Ўшанда прокурор билан “сан-ман”га бордик – Мирзиёев Самарқандда ҳокимлик қилганини эслаб

Жамият 38711
image
-

Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилоятида ҳокимлик қилганида қаровсиз меҳрибонлик уйини прокуратуранинг чиройли биносига кўчирган. Шундан сўнг, у республиканинг собиқ прокурори билан “сан-ман”га борган. Бу ҳақда Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан кўрсатилган номзод Шавкат Мирзиёев самарқандлик сайловчилар билан учрашувда сўзлаб берди.

“Самарқанддаги меҳрибонлик уйларини мендан яхши биладиган одам йўқ. Биринчи марта келганимда у жойларга кириб бўлмасди. Бир туман прокуратураси чиройли бинода ўтирган эди. Қаровсиз меҳрибонлик уйини ўша бинога кўчиртирдим. Ўшанда биринчи марта республиканинг собиқ прокурори билан “борди-келди” гап бўлди, “сан-ман”га бордик. “Мен шу вилоятда ҳокимман, ўзим учун қилмадим, болалар учун, халқ учун қилдим” дегандим. 

Шунингдек, Мирзиёев Самарқанд вилоятида ҳокимлик қилган йилларида ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш учун маблағ етишмаслигини эсга олган.

“Вилоятда ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш учун маблағ етишмасди.  Фақат марказдан пул ажратилса, ҳоким бир ишни бошлаши мумкин эди. Ана шу аччиқ тажрибамиздан келиб чиқиб, мана, ҳозир ҳудудларимизга молиявий масалаларда кенг эркинлик беряпмиз”, дейди Мирзиёев.

У, шунингдек, вилоятда қурилиш ва таъмирлаш ишлари қийинчилик билан амалга оширилганини ёдга олган. 

“Ўша йиллари Пахтачи туманидаги 24-мактаб, Қўшработ туманидаги яна бир эски мактаб ва Оқдарёдаги туғруқхонани қандай қийинчилик билан таъмирлаганимиз ҳали-ҳали эсимдан чиқмайди. Ана шу ишлар учун 50 фоиз маблағ вилоят бюджетидан ажратилган, қолгани эса ҳашар йўли билан бажарилган эди. Вилоятдаги кўплаб бунёдкорлик ишлари шу тарзда олиб борилди. Маҳдуми Аъзам, Хожа Дониёр, Ҳазрати Довуд зиёратгоҳлари бунга мисол бўла олади.

Албатта, ўша оғир йилларда биз билан елкама-елка туриб ишлаган инсонларнинг баъзилари, афсуски, бугун орамизда йўқ. Иложимиз қанча, ҳаёт қонуни шундай экан”, дейди Мирзиёев.

Учрашувда Мирзиёев уруш йилларида 13 фарзандни боқиб олган каттақўрғонлик Санобар ая ва Ҳамид Самадовлар, 10 болани асраб олган Фотима Каримоваларнинг матонатини ёдга олди.

Маълумот ўрнида, жорий йилнинг 20 сентябридан номзодларнинг сайловолди ташвиқоти бошланди. Шавкат Мирзиёев шу вақтга қадар Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида сайловчилар билан учрашди.

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 1633
Рейтинг: 3
t
×