Урушдан силласи қуриган Украинани тиклаш учун қанча маблағ кетиши айтилди

Олам 10386
image

Украинани урушдан кейин қайта тиклаш учун тахминан 1,1 триллион доллар керак бўлади. Бу ҳақда Европа Инвестиция банки раҳбари Вернер Хойер Франкфуртда бўлиб ўтган брифингда маълум қилди, дея хабар берди “Bloomberg”.

“Мен 1 триллион еврога чамалаяпман. Жамоат жойларидаги вайронагарчилик даражасига қараганимда, мен мутлақо нореал деб ҳисоблайдиган рақамларни кўрдим”, деган Вернер Хойер.

Унга кўра, Украинани қайта тиклаш учун Европа асосий ролни ўйнаши керак. Ҳозирда Европа Инвестиция банки Украинани тиклашнинг ушбу миқдори бўйича мажбуриятларни қайта тақсимлашни режалаштирмоқда. Иш шу ҳафтада бошланиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, март ойида Украина Бош вазири Денис Шмигаль Украинада тажовузкор ҳаракатлар оқибатида вайрон бўлган инфратузилмани тиклаш учун 500 миллиард АҚШ долларидан ортиқ маблағ кераклигини айтган эди. Айни вақтда бир қатор Ғарб давлатлари Украинага қурол-яроғ етказиб беришдан ташқари, молиявий ёрдам ҳам кўрсатмоқда.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 36
Рейтинг: 3.2
t
×