Жээнбеков Хавфсизлик кенгашига янги котиб тайинлади

Олам 6026
image

Қирғизистон Президенти Сооронбай Жээнбеков Кенешбек Дуйшебаевни мамлакат Хавфсизлик кенгаши котиби этиб тайинлади. Бу ҳақда Қирғизистон Президенти Матбуот хизмати хабар берди.

“Президент Дуйшебаевни Қирғизистон Репбликаси Хавфсизлик кенгаши котиби этиб тайинлаш тўғрисидаги фармонни имзолади”, дейилган хабарда.

Маълумот учун Хавфсизлик кенгашининг котиби Дамир Сагинбаев жорий йилнинг 10 октябрь куни лавозимидан озод қилинганди. Президент унга қўшиб, ўринбосари Омурбек Суваналиевни ишдан олган.

Президент Сооронбай Жээнбековнинг ўзи эса янги Бош вазир Садир Жапаровнинг талабига қарамай ҳозирча истеъфо бермоқчи эмас. У президентликдан кетишдан олдин амалга ошириладиган ишларни маълум қилди.

Аввалроқ, Россия қирғизистондаги сиёсй вазият ўз изига тушмагунча мамлакатга молиявий кўмак беришни тўхтатиб туриши ҳақида хабар берган эдик.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 4 октябрь куни Қирғизистонда навбатдаги парламент сайловлари бўлиб ўтди. Сайловнинг дастлабки натижасидан норози партиялар тарафдорлари Бишкекда норозилик намойишини бошлади. Кейинроқ намойиш тартибсизликка айланиб кетди. 

Намойишчилар аввало мамлакат парламенти биноси – Оқ уйни эгаллади. Бу бинода Президент Администрацияси ҳам жойлашган. 6 октябрь эрталаб Ҳукумат биноси ҳам намойишчилар қўлига ўтгани маълум бўлди.

Бундан ташқари, акция иштирокчилари Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси биносига бостириб кириб, у ерда сақланаётган собиқ Президент Алмазбек Атамбоевни озод қилди. Шунингдек, сиёсий маҳбуслардан собиқ Бош вазир Сапар Исаков ҳам қамоқдан чиқарилди. Озод қилинганлар орасида Бишкек шаҳрининг собиқ мэри Албек Ибраимов ҳам бор.

Президент Сооронбай Жээнбеков юз бераётган тартибсизликлар бўйича баёнот бериб, баъзи сиёсий кучлар давлат ҳокимиятини ноқонуний равишда эгаллаб олишга уринганини айтиб ўтди.

Намойишлар авж олган паллада Марказий сайлов комиссияси сайлов натижаларини тан олмаслик ҳақида қарор қабул қилди.

Ҳозиргача Жўқорғу Кенеш спикери Дастан Жумабеков ва мамлакат Бош вазири Кубатбек Боронов истеъфога чиқди. Кейинроқ парламентга Канат Исаев спикер этиб сайланди.

Ўзбекистон қўшни Қирғизистонда юз бераётган воқеаларга муносабат билдириб, жиддий ташвишда эканини билдирди.

Жээнбеков вазиятни изга солиш учун 9 октябрь куни Бишкекда фавқулодда ҳолат эълон қилди. Кейинроқ бу режим яна узайтирилди. Ҳарбийларнинг Бишкекка кириши натижасида намойишлар ва талончиликлар тўхтади.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 49
Рейтинг: 2.8
t
×