамиз, 21 сентябрь куни Президент Владимир Путин Россияда қисман сафарбарлик тўғрисидаги фармонни имзолади, унга кўра биринчи босқичда 300 минг Россия фуқароси фронтга юборилади. Сафарбарлик ҳақидаги қарордан кейин Россия бўйлаб норозилик намойишлари авж олди. Ҳозиргача 1000 дан ортиқ одам ҳибсга олинган.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. 

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 29
Рейтинг: 3
t
×