Ўзбекистонда собиқ ҳофиз президентликка номзод бўлмоқчи

Жамият 105859
image

Собиқ хонанда Жаҳонгир Отажонов ижтимоий тармоқларга навбатдаги видеомурожаатини жойлаштирди. Унда Отажонов жорий йил Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган президентлик сайловларига ўз номзодини қўйишини маълум қилган.

У мурожаат аввалида оммавий ахборот воситаларидан 2021 йил март ойидан бошлаб, Ўзбекистонда президентлик сайловларига тайёргарлик бошланишидан хабар топганини айтди. Отажонов Президент бўлиш нияти жиддий эканини билдириб, бу мазмундаги гаплар ҳазил эмаслигини таъкидлаган.

“Очиқдан очиқ айтаман, мени ҳам Президент бўлиш ниятим бор ва албатта, [Президент] бўламан, деб умид қиламан”, дейди Отажонов.

Собиқ хонанда Президент бўлишдан мақсади ҳақида гапирар экан, Ўзбекистонни ривожлантиришни ният қилганини айтди. 

“Мен ҳам Президент бўламан ва Ўзбекистонни ривожлантираман. Халқнинг гуллаб-яшнаб яшашига эришаман. Албатта, мен бу гапим билан ҳозирги кундаги давлат раҳбарига ҳеч қандай “претензия” қилаётганим йўқ ва бунга ҳаққим ҳам йўқ. Улар ҳам қўлдан келганча ҳаракат қиляпти. Омад тилайман”, дейди у.

Жаҳонгир Отажонов ҳозирда оиласи билан чет элда, дам олишда эканини айтиб, яқин орада Тошкентга қайтишини таъкидлади. У президентлик сайловларида қатнашиш учун нима керак бўлса, барчасини қилмоқчи. У ҳатто, сиёсий партия тузишга ҳам тайёр.

Шунингдек, Отажонов ўзбек халқидан ўзига омад тилашларини таъкидлаб, “ақлли ва салоҳиятли тарафдорлари”дан ҳаракатни бошлаш кераклигини сўраган. Мурожаат сўнгида Жаҳонгир Отажонов яна бир бор Ўзбекистоннинг ҳозирги раҳбариятига омад тилаб, уларнинг “ортларидан келаётганини” маълум қилган.

Умиджон Нозимжонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 7421
Рейтинг: 3
t
×