Ўзбекистонда буюм бозорлари фаолиятига рухсат берилади

Жамият 12217
image

Ўзбекистонда буюм бозорлари фаолиятига рухсат берилиши кутилмоқда. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилишида маълум қилинган. 

“Одамлар менга буюм бозорларини очиш бўйича жуда кўп хатлар ёзяпти. Шунинг учун ҳамма чораларни кўриб, буюм бозорларига ҳам рухсатни беришни бошлаймиз”, дейди Президент. 

Йиғилишда таъкидланишича, буюм бозорларининг очилишига Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардия бош бўлади. Улар алоҳида режа асосида мутасадди раҳбарлар билан биргаликда буюм бозорларида карантинни енгиллаштириш чораларини кўриб чиқади.  

“Биз, албатта, карантинга жуда катта эътибор қаратамиз. Бугундан бошлаб карантин нормаларига қаттиқроқ эътибор берамиз. Огоҳ бўлиб, тартиб-интизомга қаттиқ қараш керак. Шу шароитда ишлашга, яшашга ўрганишимиз керак. Бошқа йўлимиз йўқ, иш услубимиз шундай бўлиши керак: 50 фоиз карантин, 50 иқтисодиёт”, дейди Мирзиёев. 

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонга коронавирус инфекциясини кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссиясининг қарори билан Ўзбекистонда амалдаги карантин талаблари 2020 йил 15 июнга қадар узайтирилди. Қарорга кўра, барча ҳудудларда уларнинг тоифасидан қатъи назар буюм бозорлари фаолиятига рухсат бермаслик бўйича тақиқ ўз кучида қолган эди.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 439
Рейтинг: 3
t
×