Ўзбекистон ва Россия ўртасида мунтазам авиақатновлар қачон тикланиши мумкинлиги айтилди

Олам 43065
image

Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги авиақатновларни март-апрель ойларида тикланиши мумкин. Бу ҳақда Транспорт вазирининг ўринбосари Жасурбек Чориев журналистлар билан учрашувда маълум қилди.

Таъкидланишича, Ўзбекистон Россия авиақатновларини тиклаш бўйича ваколатли органи – махсус комиссияга мунтазам парвозларни тиклаш бўйича мурожаатнома хатини юборган.

Транспорт вазири ўринбосарининг сўзларига кўра, Россия тажрибаси ва ҳукумати талаб қиладиган зарур стандартлар, хусусан, аҳолининг касалланиш даражаси ўрганилган.

Чориевнинг айтишича, Ўзбекистон Россия комиссияси томонидан белгиланган мезонларга жавоб беради ва Республикада ушбу масалани ижобий ҳал қилиш учун барча асослар мавжуд.

“Мен шошилмайман, лекин март-апрель ойларида ижобий натижа бўлади деб ўйлайман. Ҳозирча биз мамлакатдаги эпидемиологик вазият тўғрисида тўлиқ маълумот берган бўлсак-да, жавоб ололмадик”, дейди вазир ўринбосари.

Москвада бўлиб ўтган Ўзбекистон ва Россия Ташқи ишлар вазирлари ўртасидаги учрашув чоғида ҳам икки мамлакат ўртасидаги доимий авиаалоқани тиклаш масаласи кўриб чиқилган.

“Умид қиламизки, тез орада вазият аввалги барқарор ҳолатига қайтади”, дея таъкидлаган эди Сергей Лавров.

Абдулазиз Комилов, ўз навбатида, Москвага келган Ўзбекистон делегацияси ҳозирда барча муаммолар устида иш олиб бораётганини қўшимча қилган.

“Энг асосийси, биз Россиядаги фуқароларимизнинг алоқа ва меҳнат фаолиятини тиклашдан ўзаро манфаатдормиз. Энди биз ушбу муаммоларнинг барчасини биргаликда ҳал қилишга ҳаракат қилмоқдамиз”, дейди Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов.

Эслатиб ўтамиз, бир ҳафта олдин Тошкент Дели билан, 11 февралдан эса Германия билан авиақатновларни тиклаган эди.

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 2620
Рейтинг: 3
t
×