Жалолиддин ролини нега ўзбек актёри ижро этмади? Муҳим саволларга тўлиқ жавоблар (тақдимотдан видеорепортаж)

Маданият-санъат 29188

Аввал хабар берганимиздек, жорий йилнинг 3 октябрь куни “Tashkent city” Конгресс-холида ўзбек ва турк киноижодкорлари томонидан суратга олинаётган “Мендирман Жалолиддин” сериалининг биринчи қисми тақдимот маросими бўлиб ўтди

Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи – Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёева турмуш ўртоғи Ойбек Турсунов, Президентнинг кенжа қизи Шаҳноза Мирзиёева турмуш ўртоғи Отабек Умаров билан иштирок этди. 

Маросимда Ўзбекистон Президенти маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Озодбек Назарбеков, Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёев, Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Меҳмет Сурайя Эр ва “Orient Finans Bank”бошқарув кенгаши раиси Бобур Парпиев нутқ сўзлади.

Мазкур фильм туркиялик продюсер Меҳмет Бўздоғ бошчилигидаги “Бўздоғ фильм” киностудияси томонидан суратга олинган бўлиб, лойиҳа Саида Мирзиёева раҳбарлигида амалга оширилган. 

Фильмда бош ролларни Эмре Кивилжим, Гуленай Калкан, Саида Раметова, Тоҳир Саидов, Жавоҳир Зокиров, Раъно Шодиева, Райҳон Уласенова, Юлдуз Ражабова, Феруза Норматова, Жаҳонгир Абдумаликов, Акмал Мирзо, Алишер Узоқов, Акбархўжа Расулов ижро этган.

“Истанбулдаги ишларимиз жуда ҳам тиғиз. Сериалимизнинг суратга олинмаган яна икки қисми қолди. Айтганимдек, ишлар жуда тиғиз, аммо жуда мароқли. Пандемия сабаб суратга олиш ишлари узоқ давом этди. Касаллик боис икки ярим ой тасвирга ололмадик. Декорациялар ва костюмларни тайёрлаш ҳам анча вақт талаб этди. Улар асли билан мос бўлиши ҳам анча вақт олди. Костюм, декорация ва сценарий тарафидан натижалар жуда зўр бўлди. Кўрамиз, томошабинлар бизнинг ижромиздан мамнун бўладими ё йўқ. 

Бу Ўзбекистон ва Туркия ҳамкорлигидаги лойиҳа. Бугунгача ўзбекистонлик актёрлар билан Хоразмшоҳлар тарихини экранда намоён эта олмаган эдик. Бу тарих билан боғлиқ асарлар ҳам кўп эмас. Бу ўша даврлардаги тарих ва Хоразмнинг кўрсатилиши жиҳатидан жуда муҳим лойиҳа.

Воқеалар 1200 йилларни ўз ичига қамраб олади. Мен унда Туркон Хотун ролини ижро этмоқдаман. У турк дунёси ҳомийси сифатида кўрсатилади. У жуда муҳим аёл образи. Агар мен бу ролни Туркон Хотуннинг номига муносиб ижро этсам, бундан бахтиёр бўламан. У давлати учун хизмат қилган аёл. У Қипчоқ уруғидан ва ўз сулоласини давом эттиришга ҳаракат қилади. Шу боис унинг Жалолиддин билан қарама-қаршиликлари бор. Чунки Жалолиддин Қипчоқ уруғидан бўлмаган келин танлайди. Туркон Хотун эса буни истамайди. Буларнинг барчасига сабаб – ўз уруғи, Хоразмшоҳлар сулоласини давом эттириш. 

Раъно ва Райҳон менинг икки келиним образини яратдилар. Чингизхон ролини ижро этган ўзбекистонлик актёр билан биргаликдаги саҳналаримиз йўқ. Раъно ва Райҳоннинг ўғилларини ўйнаётган ўзбекистонлик актёрлар ҳам жуда яхши ижрочилар. Бизлар бир-биримизни тўлдириб турдик. Улар турк тилини ўргандилар. Туркчада ҳис-туйғуларини ифода эта олдилар. Афсуски, мен ўзбекчани ўргана олмадим. Лекин ўрганишни истадим. Биз шу қадар тиғиз ишлаймизки, бунга вақт қолмаяпти. Улар пандемия сабабли Туркияда қолиб кетганлари учун турк тилини қунт билан ўргана олдилар. Аммо, бизда бундай имконият йўқ эди. Биз ҳам секин-секин ўзбек тилини ўрганамиз”, дейди Туркон Хотун образи ижрочиси Гуленай Калкан.

Сериалда Жалолиддин Мангуберди образини туркиялик актёр Эмре Кивилжим яратмоқда. 32 яшар актёр бундан аввал “Турклар келяпти” номли тарихий сериалда ҳам суратга тушган. Умуман олганда, унинг тарихий сериаллар борасида етарлича тажрибаси бор. 

“8 ойга яқин вақт давомида ушбу лойиҳа учун тайёргарлик кўрдик. Ўзбекистондан тарихчи олим Бобохон Шарипов ҳам Туркияга келдилар. Улар билан ҳам ишлаш имкониятимиз бўлди. Бу орада Жалолиддин ҳақида жуда кўп китоблар ўқидик. Биласиз, тарих китобларида тўлиқ маълумот берилмайди. Бир воқеадан бошлайди ва бошқа воқеа билан тугатади. Жалолиддин ҳақида  манбалар кўп эмас, улар орасида ҳам муҳимлари жуда кам. Лекин ўқиганларингдан хулоса қила оласан. Масалан, бир ўзи қолиб кетганидан кейин яна давлат қуриши унинг дунёда ягона бўлишига олиб келади. Шулардан хулосалар қилдик. Жасорати, адолати, Ислом учун мужодаласи бўлсин дедик. Унинг ҳаётини экранда жойлантириш икки мусулмон диёр сифатида биз учун жуда муҳим. 

Бундан аввал 1450 йилларни ўзида акс эттирган “Турклар келяпти” фильми устида ишладик. Мен Жалолиддингача ҳаяжонимни бироз ўша фильмда қолдириб келгандим. Ҳаяжоним ҳозир ҳам бор. Кейинги лойиҳада ҳам ҳаяжоним бўлади. Қўрқув ва ҳаяжон бўлмаса, ишимиздан маъно қолмайди. Бу бизнинг тириклигимизни ифодаси. Бу сафар бир диёрга, бир миллатга асар тақдим этяпмиз. Бунинг жавобгарлиги жуда бошқача. Айниқса, Жалолиддин каби қаҳрамонни жонлантиришимнинг жавобгарлиги жуда оғир. 

Жалолиддин роли ижрочиси нега ўзбек эмас? Бу саволга шундай жавоб бераман. Жалолиддин турк. Бизнинг наслимиз бир, биз бир миллатмиз. Бу ер менинг отаюртим. Отаюртимдаки қаҳрамонни ролини ижро этиш менинг ҳам ҳаққим. Бу ердагиларнинг ҳам ҳаққи. Шунинг учун ҳам биз актёрлар орасида сен ё мен деган нарса йўқ. Биз бор”, дейди Эмре. 

Сериал 2021 йилнинг январь ойидан бошлаб эфирга узатилиши кутилмоқда. 

Тўлиқ видеорепортажни юқоридаги видеоплеерда ёки QALAMPIR.UZ'нинг YouTube'даги саҳифасида томоша қилишингиз мумкин

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 551
Рейтинг: 3.9
t
×