Яқинларининг жасадини ололмаётган ўнлаб одамлар Зангиота шифохонаси олдига тўпланди (видео)

Жамият 33380

Ижтимоий  тармоқларда Зангиота юқумли касалликлар шифохонаси олдида 30-40 чоғли одам тўплангани акс этган видео тарқалди.

Видеодан маълум бўладики, одамлар шифохона олдига коронавирусдан вафот этган яқинларининг жасадини олишга келган. Аммо бу жараён ҳам муаммоларсиз бўлмади.

Айтилишича, марҳумларнинг ҳақиқатда вафот этганлигини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этганлар соатлаб кутишга тўғри келяпти. Йиғилганлардан бири эшик олдидаги шифохона ходими билан гаплашаётганда, ювувчилар сонини кўпайтириш кераклигини айтган. Бунга жавобан оқ халатдаги ходим бу уларнинг ваколатига кирмаслигини таъкидлаган.

Бундан ташқари, бундай масалалардан “юқоридан” кимгадир мурожаат қилиш кераклигини қўшимча қилган.

Эшик олдида турганлар шунингдек, вафот этганларнинг жасадини 5 кунгача ололмай қолаётганлар борлигини айтиб ўтган. Ўз навбатида шифохона ходими буни инкор қилган.

Бундай манзаралар коронавирусдан вафот этаётганларга оид расмий статистикага нисбатан асосли шубҳа туғдириши аниқ. Соғлиқни сақлаш вазирлиги сўнгги 3 кунда 10 нафар бемор коронавирусдан вафот этганини маълум қилган. Аммо бу беморлар қайси ҳудудда вафот этгани номаълум.

Ижтимоий тармоқларда Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Абдуҳаким Ҳожибоевга тегишли аудио тарқалганди. Унда амалдор Зангиотадаги махсус шифохонада, “кислород давленияси тушиб кетаётгани учун ҳар куни бир нечта одам ўлаётгани”ни айтганиданди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳозирча бу ҳолатлар юзасидан расмий муносабат билдирганича йўқ.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 1153
Рейтинг: 3
t
×