Украина ва Грузия НАТОга аъзо бўлади. Бош котиб Россиянинг аралашишга ҳаққи йўқлигини айтди 

Олам 7211
image

Шимолий Атлантика шартномаси ташкилоти (НАТО) Украина ва Грузияни иттифоққа киритишга қарор қилди. Бироқ уларнинг кириш санаси ҳали белгиланмаган. Бу ҳақда НАТО бош котиби Йенс Столтенберг маълум қилган.  

“Украина аъзолик учун ариза топширган ва биз унинг ислоҳотларини қўллаб-қувватлаб, Қуролли кучларни ўз стандартларимизга мувофиқ модернизация қилишга ёрдам бериб, бу борада ишлашга қарор қилдик. 2008 йилда биз Украина ва Грузия НАТО аъзоси бзлишига қарор қилдик, бироқ аниқ қачонлигини аниқламадик”, деган Столтенберг. 

У НАТОга аъзо бўлиш ёки бўлмасликни фақат Украина ҳал қилиши кераклигини таъкидлаб, Россия Федерациясининг бу масалага аралашишга ҳаққи йўқлигини таъкидлаган. 

“Украинага ёрдам — ҳозирда ислоҳотлар кун тартибида. Такрор айтаман: гап Россия агрессиясида. Улар Украинанинг бир қисмини — Қримни ишғол қилди, сепаратистлар кўмагида Донбассни назорат қилди, энди эса бизни миллий суверенитетни бузадиган қонуний мажбурий шартномани қабул қилишга мажбурламоқчи”, деган Столтенберг. 

Кеча, 13 январь куни Венада Россия ва НАТО давлатлари ўртасида ўтказилган музокараларда Европада хавфсизликни таъминлаш ва Москванинг Украина чегарасида қўшин тўплагани кун мавзуси сифатида муҳокама қилинди. Натижада Россиянинг АҚШ ва НАТО билан ўтказган сўнгги музокаралари ҳам мувафаққиятсиз якунланди. 
Ғарб вакиллари Москванинг Украина чегарасидаги хатти-ҳаракатлари ортидан Европа хавфсизлигига таҳдид туғилишидан хавотирда эканини маълум қилган. Россия Украинага ҳужум қиладиган бўлса, уни жиддий оқибатлар кутиб тургани ҳақида огоҳлантирилган. Москва Украинага нисбатан эҳтимолий ҳужумлар ҳақидаги фикрларни инкор қилган ва НАТОни минтақада вазиятни издан чиқарганликда айбламоқда.  

Сўнгги пайтларда Ғарб мамлакатларида, шунингдек, Киевда Россиянинг Украинага бостириб кириши мумкинлиги ҳақида даъволар илгари сурилмоқда. Россия Президентининг Матбуот котиби Дмитрий Песков бундай маълумотни бўш ва асоссиз кескинликнинг кучайиши деб атади. Унинг таъкидлашича, Россия ҳеч кимга таҳдид солмайди. Шу билан бирга, у бундай баёнотларни оқлаш учун провокациялар бўлиши мумкинлигини истисно этмаган ва Украина жануби-шарқидаги инқирозни куч билан ҳал қилишга уринишлар энг оғир оқибатларга олиб келишидан огоҳлантирган.

Рушана Султонова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 272
Рейтинг: 3
t
×