Ўзбекистонда янги минтақавий авиакомпания ташкил этилади

Жамият 5502
image

Ўзбекистонда Silk Avia янги минтақавий авиакомпанияси ташкил этилади. Янги авиакомпания мамлакат ҳудудлари ўртасида темир йўл тарифлари билан таққосланадиган нархларда парвозларни амалга оширади. Бу ҳақда "Uzbekistan Airports" Матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Silk Avia авиакомпанияси жорий йилнинг сентябрь ойида рўйхатдан ўтган. 14-18 ноябрь кунлари Дубай шаҳрида бўлиб ўтган Dubai Airshow-2021 халқаро ҳаво кўргазмаси доирасида "Uzbekistan Airports" ва "HAS Aviation GT LLC" МЧЖ ўртасида минтақавий авиакўргазмалар стратегиясини ишлаб чиқиш бўйича келишув имзоланган. Янги авиакомпания келаси йилдан парвозларни бошлашни режалаштирмоқда.

“Биз бозорда ўзбекистонликлар учун ҳамёнбоп нархларда ички ҳаво қатновларини таъминлайдиган авиакомпания яратишни мақсад қилганмиз. Яқин-яқингача Ўзбекистон шаҳарларини боғловчи тўғридан-тўғри рейсларнинг йўқлиги катта муаммо эди. Самарқанддан Хоразмга бориш учун йўловчилар Тошкент орқали учишлари керак эди. Бизнинг вазифамиз ички ташишни нафақат пойтахтдан ҳудудларга тамойили бўйича, балки ҳудудлар ўртасидаги модель бўйича ҳам ташкил этишдир. Режаларда 40 тагача маршрут ишлаб чиқиш ва йўловчилар сиғими 70 кишигача бўлган ҳудудий ҳаво кемаларини харид қилиш кўзда тутилган. Тарифлар темир йўл тарифлари билан таққосланади. Бу ички туризм ривожига ҳамда истеъмолчи учун авиачипталарнинг якуний нархига ижобий таъсир кўрсатади”,  дея таъкидлаган "Uzbekistan Airports" бошқаруви раиси Раъно Жўраева.

Маълум бўлишича, минтақавий авиакомпаниянинг ташкил этилиши Ўзбекистонда ишбилармонлик фаоллигини рағбатлантириш ва ички туризмни ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратишда муҳим аҳамиятга эга.

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 159
Рейтинг: 3.1
t
×