Виждоним тоза – “хорижий агент” деб топилган Максим Галкин видео-мурожаат қилди

Маданият-санъат 21779
image

Россия Федерацияси Адлия вазирлиги томонидан “Украина молиялаштирувчи хорижий агент” деб топилган россиялик телебошловчи ва сўз устаси Максим Галкин ушбу хабарларга видеомурожаат билан жавоб берди.

Уч дақиқалик мурожаати давомида Галкин ўн йилдан буён Украинадан пул олмаслиги, қолаверса, у сиёсатчи эмас, сиёсий ҳазиллар айтувчи қизиқчи эканини эслатиб қўйган.

“Россия Федерацияси Адлия вазирлиги мени хорижий агент деб топганидан хабарингиз бўлса керак. Бунга сабаб сифатида гўё сиёсий фаолиятни амалга оширишим учун Украина томонидан менга ҳақ тўланаётгани айтилган. Мен бу борада нима деёламан?

Биринчидан, мен сиёсий фаолият билан шуғулланмайман, балки 28 йилдан буён юмористик жанрда ижод қилиб, сиёсий сатирадан фойдаланаман ва ушбу фаолиятимни давом эттираман

Иккинчидан, мен қизиқчи эмас, фуқаро ёки инсон сифатида ўз томошабинларимга мурожаат қиладиган бўлсам, мен ўз ишимни чин дилдан бажараман ва менинг виждоним тоза. Мен ўз фикр-мулоҳазаларимни сотмайман ва сотиб олмайман. Мен виждон савдоси билан шуғулланмайман.

Менга нисбатан нима учун бундай муносабат бўлаётгани, бундан нима кўзланганини билмайман. Бундан 10 йил аввал Украинада концерт берганимдан буён у давлатдан бир тийин ҳам олмаганман. Мен сиёсий фаразлар туфайли ижодимдан воз кечишни хоҳламайман. Мен аввал ҳам сиёсий ҳазиллар қилганман ва бундан кейин ҳам бу йўлда давом этаман, бу менинг касбим. Менимча, бу нормал ҳолат. Бу Россия конституциясида белгилаб қўйилган сўз эркинлиги. Адлия вазирлиги эса конституцияда белгиланган ҳуқуқларни ҳимоя қилиши зарур”, дейди у.

Максим Галкин мурожаати сўнгида ноябрь ойида Россияга қўшни бўлган Литвада концерт бериши ҳақида айтиб ўтган.

Маълумот ўрнида, кеча, 16 сентябрь куни Россия Адлия вазирлиги Максим Галкинни хорижий агент сифатида фаолият юритувчи жисмоний шахслар реестрига киритган. Ҳужжатда “Сиёсий фаолиятни амалга ошириш”да хорижий молиялаштириш манбаи сифатида Украина кўрсатилган.

Улуғбек Худойберганов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 615
Рейтинг: 3
t
×