Ўзсаноатқурилишбанкда трансформация жараёнлари учинчи босқичга ўтди

Реклама 2756
image

30 март куни Ўзбекистон Миллий матбуот марказида “Ўзсаноатқурилишбанк тизимида трансформация жараёнлари: натижалар ва яқин истиқболдаги режалар” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Тадбирда банк раҳбарияти, тегишли таркибий бўлинмалар масъуллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

    Президентимизнинг 2020 йил 12 майдаги “2020-2025 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасининг банк тизимини ислоҳ қилиш стратегияси тўғрисида”ги фармони банк секторидаги қатор масалалар ечимида муҳим қадам бўлди. Соҳада давлат аралашуви сезиларли даражада камайди, давлат иштирокидаги банкларда менежмент ва таваккалчиликларни бошқариш сифатини оширишга қаратилган жиддий чоралар кўрилди, иқтисодиётда молиявий воситачилик даражаси юксалди. Шунингдек, банк хизматлари оммабоплиги оширилмоқда, банкларнинг ҳудудларга кириб бориши кенгайтирилиб, барча аҳоли пунктларида бир хил турдаги хизмат кўрсатилишига эришилмоқда.

Матбуот анжуманида банк бошқарув раиси ўринбосари Зафар Азимов шулар хусусида сўз юритиб, Ўзсаноатқурилишбанк тизимида амалга оширилаётган ушбу йўналишдаги ўзгаришлар муассасанинг янги бизнес моделига асосланган трансформация ишларида акс этаётганини таъкидлади.

"Давлатимиз раҳбарининг юқоридаги фармонида илғор банк бизнесини йўлга қўйиш учун халқаро талабларга мос бўлган корпоратив бошқарув ва риск менежмент тизимини яратиш лозимлиги алоҳида белгилаб берилган. Банкимиз томонидан Халқаро молия корпорацияси ҳамда Европа тикланиш  ва тараққиёт банки маслаҳатчилари кўмагида олиб борилаётган трансформация жараёнида, аввало ушбу вазифалар ижросига эътибор қаратилди. Жумладан, жаҳон банк ҳамжамияти стандартларига мос корпоратив бошқарув ташкил этилди, риск менежмент тизими такомиллаштирилди. Бунинг учун Бош банкда Корпоратив бошқарув хизмати ҳамда корпоратив маслаҳатчи лавозими жорий қилинди. Кенгаш таркибига 4 нафар халқаро тажрибага эга мустақил аъзо қўшилди. Кенгаш ҳузурида 5 та янги қўмита (Стратегия, Тайинлаш ва рағбатлантириш, Йирик ва манфаатли битимлар, Таваккалчиликларни назорат қилиш, Аудит қўмиталари) ташкил қилинди. Мижозларга йўналтирилган Банкнинг янги ташкилий тузилмаси жорий қилинди. Халқаро тажриба асосида ташкилий тузилмалар 5 та, жумладан, Корпоратив, кичик ва ўрта бизнес, чакана бизнес, Кредит, Операцион, Риск, Молия блокларига ажратилди. Риск блоки раҳбарлигига АҚШдаги йирик банкларда фаолият юритган юқори малакали мутахассис, ватандошимиз А.Ҳамидов таклиф қилинди", дейди Зафар Азимов.

    Шунингдек, Банкда биринчи марта Лойиҳа бошқаруви фаолияти йўлга қўйилди. Ҳар бир бизнес йўналишларида мижозбай хизмат кўрсатувчи универсал ходимлар тайёрланди.

Молиявий режалаштириш ишларини автоматлаштириш йўналишида Германиянинг SAP компанияси дастури асосида молиявий прогнозлаштириш тизими, CERT халқаро стандартлаштириш ташкилоти билан ҳамкорликда “антикоррупция” тизими ишга туширилди.

Чакана банк бизнесида амалга оширилаётган трансформация ишларида Банк хизматларини халққа илғор технологиялар асосида оддий ва қулай тарзда етказишга устувор аҳамият берилди.

Хусусан, банк хизматларини мижозларга яқинлаштириш мақсадида банк хизматлари офислари 42 тага, ўз-ўзига хизмат кўрсатиш марказлари (24/7) 89 тага етказилди.

Рақамли банк хизматларини кўрсатиш йўлида аҳоли учун мутлақо янги 58 та хизмат турини ўз ичига олган “Joyda” мобил иловаси ишга туширилди. Илова билан биргаликда хизмат ва товарларни истеъмол кредити ҳисобига масофадан сотиб олиш имконини берувчи электрон савдо майдончаси (маркетплейс) ташкил этилди.

Visa карталари учун 3D Secure ҳимоя тизими ишга туширилди.

Чакана бизнес йўналишида ишлаётган барча ходимларни KPI тизими асосида рағбатлантириш йўлга қўйилди.

Мижозларни тезкор кредитлаш мақсадида тадбиркорлар учун 26 турдаги, йирик корхоналарга 8 турдаги ва аҳоли учун 22 турдаги модулли кредитлар жорий қилинди. 

Тадбиркорлар ва аҳолини кредитлашда инсон омили иштирок этмайдиган янги скоринг тизимига асосланган Underwriting йўлга қўйилди. Бу билан аввалги 5 поғонали кредитлаш тизими 2 поғоналига туширилди.

Ўзбекистонда биринчи бўлиб яшил лойиҳаларни молиялаштириш механизми ишга туширилди. 

Банкни тўлиқ автоматлаштириш учун салоҳиятли IT мутахассислар тайёрлаш мақсадда Тошкентдаги Инха университетида Молиявий технологиялар маркази ташкил этилди. Натижада, 2020 йилда 32 нафар ёш дастурчи ишга олиниб, Дастурчилар гуруҳига асос солинди.

Шунингдек, Банк томонидан ходимлар малакасини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Биргина 2020 йилда 3532 нафар ходим қисқа муддатли онлайн курсларда ўқитилди. Жумладан, Европа  тикланиш ва тараққиёт банкининг онлайн платформасида 1816 нафар, банкнинг ўзида ташкил этилган “E-learning” тизимида 1339  нафар, видеовебинарларда эса 421 нафар ходим малакаси оширилди. Банкнинг Ўқув маркази томонидан 110 та мавзуда ўқув курслари ташкил этилди. 

Матбуот анжуманида журналистлар Банкнинг 2021 йилга мўлжалланган истиқболли режалари билан таништирилди.

"Жорий йилдан Банк фаолиятини трансформация қилишнинг 3-босқичи бўйича жараёнлар бошланди. Бу йилги лойиҳаларнинг ҳам ҳар бири мижозларга йўналтирилганлиги билан аҳамиятлидир. Хусусан, Банк филиллари ихчам сотув каналларига айлантирилади, мижозбай ишлаш тизими йўлга қўйилади, Бэк-офис функциялари марказлаштирилади, мижозларга республиканинг исталган ҳудудида “ягона ойна” тамойили асосида хизмат кўрсатиш имконини берувчи CRM тизими ишга туширилади ва ҳ.к", деди Банк Ахборот хизмати раҳбари Бекзод Бозоров.

Тадбир савол-жавобларга бой тарзда ўтди.

Банк Ахборот хизмати

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 17
Рейтинг: 2.9
t
×