ЎзСҚБнинг яшил молиялаштириш йўналишидаги фаолияти иккинчи маротаба эътироф этилди

Бизнес 2715
image

Жорий йилнинг 10-12 май кунлари Марокашда Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) Бошқарувчилари Кенгашининг 2022 йилга мўлжалланган анънавий йиллик йиғилиши бўлиб ўтди. Унинг доирасида ЕТТБ аъзо-мамлакатларининг ишбилармон доиралари учун халқаро бизнес-форум ташкил этилди.

Йиғилиш “Жорий нотинч дунёда таҳдидларга жавоб чоралари” мавзусига бағишланиб, ЕТТБга аъзо-мамлакатлар вакилларига иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватлаш, иқлим ўзгаришларига қарши курашиш, ЕТТБ инвестиция киритаётган минтақаларда бизнес муҳитни яхшилаш каби глобал масалаларни муҳокама қилиш учун қулай имконият туғдирди.

Тадбир давомида ЕТТБнинг ўтган йилдаги энг яхши ҳамкор банкларини тақдирлаш маросими ҳам бўлиб ўтди. Унда Ўзсаноатқурилишбанк иккинчи маротаба “Яшил молиялаштириш йўналишидаги энг яхши лойиҳа” (Deal of the Year – Green Trade) номинацияси бўйича тақдирланди.

Ушбу мукофот давлатимиз раҳбари томонидан тасдиқланган 2019-2030 йилларда Ўзбекистон Республикасининг яшил иқтисодиётга ўтиш стратегиясига мувофиқ яшил инвестицияларни жалб қилишга банк тизими вакилларини қизиқтириш бўйича амалга оширилаётган ишларнинг халқаро молия ҳамжамияти томонидан эътироф этилиши ҳисобланади.

Мазкур стратегияда белгиланган устувор вазифаларга тўлиқ мувофиқ иш юритиш мақсадида муассаса томонидан Халқаро молия корпорацияси (ХМК) билан ҳамкорликда олиб борилган трансформация жараёнида Марказий Осиё минтақасида яшил молиялашни ривожлантириш имкониятига эга илк Банк сифатида ташаббус олға сурилди.

Хусусан, банк тизимида “Green banking” департаменти фаолияти йўлга қўйилди. ХМК экспертлари билан ҳамкорликда “Экологик ва ижтимоий хавфларни бошқариш тизимини ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар режаси” ишлаб чиқилиб, уни амалга ошириш механизми тасдиқланди.

Шу билан бир қаторда, ХМК мутахассислари билан “яшил бозор” тадқиқ қилинди. Ўрганишлар асносида корпоратив ва улгуржи, кичик ва ўрта бизнес тоифасидаги мижозлар учун яшил молиявий маҳсулотлар ишлаб чиқилди.

Экспертлар тавсияларига кўра, Банк яшил лойиҳаларни баҳолаш учун CAFI дастуридан фойдалана бошлади. Умумий ҳисобда дастур ёрдамида 121 та лойиҳа молиялаштирилди.

Бундан ташқари, Ўзсаноатқурилишбанк Жаҳон банки, ЕТТБ ҳамда Европа инвестиция банки билан қайта тикланувчи энергия манбалари бўйича энергия самарадорлигига оид дастур ҳамда лойиҳалар доирасида ҳам яқиндан ҳамкорлик қилиб келади.

Ушбу йўналишда ЕТТБ Банкка Марказий Осиёдаги илк “Яшил банк”ни таъсис этиш борасида кўмаклашиб келмоқда. 2021 йилда “GEFF – Green Economy Financing Facility” дастури доирасида 25 млн. доллар ҳажмидаги кредит линияси ажратилди.

Умуман, Ўзсаноатқурилишбанк томонидан яшил иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш, яшил лойиҳаларни молиялаштириш борасида амалга оширилаётган фаол ишлар нафақат ҳукуматимиз, балки жаҳон ҳамжамияти томонидан алоҳида эътироф этилмоқда.

Ўтган йилда “Астана” молия марказининг Яшил молия маркази томонидан ҳар йили анънавий тарзда ўтказиладиган “Green Finance Awards” мукофоти совриндорларини аниқлаш маросимида Банк “2021 йилнинг энг яхши яшил инвестициявий банки” номинацияси бўйича рағбатлантирилгани  бунга мисол бўла олади.

Банк Ахборот хизмати

Реклама ҳуқуқи асосида

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 7
Рейтинг: 3.4
t
×