Ўзбекистон қайси ҳолатда кучайтирилган карантинга қайтиши айтилди

Интервью 55090

Ўзбекистонда эпидемилогик ҳолат издан чиқса, карантин талаблари кучайтирилиши мумкинми? Бу гал карантинни кучайтиришни ким ҳал қилади? Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссияси қайси ҳолатда карантинни кучайтириш ҳақида қарор қабул қилиши мумкин? Ушбу саволлар билан QALAMPIR.UZ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик назорати давлат инспекцияси бошлиғи Нурмат Отабековга микрофон тутди. Амалдорнинг фикрича, карантин ва шунга ўхшаш чораларнинг қабул қилинишига одамлар орасида тарқалаётган гап-сўзлар ҳам сабаб бўлиб қолиши мумкин. 

“Келинг, шу сафар карантин тадбирларини кучайтириш ҳақидаги фикрни беришни мутахассисларга, қарор қабул қилишни эса Республика махсус комиссиясига қўйиб берайлик. Негаки, одамлар гап-сўзлар билан баъзан у ёки бу ҳолатларни яқинлаштириб юборяпти”, дейди Отабеков. 

Маълумки, жорий йилнинг 10 июль куни Ўзбекистонда кучайтитирилган карантин чекловлари эълон қилинди ва у 15 августгача давом этди. Бу билан Ўзбекистон пандемиянинг ўтган 4 ойлик даврида кучайтирилган карантин чекловларини жорий қилган иккинчи мамлакат бўлди. Худди шундай чоралар бундан аввал қўшни Қозоғистонда ҳам қўлланилган эди. Нурмат Отабеков сўзида давом этаркан, карантин чекловларидан мақсад нима бўлишига ҳам эътибор қаратди. 

“Бизнинг асосий мақсадимиз карантин ва чеклов тадбирларини кучайтириш эмас. Халқимизни сергакликка, хушёрликка, масъулиятини оширишга чақириш орқали карантин ва чеклов тадбирлари юмшатилган даврда, айнан шу касаллик авж олган пайтда яшаш ва ишлашга ўргатиш – бу бизнинг асосий мақсадимиз”, дейди Нурмат Отабеков. 

Айни кунларда Ўзбекистонда коронавирусга чалиниш билан боғлиқ ҳолатларнинг яна ортиши мамлакатда кучайтирилган карантин чоралари қўлланилиши билан боғлиқ гап-сўзларни келтириб чиқармоқда. Жумладан одамлар орасида “октябрдан яна кучайтарилган карантин жорий этилармиш” деган гаплар тарқалган. Хўш, Ўзбекистон учинчи бор кучайтирилган карантинга қайси ҳолатда қайтиши мумкин? Бу саволга жавобан Нурмат Отабеков шундай дейди: 

“Бу ҳақда ҳозирча ҳеч қандай гап йўқ. Агар биз ҳақиқатан ҳам вазиятнинг жиловини қўлдан чиқарсак ва вазиятнинг мураккаблашишига сабабчи бўлсак, Республика махсус комиссияси бу қарорни қабул қилишга мажбур бўлади. Ҳозиргача карантинни қайси санадан ва қандай тарзда, қайси ҳудудларда кучайтириш ҳақида бирор фикр пайдо бўлганини эшитмадим”. 

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда сўнгги бор кучайтирилган карантин чекловлари 10 июлдан 15 августгача давом этди. Республика махсус комиссиясининг қарори билан бирин-кетин ўрнатилган чекловлар олиб ташланди. Айни вақтда ниқоб тақиш, қўлларни ювиш ва дезинфекция воситаларидан фойдаланиш, ижтимоий масофа сақлаш, кўпчилик бўлиб тўпланмаслик, 30 кишидан ортиқ оилавий тадбирлар ўтказмаслик асосий карантин қоидаси бўлиб қолмоқда.

Аҳрорбек Хайруллаев

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 1357
Рейтинг: 4
t
×