Жээнбеков қачон лавозимидан кетиши маълум қилинди

Олам 13880
image

Қирғизистон Республикаси Президенти Сооронбай Жээнбеков парламент сайловларидан сўнг истеъфога чиқмоқчи. Бу ҳақда Қирғизистон Президенти Матбуот хизмати раҳбари Толгонай Стамалиева маълум қилди. 

"Президент парламент сайловларидан кейин мамлакатни қонуний йўлга тушириб, янги президентлик сайловини эълон қилгач, истеъфога чиқади", дейди у. 

Аввалроқ, Президент Сооронбай Жээнбеков мамлакатнинг янги Бош вазири Садир Жапаров, Жўқорғу Кенеш Спикери Канат Исаевни қабул қилган эди. Президент Матбуот котибининг сўзларига кўра, учрашувда Бош вазир Жапаров Президент Жээнбековга бугун кечқурун истеъфога чиқиши талабини қўйган.

Президент Жээнбеков учрашувда жорий йилнинг 9 октябрда эълон қилган мурожаатидаги позициясига содиқ қолиши ва мамлакат қонуний йўлга ўтгандан кейин истеъфо беришини маълум қилган. 

Жорий йилнинг 9 октябрдаги мурожаати Президент Жээнбеков истеъфоси ҳақида шундай деган эди: 

“Янги парламент сайловлари белгиланиши керак. Бу масалада қарорни Марказий сайлов комиссияси қабул қилади. Бу чоралар ҳозирги сиёсий кескинликни юмшатади.

Парламентарийлар ўз мажбуриятини бажара олиши учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари депутатлар хавфсизлигини таъминлаши керак. Ижро этувчи идораларнинг қонуний раҳбарлари тасдиқлангандан кейин ва мамлакат қонуний йўлга тушиб олгач, мен Қирғизистон Республикаси Президенти лавозимидан кетишга розиман”.

Бугун, 14 октябрь куни Қирғизистон Жўқорғу Кенеши депутатлари учинчи марта Садир Жапаров номзодини мамлакат Бош вазири лавозимига тасдиқлади.

Маълумот учун, 6 октябрь куни Қирғизистон парламенти Садир Жапаров номзодини истеъфога чиққан Бош вазир Кубатбек Боронов ўрнига тасдиқлаганди. Бироқ у вақтларда бу тайинловни тасдиқловчи Президент Сооронбай Жээнбеков қаерда экани номаълум бўлиб қолганди. Кейинроқ бу лавозимга даъвогарлар ҳам кўпайди.

10 октябрь куни депутатлар Садир Жапаров номзодини яна Бош вазир лавозимига тасдиқлади. Бироқ бу сафар парламент йиғилиши керакли тартибда ўтказилмагани ва ундаги қарорлар қонуний кучга эга эмаслиги сабабли, тайинлов амалга ошмаганди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 4 октябрь куни Қирғизистонда навбатдаги парламент сайловлари бўлиб ўтди. Сайловнинг дастлабки натижасидан норози партиялар тарафдорлари Бишкекда норозилик намойишини бошлади. Кейинроқ намойиш тартибсизликка айланиб кетди. 

Намойишчилар аввало мамлакат парламенти биноси – Оқ уйни эгаллади. Бу бинода Президент Администрацияси ҳам жойлашган. 6 октябрь эрталаб Ҳукумат биноси ҳам намойишчилар қўлига ўтгани маълум бўлди.

Бундан ташқари, акция иштирокчилари Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси биносига бостириб кириб, у ерда сақланаётган собиқ Президент Алмазбек Атамбоевни озод қилди. Шунингдек, сиёсий маҳбуслардан собиқ Бош вазир Сапар Исаков ҳам қамоқдан чиқарилди. Озод қилинганлар орасида Бишкек шаҳрининг собиқ мэри Албек Ибраимов ҳам бор.

Президент Сооронбай Жээнбеков юз бераётган тартибсизликлар бўйича баёнот бериб, баъзи сиёсий кучлар давлат ҳокимиятини ноқонуний равишда эгаллаб олишга уринганини айтиб ўтди.

Намойишлар авж олган паллада Марказий сайлов комиссияси сайлов натижаларини тан олмаслик ҳақида қарор қабул қилди.

Ҳозиргача Жўқорғу Кенеш спикери Дастан Жумабеков ва мамлакат Бош вазири Кубатбек Боронов истеъфога чиқди. Кейинроқ парламентга Канат Исаев спикер этиб сайланди.

Ўзбекистон қўшни Қирғизистонда юз бераётган воқеаларга муносабат билдириб, жиддий ташвишда эканини билдирди.

Жээнбеков вазиятни изга солиш учун 9 октябрь куни Бишкекда фавқулодда ҳолат эълон қилди. Кейинроқ бу режим яна узайтирилди. Ҳарбийларнинг Бишкекка кириши натижасида намойишлар ва талончиликлар тўхтади.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 181
Рейтинг: 3
t
×